10:10 / 04.07.2017
3 975

5G ва текин интернет: яқин йилларда уяли алоқа қай тариқа ўзгаради?

5G ва текин интернет: яқин йилларда уяли алоқа қай тариқа ўзгаради?
Экспертлар бешинчи авлод тармоқларининг тезда тарқалиши ва яқин беш-ўн йил ичида маълумотлар узатиш учун тўлов бекор қилинишини башорат қилишмоқда, деб ёзади ТАСС ўзининг таҳлилий мақоласида.

Шангҳайда бутунжаҳон мобил алоқа конгресси ўз ишини якунлади. «Инсон унсури» шиори остида ўтган кўргазмада уяли алоқа операторлари, гаджетлар ишлаб чиқувчи ва чиқарувчилар вакиллари тўпланишди. Тадбирда жаҳоннинг 650 дан зиёд компанияси вакиллари иштирок этишди.

Бешинчи рақамли тармоқ

Конгрессда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бешинчи авлод тармоғи — 5G бўлди. Улар Интернетга секундига бир неча гигабит тезликда уланиш имконини беради. Масалан, у ёрдамида 4К форматдаги (бир томонида 4000 пикселдан юқори бўлган) ва истиқболдаги 8К (8000 дан ортиқ пиксел) видео оқимини бемалол томоша қилиш мумкин бўлади. Бироқ бош мақсад — Wi-Fi ўрнига мобил интернетдан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш ҳам эмас, балки смартфонни тўлақонли тўлдирилган ёки виртуал ахборот станциясига айлантиришдан иборат.

Шубҳасиз, янги технологиялар янги қурилмаларга ҳам талаб пайдо қилади. Экспертларнинг тахминига кўра, 5G’ни қўлловчи илк телефонлар 4G’га эга энг олий сифатли смарфтонлар каби нархда бўлади. Қурилмалар нархининг ошишига сабаб — улар қувватлироқ чипсетлар билан таъминланишидир. Бундан ташқари, қурилмаларнинг барча имкониятларини ишга солиш учун 4К форматни қўлловчи экран ҳам керак бўлади.

«Текин» тариф режаси

Telstra компанияси раҳбари Эндрю Пен ўз чиқишида айтишича, алоқа операторлари яқин беш-ўн йил ичида мижозлар учун мобил маълумотлар узатиш учун нархлар нолгача тушишига тайёр бўлишлари керак. «Яқин беш-ўн йил ичида мижозларнинг маълумотлар олиши учун нархлар нолга қараб интилишининг реал имкониятлари кўзга ташланмоқда», — деган у ва операторлар доимо долзарбликни сақлаб туришлари ва қиймат яратилиш занжири бўйича пастга қуламасликлари учун истеъмолчи учун қулай бўлган кенг хизматларни кафолатлашлари лозимлигини қўшимча қилган.

Компаниялар мижозларга янада кенгроқ имконият берадиган, улар жон деб пул тўлашадиган янги хизмат ва маҳсулотлардан фойда қила бошлашади. Мисол сифатида у Netflix хизматини тилга олган.

Буюмлар учун Интернет

Технологияларга бағишланган бирор бир форум усиз ўтмайдиган яна бир мавзу — буюмлар интернети (Internet of Things – IoT). Бу турли қурилмаларнинг ўзи интернетга уланиб, инсон иштирокисиз ва минимал иштироки билан маълумотлар алмашиш имконияти дегани. «Ақлли музлаткичлар», «уйни ақлли ёритиш» ва бошқа «ақлли» сифати билан аталувчи маиший техникалар ҳаётимизни янада енгиллаштириб, ташвишларимизнинг бир қисмини улар зиммасига юклашга имконият яратади. Ҳозир ундай қурилмаларда телефондагидек оддий сим-картадан фойдаланилади. Бироқ эндиликда LPWA — базавий станция билан доимий алоқада бўлиб туриш учун қимматли ампер-соатларни сарфламайдиган, кичикроқ ҳажмдаги маълумотларни узоқ масофаларга узата оладиган узоқ радиусда таъсир кучига эга энергиядан самарали фойдаланадиган тармоқ устида фаол иш олиб борилмоқда.

Бутунжаҳон мобил конгрессида бу соҳада 74 компания — электроника ва таркибий қисмлар ишлаб чиқарувчилар ва алоқа операторлари иш олиб бораётгани таъкидлаб ўтилди. Қатнашувчиларнинг фикрича, ушбу стандартнинг жорий этилиши технологиялар ўсиши, ривожланиши ва мослашишида фундаментал рол ўйнайди, чунки у миллиардлаб IoT-қурилмалар: станоклар, вендинг аппаратлари, видеокузатув ва хавфсизлик тизими камералари, сув, электр ва газ ақлли ҳисоблагичлари, автотураргоҳ автоматлари ва бошқаларни интернетга арзон ва самарали улаш имконини беради.

«Биз бу ишланмалар муваффақиятга эришаётганига гувоҳ бўлаяпмиз ва ҳозирнинг ўзидаёқ бутун дунё бўйлаб бир нечта тижорий ечимларга эгамиз. Ўз-ўзидан тушунарлики, бозор эгилувчанлик, хавфсизлик, сарф-харажатларнинг камайиши ва бошқа кўплаб афзалликларга эга бўлган ушбу ечимларни амалиётга татбиқ этишдан даромад қилиши аниқ. Биз ушбу лойиҳага бошқа қатнашувчилар ҳам қўшилишини интизорлик билан кутмоқдамиз», — деган мобил операторлар ассоцияацияси GSMA’нинг технологиялар бўйича директори Алекс Синклер.

Бутунжаҳон мобил конгрессининг бир қисми бўлган «Инновациялар шаҳри»да компаниялар IoT имкониятларини намойиш этишган. Масалан, China Telecom атроф-муҳит мониторинги тизимини намойиш этган. Буюк Британиянинг Авлиё Эндрю университетида яратилган яна бир экологик тизим соҳилолди сувларининг сифатини кузатади ва денгиз фаунаси ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам беради.

Яна бир ечим — интернетга уланган велосипеддан қисқа муддатли ижарага олиб фойдаланиш мумкин ёки тўлганида ўзи чиқинди ташувчи машинани чақирувчи чиқинди қутисини тасаввур қилинг-а.

Бармоқ билан дисплейга

Смарт-қурилмалар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи Qualcomm ва Хитойнинг Vivo компанияси конгрессда бармоқ изи сканери экраннинг ўзида жойлашган янги смартфонни намойиш этишди. У аппаратнинг олд қисмини бутунлигича дисплейга айлантиради (пастки, юқори ва ёндаги рамкаларисиз) ва фойдаланувчини датчикка бармоғини босишдан халос қилади, яъни телефонни қулфланишдан ечиш ва харидни амалга ошириш учун эгаси экраннинг исталган жойига бармоқ босиши кифоя бўлади.

Очиқ-равшан қулайлигидан ҳам ташқари, ушбу технология қурилмани намликдан сақлаш имкониятини тақдим этади, чунки смартфон корпуси ва экрани бутун бир қисм бўлади, аппаратда эса бошқа тугмалар умуман назарда тутилмайди.

Vivo смартфони инсон кўзи кўраётгани каби ёрқин ва аниқ суратга тушира олади. Суратни қайта ишлаш технологияси RAW форматида (айни пайтда кўзгули профессионал камералардагина бор) суратга олиш имконини беради.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » 5G ва текин интернет: яқин йилларда уяли алоқа қай тариқа ўзгаради?