date

Xiaomi иситадиган ва бактерия йўқотувчи ёпинчиқни тақдим этди

Xiaomi иситадиган ва бактерия йўқотувчи ёпинчиқни тақдим этди

Xiaomi компанияси инновация соҳасида яна бир янги маҳсулотни намойиш этди. Бу сафар бренд фойдаланувчиларни фасли совуқ мавсумда ҳам қулайлик ва хавфсизлик билан таъминлайдиган Mijia Smart Electric Blanket — ақлли электр ёпинчиқни тақдим қилди.

Мазкур ёпинчиқ нафақат иситиш, балки бактерия ва ҳашаротларни йўқотиш имкониятига ҳам эга. Қурилма ичидаги замонавий иситиш тизими мисдан ясалган енгил элементлар орқали ишлаб, бутун ёпинчиқ бўйлаб тенг иссиқлик тарқатади. Шу сабабли унинг ҳар бир қисми бир хил даражада илиқликни сақлаб туради.

Компания маълумотларига кўра, маҳсулотда қизиб кетиш ёки қисқа туташув хавфига қарши автоматик ҳимоя тизими жорий этилган. Шунингдек, болалар учун алоҳида хавфсиз режим мавжуд бўлиб, ҳарорат автоматик равишда оптимал даражада ушлаб турилади.

Фойдаланувчи ёпинчиқни бир нечта усулда бошқариши мумкин: махсус пульт орқали, XiaoAi овозли ёрдамчисидан фойдаланиб ёки Mijia Home иловаси ёрдамида. Ҳароратни масофадан туриб ўзгартириш ва вақт бўйича автоматик ёқиш-ўчириш функцияси ҳам қўшилган.

Ёпинчиқ нафақат иситиш функцияси билан, балки фойдаланувчининг соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган. У бактерияларни йўқотиш ва ҳашаротлар тарқалишининг олдини олиш учун махсус ионли стерилизация технологияси билан жиҳозланган.

Ҳозирча Mijia Smart Electric Blanket фақат Xiaomi Youpin онлайн платформасида сотувга чиқарилган. Компания маҳсулотнинг халқаро бозорда қачон сотувга чиқиши ва унинг аниқ нархи ҳақида ҳали расмий маълумот бермади.

Технология ихлосмандлари бу ёпинчиқни Xiaomi’нинг “ақлли уй” экотизимидаги энг фойдали ва қулай қурилмалардан бири сифатида баҳолашмоқда. Шу билан бренд фойдаланувчилар учун ҳар томонлама қулай ҳаётни таъминлаш йўлида яна бир қадам ташлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Xiaomi иситадиган ва бактерия йўқотувчи ёпинчиқни тақдим этди