
Жаҳон кубоги ярим финали ортда қолди, аммо унинг таъсири ҳали футбол ёки теннисдагидек тез тарқалмайди — шахматда ҳар бир ўйин, ҳар бир қарор, ҳар бир хатолик узоқ вақт тафаккурда қолади. Хабарингиз бор, ҳамюртимиз Жавоҳир Синдаров финалда хитойлик Вэй Ига қарши дона суриши аниқ бўлди. Бу иккала маҳоратли йигитнинг тўқнашуви шахмат жамоатчилиги орасида аллақачон катта қизиқиш уйғотган.
Ярим финални муваффақиятли якунлаган Вэй И беллашувдан кейин журналистлар билан суҳбатда ўз фикрларини очиқ ва самимий баён қилди. Унда чарчоқ, енгил нафас олиш ва устида катта иш қилинган бир ўйиннинг излари сезилиб турарди.
Журналистлардан бири ундан шундай савол берди:
"Баҳсдан сўнг бироз чарчагандек кўриняпсиз. Финалга тайёргарлик қандай кечади? Ахир, ҳал қилувчи ўйин олдида турибсиз?"
Вэй И эса вазмин ҳолда жавоб қайтарди:
"Ярим финалда омад мен томонда бўлди ва буни инкор қилмайман. Бундан жуда хурсандман. Мусобақага келганимда асосий мақсадим Номзодлар турнирига йўлланиш эди. Бу босқични ортда қолдирдим ва энди финалга диққат қаратишим мумкин."
Унинг фикрича, Синдаровга қарши беллашув жуда қаттиқ кечиши тайин.
"Жавоҳир — истеъдодли, кучли ва ҳозир аъло формада. У фақат классик шоҳмотда эмас, рапид ва блицда ҳам жуда кучли. Шунинг учун финал ўйинини енгил бўлади, деб айта олмайман", — деди хитойлик шахматчи.
Хуллас, икки юксак даражадаги маҳорат — Синдаров ва Вэй И ўртасидаги финал нафақат шахмат дунёси, балки юртимиз ишқибозлари учун ҳам ҳақиқий интиқлик билан кутиладиган беллашувга айланди. Ушбу учрашувда нафақат маҳорат, балки руҳий барқарорлик, босимга чидамлилик ва муҳим қарорларни тез қабул қилиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бизни жуда қийин, таъсирли ва шахмат тарихи учун эсда қоларли финал кутиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.