date

Сўм алмашинув курси 10 ойда 7 фоизга мустаҳкамланди

Сўм алмашинув курси 10 ойда 7 фоизга мустаҳкамланди

Марказий банк миллий валютада кузатилаётган барқарор ўсиш юзасидан ўз таҳлилий хулосасини эълон қилди. Регулятор маълумотига кўра, 2025 йил январь–октябрь даврида сўмнинг хорижий пул бирликларига нисбатан алмашув курси 7 фоизга мустаҳкамланди. Бундай ўсиш бир қатор иқтисодий омиллар таъсирида шакллангани айтилади.

Маълум қилинишича, аввало экспорт тушумларининг кескин кўпайиши ва халқаро пул ўтказмаларидаги жиддий ўсиш сўм қадри ошишига асосий туртки бўлди. Шу билан бирга, хорижий кредитлар жалб қилиниши, импорт тўловлари ҳажмининг барқарорлашиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг кўпайиши ҳам миллий валюта мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнаган.

Марказий банк шарҳида шундай дейилади:

“Сўнгги ойларда ички валюта бозорида янги тенденция намоён бўлди. Сўм долларга нисбатан узоқ давом этган қадрсизланиш босқичини ортда қолдириб, мустаҳкамланиш фазасига ўтди”.

Таҳлилга кўра, ўтган 10 ой мобайнида валюта бозорида талаб ва таклиф кескин ошди. Хусусан, хорижий валюталарга талаб 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга кўпайган бўлса, таклиф 26 фоизга ўсган. Юридик шахслар ўртасида талаби ҳам, таклифи ҳам бир вақтнинг ўзида

мос равишда 24 ва 38 фоизга кескин кўтарилган.

Мутахассислар фикрича, таклиф ўсиш даражасининг юқори бўлиши миллий валюта барқарорлигини таъминлаган асосий омиллардан бири сифатида қайд этилмоқда.

Ҳисоб-китобларда келтирилишича, мамлакатга келган экспорт тушумлари (олтинсиз) 14,5 миллиард долларга етган. Шундан 8,1 миллиард доллари ички валюта бозорида сотилган бўлиб, бу ички бозорда қўшимча валюта манбаи пайдо бўлишига хизмат қилган.

Аҳоли томонидан ҳам банкларга валюта сотиш ҳажми рекорд даражага етди: 10 ойда 17,5 миллиард доллар сотилган (2024 йилда — 13,2 млрд). Сотиб олиш ҳажми эса 9,7 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилдан 25 фоизга кўп.

Мамлакатга тушган халқаро пул ўтказмалари миқдори ҳам жуда катта — 15,8 миллиард доллар. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мазкур маблағлар валюта таклифини ошириб, сўмнинг янада қимматлашишига замин яратди.

Аввалроқ сентябрь ойида миллий валюта долларга нисбатан 3,4 фоизга мустаҳкамлангани маълум қилинганди. Марказий банк эса яна бир бор алмашув курси бозордаги реал талаб ва таклифга асосланиши, регулятор мақсадли курс белгиламаслиги ҳамда бевосита аралашмаслигини таъкидлади.

Натижада, иқтисодиётдаги ушбу бир неча омиллар йигиндиси ички валюта бозорида янги босқични бошлади — сўм барқарорлик йўлида сезиларли қадам ташлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Сўм алмашинув курси 10 ойда 7 фоизга мустаҳкамланди