Ҳар куни кимдир вафот этади, биз ҳам бу дунёни тарк этамиз. Шунда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга нима бўлади?
Oxford университети академиклари тадқиқотига кўра, 2018йилги маълумотлардан келиб чиқилса, Facebook’да саҳифасига эга фойдаланувчиларнинг 1,4 миллиарди 2100 йилгача вафот этган бўлади. Аммо агарда ушбу тармоқ ҳозиргидек ўсишда давом этса, аср сўнгига бориб вафот этган фойдаланувчилар сони 4,9 миллиардга етиши мумкин. Осиё ва Африка яқин йилларда Facebook’да энг кўп вафот этган фойдаланувчиларга эга бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам дунёдаги каби рақамлашув тенденцияси тез давом этяпти. Йилдан йилга ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони кўпайяпти.
2022 йилги статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўрсаткичи қуйидагича:
- Telegram’дан 18 миллион,
- “Одноклассники”дан 16,7 миллион,
- Facebook’дан 4,7 миллион,
- Instagram’дан 3,7 миллион,
- “ВКонтакте”дан 2,6 миллион,
- Linkedinʼдан 288 минг,
- Twitter’дан 51,6 минг нафар киши фойдаланади.
Хўш, биз дунёда ўтсак, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизга нима бўлади?
Facebook бир нечта профилларга эга фойдаланувчиларга асосий профилларни сақлаб қолиб, бошқаларини ўчириб ташлашни маслаҳат беради. Чунки фойдаланувчи вафот этганидан кейин унинг асосий профилига хотира мақоми берилади. Бу қандай ишлайди?
Хотира мақоми берилган профиллар
Facebook “ёрдам маркази”нинг тушунтиришича, хотира мақоми берилган профиллар – дўстлар ва оила аъзолари учун одам вафотидан кейин хотираларини баҳам кўришлари мумкин бўлган жой. Бунинг учун вафот этган шахснинг яқин қариндоши Facebook’ка сўров юбориши керак.
“Хотира” профиллари қуйидаги асосий хусусиятларга эга:
- “Хотирлаш” (Remembering) сўзи шахснинг профилидаги исми ёнида пайдо бўлади;
- Дўстлар ўз профилининг “махфийлик” созламаларига қараб, [вафот этган дўсти билан] хотираларини баҳам кўришлари мумкин.
- Фойдаланувчи томонидан улашилган контент (масалан, фотосуратлар, хабарлар) Facebook’да қолади ва у баҳам кўрилган аудиторияга кўринади;
- Хотира профиллари “сиз танишингиз мумкин бўлган одамлар” таклифлари, рекламалар ёки туғилган кун эслатмаларида кўринмайди;
- Ҳеч ким хотира мақоми берилган профили ҳисобига кира олмайди;
- Эски контактга эга бўлмаган хотира профилларини таҳрирлаш мумкин эмас.
Агар Facebook тўғри сўров олса, хотира мақоми берилган ягона администраторга эга саҳифалар Facebook’дан ўчириб ташланади.
Instagram ҳам вафот этган фойдаланувчиларнинг саҳифаларига худди Facebook каби хотира мақомини бериши мумкин. Бунда Instagram саҳифасига ҳеч ким ўзгартириш кирита олмайди, ҳисобга кира олмайди.
Айтиш керакки, агар марҳумнинг яқинлари Instagram ёки Facebook’ка унинг ўлими ҳақида хабар бермаса, унинг профили олдингидек, ўзгаришсиз сақлаб қолинади.
Twitter фойдаланувчиси вафот этган тақдирда, Twitter профил эгаси номидан ҳаракат қилишга ваколатли шахс ёки марҳумнинг яқин қариндоши билан аккаунтни ўчириш учун иш олиб боради.
Бунда яқин қариндош вафот этган фойдаланувчининг ҳисобини ўчириш учун сўров юборади.
Сўров юборилгандан сўнг Twitter марҳум ҳақидаги маълумотларни, жумладан, шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва унинг ўлими ҳақидаги гувоҳноманинг нусхасини юборишни сўрайди. Бу нотўғри ёки рухсатсиз ҳисоботларнинг олдини олиш учун зарур қадамдир. Twitter у маълумотлар махфий бўлиб қолишини таъминлайди ва улар кўриб чиқилгандан кейин ўчириб ташланади.
Бироқ Twitter ҳеч кимга, марҳум билан муносабатларидан қатъи назар, унинг ҳисобига кириш ҳуқуқини бермайди.
Google ўз фойдаланувчиларига ҳисоб учун режалар тузишни таклиф қилади. Масалан, “Нофаол аккаунт менежери” функцияси орқали ким сизнинг ҳисобингизга кириши ва уни ўчиришига рухсат беришингизни белгилаб қўйишингиз мумкин. Яъни олдинда сиз меросхўр тайинлаб қўйсангиз бўлади.
Бироқ Google кўп одамлар ўзларининг онлайн ҳисобларини бошқариш бўйича аниқ кўрсатмаларни киритмасликни ҳисобга олиб, марҳумнинг аккаунтини ўчириш учун қариндошлар ва вакиллар билан ҳамкорлик қилади.
Аммо Twitter каби Google ҳам пароллар ёки бошқа кириш маълумотларини ҳеч кимга бермайди. Вафот этган фойдаланувчи учун сўровни амалга ошириш борасида ҳар қандай қарор фақат диққат билан кўриб чиқилгандан кейин қабул қилинади.
YouTube
YouTube Google билан алоқадорлиги сабабли, вафот этган шахснинг оила аъзоси ёки мулк вакили ҳисобни ёпиш учун Google билан боғланиб, ҳисобидаги маблағни олиш учун сўров юбориши мумкин. (Маълумки, YouTube канал админстраторларига каналда кўрилган рекламалар сонига қараб пул тўлайди. Аммо бу Ўзбекистон учун амал қилмайди).
Telegram
Бошқа ижтимоий тармоқлар каби телеграм фойдаланувчиси вафотидан кейин унинг аккаунти қандай сақлаб қолиниши ёки ўчирилиши борасида аниқ маълумотлар бермайди.
Бироқ фойдаланувчилар “созламалар” бўлимидан “6 ой давомида ҳисобга кирмаган тақдирда уни ўчириш” функциясини танлаши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг