22:43 / 24.07.2022
1 814

Электр самолётлари истиқболи. Улар қачон пайдо бўлади ва кимга керак?

Электр самолётлари истиқболи. Улар қачон пайдо бўлади ва кимга керак?
Фото: Faradair
Бир вақтлар Британиянинг афсонавий Spitfire самолётлари эскадрони жойлашган аэродром яқинида митти стартап офиси ишламоқда. У электр самолётларини ҳавога кўтариб, ўз номини фуқаро авиацияси тарихига ёзиб қўймоқчи.

Faradair компанияси маҳаллий парвозлар учун мўлжалланган гибрид электр самолётини ишлаб чиқариш ва сотишни режалаштирмоқда. У 19 тагача йўловчи ўриндиғига эга бўлади, электр моторидаги пропеллер эса двигател вазифасини бажаради. Кичик газ турбинаси электр энергияси манбайи бўлади.

Ҳавога кўтариш кучини ошириш, шунингдек, кичик аэродромларда учиш ва қўниш учун самолётда учта қанот бўлиши кўзда тутилган. Уни Биринчи жаҳон урушидаги қирувчи самолётларга ўхшатиш мумкин. Бироқ бу самолёт энг замонавий аэродинамик кўрсаткичларга эга бўлади.

Компания раҳбари Гил Клоулининг сўзларига кўра, бошқа самолётлар билан таққослаганда, бу машинанинг ҳаракатланувчи қисмлари сезиларли даражада камроқ бўлиб, эксплуатация харажатларини камайтиради. Бундан ташқари, самолёт двигатели камроқ шовқин ва зарарли чиқиндилар чиқаради.

«Нега биз автобуслардан фойдаланганимиз каби самолётлардан мунтазам равишда фойдаланмаймиз?» – деб савол қўяди Клоули.

«Бу асосан эксплуатация харажатларига боғлиқ. Бундан ташқари, самолёт қанчалик катта бўлса, шовқин ҳам шунча баланд бўлади. Албатта биз келажакдаги экологик барқарорлик ҳақида ўйлашимиз лозим. Шу туфайли, самолётни нафақат тежамкор, балки арзон, шовқинсиз ва экологик тоза қилишга қарор қилдик», – деб жавоб беради унинг ўзи.

Faradair бир-биридан унчалик узоқ бўлмаган шаҳарлар ўртасида тез ва арзон саёҳат қилиш имкониятини яратмоқчи: масалан, Лондондан Манчестерга 25 фунт стерлингга учиш мумкин, бу поезд чиптасидан арзонроқ.

Узоқроқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ҳам бу самолёт жуда қўл келиши мумкин. У қисқа йўлакларда учиб, қўна олади. Ундан фойдаланиш натижасида оддий йўллар ёки темирйўл линияларига катта ҳажмда инвестиция киритишга ҳожат қолмайди.

Биринчи самолёт 2025 йилда ҳавога кўтарилиши, тижорат парвозлари эса эса 2027 йилда бошланиши режалаштирилган.

Дунё давлатлари атмосферага углерод чиқиндиларини камайтириш усулларини излаётган бир пайтда, Faradair электр авиациясида салоҳиятни кўраётган ягона компания эмас.

Масалан, Калифорнияда жойлашган Wright Electric компанияси яқин ўн йил ичида 100 ўриндиқли, тўлақонли электр самолётини бозорга олиб чиқишни режалаштирмоқда. У мавжуд Bae146 самолёти негизида ишлаб чиқарилади, бироқ унинг тўртта турбо двигатели электр парракларига алмаштиради.

Компания аллақачон Easyjet лоукостери билан ҳамкорлик қиляпти. Электр самолёти тахминан бир соат давом этадиган парвозлар учун мўлжалланган бўлади, масалан, Лондон – Париж, Нью-Йорк – Вашингтон ёки Ҳонгконг – Тайпей каби йўналишларда.

Бироқ самолёт тўлиқ электрда эмас, гибрид режимда синовдан ўтказилади. Дастлаб, BAe146 самолётининг 4 та моторидан фақат биттаси электр моторига алмаштирилади. Агар синов режа бўйича ўтса, қолган двигателлар ҳам электр моторларига алмаштирилади.

Wright Electric бош директори Жеффри Энглернинг сўзларига кўра, эҳтимолий харидорлар бу ёндашувни маъқуллашмоқда ва келажакда ўзлари ҳам янги самолётлар ишлаб чиқаришда шунга амал қилишлари мумкин.

«Биз авиакомпаниялар билан гаплашганимизда, уларнинг вакиллари нега тўлиқ электр самолёт қилиш ўрнига олдин гибриддан бошламайсиз деган саволни беришди», – дейди Энглер.

«Автомобил саноатида ҳам шундай бўлган. Улар ҳам дастлаб гибрид моторлардан бошлашган. Биз бу имкониятни кўриб чиқмоқдамиз», – дея қўшимча қилади у.

Самолётни электрлаштиришдаги асосий қийинчилик шундаки, ҳатто энг яхши аккумуляторлар ҳам энергия сарфи бўйича авиаёқилғи билан рақобатлаша олмайди. Бу шуни англатадики, электр моторларда узоқ масофаларга парвоз қилиш ҳозирча имконсиз.

Фото: NASA/ Bill Ingalls
«Бугунги аккумуляторлар ҳали бундан йироқда», – дейди Штутгарт институтининг авиамуҳандислик факультети бошлиғи доктор Андреас Стромайер.

1990-йиллар ўрталаридан бошлаб ушбу институт гибрид ва электр авиация имкониятларини ўрганиб келмоқда. Бу ерда яратилган икки ўриндиқли экспериментал e-Genius электр самолёти илк ўн йил олдин ҳавога кўтарилган.

«Самолётимиз учун аккумулятор тизимларини ўзимиз қурдик», – деб тушунтиради Стромайер.

«Биз бир килограмм учун 200 ватт/соат сарфлаш даражасига етдик. Аммо бизга 1000 ёки 1500 ватт керак бўлади. Шундай қилиб, биз ҳали ҳам катта самолёт учун талаб қилинадиган қувватдан анча узоқдамиз», – деб қўшимча қилди у.

Унинг ишончи комилки, технологиялар ривожланишининг ҳозирги даражасида олти ўриндиқли енгил электр самолёти яратиш мутлақо осон.

Унинг сўзларига кўра, 19 ўриндиқли бўлган каттароқ электр самолётини ишлаб чиқариш ҳам мумкин. Аммо бундай машина бугунги технологияларнинг энг олдинги ютуқларидан фойдалинишига, бу эса жуда қимматга тушишига олиб келади.

Фото: Eviation
Исроилнинг Eviation компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўққиз ўриндиқли Alice самолёти зарур параметрларга мос келади. У 1000 километргача бўлган масофага фақат электр двигателида учиш учун мўлжалланган.

Каттароқ машина фақат электр энергиясида уча олмайди ва электр моторларини оддий двигателлар билан бирлаштириш ёки бортда ўрнатилган генераторларга таяниш орқали гибрид сифатида ишлаши керак.

Доктор Стромайер сўзларига кўра, ҳар иккала турдаги самолётлар учун ҳаво транспортининг кенг тармоқларини яратиш салоҳияти бор: кичик, тўлиқ электрлашган самолётлар, микроавтобуслар каби, йўловчиларни маҳаллий аэродромлардан минтақавий марказларга ташийди, у ерда 500 км масофага учадиган йирикроқ гибрид самолётлар кутиб туради.

«Бу анча зич транспорт тармоғи бўлади, - деб тушунтиради олим. - Бу Скандинавия каби минтақаларда ёки автомобил йўлларини қуриш имконсиз бўлган тоғли ҳудудларда фойдали бўлади».

«Индонезия, Полинезия каби кўплаб оролларга эга ҳудудлар бор - уларни бир-бирига боғлаш керак. Дунёнинг кўплаб жойлари бундай транспорт тармоқларига жуда муҳтож», - деб хулоса қилади эксперт.

Eviation шу йил ёзда Alice самолётининг синовларини бошлайди.

Фото: Airbus
Аммо узоқ масофали парвозлар учун электр технологияси жуда ҳам талабгир бўлиши даргумон. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Airbus авиагиганти бошқа йўлдан бормоқчи.

2017 йилда компания Rolls-Royce ва Siemens билан ҳамкорликда E-Fan X самолёти прототипи устида иш бошлади. Wright Electric лойиҳаси сингари, у ҳам BAe146 самолёти негизида эди. Бироқ, 3 йилдан сўнг, дастур бекор қилинди. Airbus Upnext компанияси бўлими бошлиғи, доктор Сандра Бор-Шеффер буни тўғри қарор деб ҳисоблайди.

«Биз 2050 йилга бориб углерод чиқиндиларини нолга тенглаштиришни мақсад қилганмиз. Бунга эришиш учун турлича ишлайдиган икки хил технологиядан фойдаланишимиз керак», – дейди у.

Қисқа муддатли истиқболда компания қайта тикланадиган ёки қайта ишланган манбалардан олинадиган экологик тоза ёнилғидан фойдаланиш орқали CО2 чиқиндиларини камайтиришни режалаштирмоқда.

Келажакда Airbus атмосферага чиқинди миқдорини камайтириш мақсадида водородли двигателлардан фойдаланиш ниятида.

«Биз 2035 йилгача водород билан ишлайдиган ва чиқиндилар миқдори 0 га тенг бўлган биринчи самолётни бозорга чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Шунингдек, бизда криоген ва ўта ўтказувчанлик бўйича ишлайдиган жамоаларимиз ҳам бор. Биз келажагимиз қандай бўлишини аллақачон ўрганишни бошладик», – деб тушунтиради у.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Электр самолётлари истиқболи. Улар қачон пайдо бўлади ва кимга керак?