15:53 / 09.01.2024
144

Сунъий интеллект қанчалик хавфли ёки фойдали?

Сунъий интеллект қанчалик хавфли ёки фойдали?

Бугунги кунда энг “тренддаги” мавзу сунъий интеллектдир. 21-аср технологиялар асри ва технологиялар бу — келажак дегани. Хўш, бу борада Ўзбекистон нималар қилмоқда? Сунъий интеллект орқали ўзбек тарихини ва санъатини “тирилтираётган” ўзбек йигити бугун Kun.uz меҳмони бўлди. Кўпчилик Сунъий интеллектни хавфли деб баҳолайди. Аслида қандай? Қуйида мазкур саволларга жавоб оласиз.

— Сунъий интеллект одамлардан ишини тортиб олмайдими?

— Ростдан ҳам бу савол ҳозир жуда долзарб. Сунъий интеллектнинг ўзи одамларнинг ишини олиб қўймайди. Лекин сунъий интеллектдан унумли фойдалана оладиган бошқа одамлар тортиб олиши мумкин. Сунъий интеллектнинг айнан ўзидан қўрқиш керак эмас, балки уни яхшилаб ўрганиш керак.

— Айни қайси соҳаларда сунъий интеллект таъсири сезилмоқда?

— Сунъий интеллект медиа сохасига шиддат билан кириб келди айниқса. Тасвир устида ишлаш, монтаж қилиш кабиларда қўл келяпти. Чет элда шу даражага чиқдики, телевидениеда бошловчиларнинг сунъий интеллект шакли яратилиб (аватар), дастурлар олиб борилмоқда.

— Салбий томонлари қандай?

— Салбий томонлар ҳамма нарсада бор. Дейлик, оддий пичоқдан ошхона анжоми сифатида фойдаланиш мумкин, қурол сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Сунъий интеллект ҳам нима мақсадда, кимнинг қўлида ишлатилишига қараб фойдали ёки зарарли бўлиши мумкин. Масалан, 2022 йил охирлари, 2023 йил бошларида кўпгина фейк суратлар тарқалди, бу орқали фейк хабарлар ҳам чиқди. Бир томондан яхши кейс бўлди булар, чунки фактчекинг қилиш кераклиги, текшириш лозимлиги ўртага чиқди.

— Оламдан ўтиб кетган дубляж актёрларимизнинг овозини сунъий интеллект орқали тиклаш ҳақида ҳам гап бор эди. Шу ҳақида гапирсангиз.

— 2019 йилда россиялик режиссёр ўша ўтиб кетган Россия актёрларининг овозини тиклаш лойиҳасини тақдимот қилганди. Шунда ўзбек актёрларининг овозини тиклаш ғояси пайдо бўлган. Шу лойиҳа устида 1 йилдан бери ишлаяпмиз. Ҳозир Ҳожиакбар Нурматов, Санжар Саъдуллаев, Ҳамза Умаровларнинг овоз моделларини яратиб кўрдик.

Мақсадимиз — шу дурдона овозларни эфирга қайтариш. Шахсан мен бу овозларни жуда соғинганман, халқимиз ҳам шундай бўлса керак. Асосан дубляж ва аудиокитоблар яратишда ишлатиш режалаштирилган.

— «Бобурнома» лойиҳаси, жадидлар қиёфасини тиклаш ишлари ҳақида гаплашсак, бу ғоялар қандай пайдо бўлган?

— Айнан биринчи лойиҳам «Бобурнома» бўлган. Ўзим тарихни яхши кўраман. Бобур ўз асарида шахсларни тасвирлашда ҳам, жойларни тасвирлашда ҳам батафсил тушунтиришлар берган, бу эса яхши база бўлиб хизмат қилади. Тахминан китобнинг ярмини тасвирга кўчирдик. Бу ишни матнни тасвирга айлантирувчи сунъий интеллект дастури орқали қилганмиз. Биринчи ишлатиб бошлаганимиз 3-авлод дастури эди, унда суратлар унчалик реал кўринишда бўлмасди, ҳозир эса 6-авлод чиққан аллақачон, бунда суратлар жуда реал кўринишга эга бўлади.

Жадидларни ёшларимиз таниши, қилган ишларини билиши керак. Шунинг учун ҳам биринчилардан бўлиб жадидларга тўхталдик. Жадидларнинг суратини ҳам юқорида айтилган дастур орқали тикладик. Бу суратларни жамоатчиликка тақдим этганимизда ижобий қабул қилишди. Бундан ташқари, оқ-қора кўринишдаги суратларни хам ранглаштириб, деталлаштирилган вариантини яратдик.

Биламизки, жадидларимизнинг сақланган суратлари асосан қатағон пайтидаги суратлар, шунинг учун ғамгин кўринишда ва улар тасаввуримизда шундай бўлиб қолган. Шунинг учун образларни ўзгартириб, мағрурроқ кўринишдаги вариантлар ҳам қилиб кўрдик.

— Мусиқа санъати борасида сунъий интеллектнинг таъсири қандай бўляпти?

— Сунъий интеллектнинг шундай имкониятлари борки, агар қўшиқ матни берилса ва керакли жанр танланса, шунга қараб куй басталаб қўшиқ айтиб беради. Масалан, Эркин Воҳидовнинг «Инсон» қасидасини рус тилига таржима қилиб, рок йўналишида қўшиқ яраттирдик, менимча, яхши чиқди.

— Бошқа соҳаларда сунъий интеллект таъсири қандай бўляпти?

— Сунъий интеллект фақатгина супат генерацияси ёки қўшиқ айтиш учун хизмат қилмайди. Сунъий интеллект жуда яхши ёрдамчи. Масалан, чет элда сунъий интеллект ёрдамида роботлар операциялар ўтказяпти, касалларга ташхис қўйяпти.

Бир қизиқ кейс ҳам машҳур бўлди. Бир аёл қизи касал бўлганда докторларга олиб боради, ҳеч бири аниқ ташхис қўя олмайди. Шунда аёл қизидаги аломатларни, ҳолатни ChatGPT'га ёзади, у эса аниқ ташхис қўйиб беради. Умуман, сунъий интеллект барча соҳага кириб бормоқда.

Лекин сунъий интеллект ёрдамида ҳайдовчисиз бошқариладиган машиналарга ишонмаган бўлардим. Ҳали у қадар идеал даражага етгани йўқ.

Медиа соҳаси вакили бўлганим учун кўпроқ шу соҳага урғу бераман. Яна масалан, 3D мултифильмларни ишлаш учун олдин бир неча ойлаб вақт кетган бўлса, ҳозир эса сунъий интеллект ёрдамида анча тезлашди жараён. Персонажни оддий сўзлар ёрдамида ёзиб уни яратиш мумкин. Анимацияда ҳам сунъий интеллект жуда ривожланиб бормоқда. 2024 йил сунъий интеллект соҳасида анимация ва жонлаштириш йили бўлади, деб ўйлайман.

— Ўзбек тили бўйича ChatGTP'да қандай ишлар олиб бориляпти?

— ChatGTP асосан матн билан ишлайди, яқинда суратлар генерацияси ҳам қўшилди. ChatGTP катта маълумотни тез таҳлил қилиб, матн тарзида тақдим этолади. Иккинчи жиҳати ChatGTP'га бир мақолани юкласангиз, фактчекинг қилиб беради.

ChatGTP'даги ўзбек тили бўйича биз ишлаётганимиз йўқ. Шунинг учун камчиликлар бор, ChatGTP билан яхши ишлаш учун рус ва инглиз тилларидан фойдаланса бўлади. ChatGTP биринчи чиққанида Ўзбекистонда ишламас эди, ярим йил бўлди рухсат берилди. Хатолар билан бўлса-да, ўзбекчани тушуняпти. Лекин ўзбеклар қанчалик кўп ChatGTP билан мулоқот қилса, у ўзбек тилини ўрганиб боради. ChatGTP'да шундай имконият пайдо бўлдики, сиз ўз чатингизни яратишингиз мумкин.

Ҳозирча сунъий интеллектда ҳиссиётлар йўқ, фақат маълум алгоритмлар асосида ишлайди, матнларни ўрганади. Ҳиссиётларинг борми, деб савол берилса ҳам, менда ҳиссиёт йўқ деган жавобни беради. Интернетда тарқалаётган ҳиссиёти бор деган маънодаги видеолар ҳазил тариқасида қилинган материаллар бўлса керак.

— Барибир ҳам сунъий интеллект инсонларга қарши тафаккур шакллантирмаслиги учун чоралар кўрилаётгандир, нима дейсиз?

— 25 та ошиқ IT гигантлар ChatGTP'нинг ишлаб чиқарувчиси Open Ai компаниясига очиқ хат йўллашди. Яъни янги моделга ўтиш пайтида озроқ тўхталиб, қандай таҳдидлар, камчиликлар пайдо бўлаётганини ўрганиб олиш ҳақида. Лекин сунъий интеллект ривожланишини тўхтатиб бўлмайди, тўхтатиш ҳам аҳмоқгарчилик деб биламан.

— Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш учун нималарга эътибор бериш керак?

— Авваламбор сунъий интеллект воситаларидан қандай фойдаланишни ўргатиш керак. Дейлик, ҳар бир вазирлик, идораларнинг матбуот хизмати. Кузатилиб турадиган ҳолат эса матбуот хизматлари қайсидир хабарни чиқариб, халқ тилида айтганда «қовун туширади». Агар сунъий интеллект воситасидан фойдаланса, бунинг олдини олиш мумкин. Масалан, ChatGTP ўша хабарни баҳолаб бера олади, қандай реакция бўлади, қандай қаралади, ижобий-салбий баҳолаш кабиларни таҳлил қилади.

Таълим соҳасида ҳам сунъий интеллектнинг ўрни катта. Ҳар қандай фанни сунъий интеллект ёрдамида ўрганиш мумкин, баҳолаб ҳам боради, қандай хато қилаётганини ҳам кўрсатади.

Кино соҳасида ҳам ишлатса бўлади. Ўзимиз Анқара жангининг бир дақиқалик видеосини сунъий интеллект ёрдамида яратдик. 2024 йил Ai фильмлар йили бўлади, Илон Маск ҳам гапирди бу ҳақида. Бундан қўрқиш керак эмас, менимча. ChatGTP ҳатто сценарий ёзишда ҳам ёрдам бериши мумкин.

Суҳбат аввалида айтганимиздек, сунъий интеллектнинг ўзидан қўрқиш керак эмас, кимнингдир ишини олиб қўймайди, лекин уни ишлата олган одам олиб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам сунъий интеллектдан фойдаланишни ўрганиш керак, шунда ишини олдирмайди одамлар. Агар замон билан ҳамнафас юрмоқчи бўлсак, сунъий интеллектни ўрганишимиз керак. Ўзи шундоқ ҳам кеч қоляпмиз, ҳар куни янгилик бўляпти бу соҳада. Ўрганмасдан илож йўқ, ўрганиш керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллект қанчалик хавфли ёки фойдали?