
Apple компанияси илк бор арзон нархдаги Mac ноутбук ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Bloomberg ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб. Ушбу қурилманинг нархи 1 минг АҚШ долларидан кам бўлиши кутилмоқда, бу эса бренд тарихидаги энг арзон компьютер бўлади.
Агентлик маълумотларига кўра, янги Mac iPhone процессори ва арзон LCD дисплей билан жиҳозланади. У талабалар, тадбиркорлар ҳамда офис ишлари, интернетда ишлаш ва матнларни таҳрирлаш учун мос қурилма излаётган фойдаланувчилар учун мўлжалланган.
J700 код номи билан юритилаётган лойиҳа ҳозирда компания ичида синовдан ўтказилмоқда ва хорижий етказиб берувчилар томонидан ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичида. Расмий тақдимот 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда.
Apple ушбу ҳаракати билан анъанавий равишда фақат премиум қурилмалар ишлаб чиқарувчи компания сифатида ўз йўналишини ўзгартириб, эндиликда арзон Chromebooks ва Windows тизимидаги оддий ноутбуклар билан рақобатлашишга киришмоқда. Қурилма нархини пасайтириш учун Apple нисбатан содда компонентлардан фойдаланишни режалаштирган.
Қурилманинг экрани 13,6 дюймдан кичик бўлиб, бу Mac ноутбуклар орасида энг ихчам дисплей бўлади. Bloomberg манбаларига кўра, iPhone процессори ҳатто эски M1 чипдан юқори самарадорлик кўрсатмоқда.
Бугунги кунда компаниянинг энг арзон ноутбуки — M4 процессорли MacBook Air бўлиб, унинг нархи 999 АҚШ долларини ташкил қилади.
Apple арзон Mac ишлаб чиқаришга тайёрланмоқда
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг