
ChatGPT сервисидан фойдаланаётган айрим кишилар эндиликда платформадан фойдаланиш учун паспорт орқали шахсини тасдиқлаш талаби билан юзма-юз келмоқда.
Маълумотларга кўра, агар сервис фойдаланувчи 18 ёшга тўлмаганига шубҳа қилса, ундан шахсий маълумотларни паспорт орқали тасдиқлашни сўрайди. Текширувдан ўтилмагунича “фақат катталар учун” белгиланган мавзуларни муҳокама қилиш имкони чекланади.
Қизиғи, баъзи ҳолларда ушбу талаб ҳатто ёши катта фойдаланувчиларга ҳам қўлланилмоқда. Масалан, 30 ёшли бир фойдаланувчи ҳам платформадан тасдиқлаш сўралганини айтган.
OpenAI ушбу функция босқичма-босқич жорий этилаётганини ва ҳозирча асосан инглиз тилли ҳудудларда синов тарзида ишлаётганини тасдиқлади. Компанияга кўра, янгиликнинг асосий мақсади — ёш чекловларига амал қилиш ва вояга етмаганларни эҳтимолий номақбул контентдан ҳимоя қилишни кучайтириш.
Шу билан бирга, OpenAI паспорт маълумотларини қайта ишлаш хавфсиз тарзда амалга оширилишини алоҳида таъкидлаган: маълумотлар шифрланади, фақат ёшни аниқлаш учун ишлатилади ва ҳужжатлар очиқ ҳолда сақланмайди.
Онлайн аудитория эса янгиликка турлича муносабат билдирмоқда. Айримлар ташаббусни рақамли хавфсизликни таъминлаш ва глобал қоидаларга мос қадам сифатида қўллаб-қувватласа, бошқалар механизм баъзи вазиятларда нотўғри ишлаётганини, катталар ҳам асоссиз чекловларга дуч келаётганини танқид қилмоқда.
OpenAIнинг қўшимча қилишича, ҳозирги ёшни аниқлаш тизими синов босқичида. Компания фойдаланувчилар фикрларини таҳлил қилмоқда ва ёшни тасдиқлашнинг бошқа имкониятларини — банк карталари ёки электрон рақамли идентификаторлар каби услубларни — кўриб чиқмоқда.
Яъни, платформанинг янги тартиби ҳозирча тажриба сифатида жорий этилган бўлиб, келгусида унга ўзгариш ва янгиланишлар киритилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.