Xiaomi сунъий интеллектда янги қадам ташлади: Mi Chat тақдимоти

Хитойнинг технологик гиганти Xiaomi сунъий интеллектга асосланган янги Mi Chat ассистентини ишлаб чиққанини эълон қилди. Бу ҳақда ITHome нашри хабар тарқатди. Янги ишланма компаниянинг AI соҳасидаги салоҳияти жадал суръатларда ривожланаётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Инсайдерларнинг маълум қилишича, Mi Chat ассистенти замонавий LLM технологиясига таянади ва MiMo-7B-RL номли тил модели асосида ишлайди. Ушбу нейротармоқ Xiaomi’нинг фирмавий экотизимига чуқур интеграция қилиниб, компаниянинг турли гаджетлари ҳамда сервисларида қўлланилади.
Манбалар Mi Chat’ни шунчаки навбатдаги виртуал ёрдамчи эмас, балки жиддий рақобатчи сифатида баҳоламоқда. Ҳатто айрим мутахассислар уни шартли равишда “ChatGPT’га жиддий рақиб” деб аташмоқда. Таъкидланишича, синов жараёнларида Mi Chat бир қатор машҳур моделларни натижалар бўйича ортда қолдирган.
Янги ассистентнинг расмий тақдимоти Xiaomi 2025 Human Car Home Ecosystem Partner Conference анжумани доирасида ўтказилиши кутилмоқда. Ушбу тадбир 17 декабр куни бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, унда компания ўзининг сунъий интеллект, “ақлли уй”, транспорт ва рақамли хизматлар бўйича янги режаларини ҳам тақдим этиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, Mi Chat Xiaomi’нинг глобал AI бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, келажакда компания экотизимининг асосий интеллектуал элементига айланиши эҳтимолдан холи эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!