2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро платформалар учун янги қоидалар кучга киради. Бунда асосий талаб — хорижий маркетплейслар республикада ўз фаолиятини йўлга қўйиши, яъни резидент юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши керак бўлади.
«Spot» нашрининг Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) электрон тижорат бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиевдан иқтибос келтиришича, бу каби «бозор»лар жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистондаги фаолиятини қонунийлаштириши лозим.
К.Муҳаммадиев, шунингдек, «Temu» хорижий платформаси ҳақида тўхталиб, у ўзининг тажовузкор маркетинг стратегияси билан машҳурлигини, 2024 йилда компания рекламага 4 млрд доллар сарфлаган бўлса, 2025 йилда бу миқдор 10 млрд долларга етиши кутилаётганини айтиб ўтган.
«Тасаввур қилинг-а, нима сабабдан «Temu» рекламаси илованинг ҳар бир саҳифасида ёки ижтимоий тармоқларда пайдо бўлаётганини. Улар бутун дунё бўйлаб янги бозорларга кириб бориш учун тажовузкор усуллардан фойдаланмоқда», – дея таъкидлади у.
Унинг билдиришича, платформадаги паст нархлар солиқ мажбуриятларини бажарадиган ва қонун талабларига риоя қиладиган маҳаллий тадбиркорларга жиддий рақобат яратмоқда.
Мутахассис, шунингдек, фойдаланувчилар ҳар чоракда 1000 долларгача бўлган товарларни чет элдан божсиз буюртма қилиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтди.
«Бу ҳар бир фуқаромизнинг ҳуқуқи. Биз уни чеклай олмаймиз ва чекламаймиз», – дейди Муҳаммадиев.
Шундай қилиб, жорий йил 1 июлдан бошлаб «Temu» ва бошқа хорижий онлайн савдо платформалари янги қоидаларга мослашишга мажбур бўлади.
Платформалар янги талабларга мослашмаганда, назорат органлари ва бошқа давлат идоралари томонидан чоралар қўлланилиши мумкин.
«ИЛМА хизматларни ўз-ўзидан тўсиб қўймайди. Бироқ, компаниялар белгиланган муддатлар ўтганидан кейин ҳам маҳаллий қонунчиликни бутунлай эътиборсиз қолдирсалар, албатта чоралар кўрилади. Бу уларнинг фаолиятини чеклашдан тортиб хизматларни тўсиб қўйишгача бўлган чораларни ўз ичига олиши мумкин. Аммо бундай ҳаракатларни тегишли давлат тузилмалари амалга оширади», – деб тушунтирди Камронбек Муҳаммадиев.
Унинг айтишича, блоклашдан аввал назорат органи тегишли идоралар томонидан кўриб чиқиладиган хабарнома юборади. Фақат барча ҳолатлар синчиклаб ўрганилгандан сўнггина блоклаш ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар