
Яқинда Дикин университетида ўтказилган илмий текширув ChatGPT каби сунъий интеллект асосидаги чат-ботларни академик изланишларда қўллаш бўйича жиддий саволларни қайта кўтарди. Тадқиқот натижаларига кўра, бот томонидан тақдим этилган маълумотлар ва адабиётлар рўйхатининг катта қисми ё нотўғри, ё бутунлай уйдирилган экани аён бўлди.
Мутахассисларнинг билдиришича, ChatGPT’га руҳий саломатликка оид олти мавзуда адабиётлар шарҳини тайёрлаш вазифаси берилган. Текширув жараёнида 176 та иқтибосдан 35 таси (19,9%) мутлақо сохта экани маълум бўлди. Қолган 141 та иқтибосда (45,4%) эса нотўғри саҳифа рақамлари, мавжуд бўлмаган DOI рақамлари ёки нашр санасидаги хатолар кузатилган. Фақат 77 та манба (43,8%) аниқ ва ишончли деб топилган.
Энг ёмони, ушбу хатоларни дарҳол фарқлаш осон эмас. Масалан, сохта DOI рақамларининг 64 фоизи мавзуга умуман алоқаси бўлмаган материалларга олиб борган, яна 36 фоизи эса умуман мавжуд бўлмаган саҳифаларга йўналтирган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ChatGPT каби нейрон тармоқлардан фойдаланганда эҳтиёткорликни кучайтириш, аниқ йўриқномалар ишлаб чиқиш ва маълумотларни инсон томонидан мажбурий текшириш жуда муҳим. Илмий журналлар ва таълим муассасаларини ҳам бундай хатолардан ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга чақиришди.
Бундан ташқари, Европа телерадиокорпорациялар иттифоқи (EBU) ўтказган алоҳида таҳлилда ҳам ChatGPT, Claude, Gemini ва бошқа чат-ботлар жавобларининг 40 фоизгача қисмини уйдириб, уни ҳақиқий факт сифатида тақдим этаётгани қайд этилган.
Аниқланган айрим мисоллар:
- ChatGPT баъзан «Папа Франциск тирик» деган нотўғри маълумот берган;
- Microsoft Copilot Швециянинг НАТОга аъзо эканини инкор қилган;
- Google Gemini эса Дональд Трампнинг қайта сайланиш эҳтимоли ҳақида муносабат билдирган — бу АҚШ қонунларига зид ҳисобланади.
Умуман олганда, экспертлар бир овоздан шундай дейишмоқда: сунъий интеллектдан фойдаланганда интизом ва диққатни кучайтириш, ҳар қандай маълумотни қайта текшириш асосий қоида бўлиши керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.