15:28 / 21.02.2024
179

Организмда омега-3 танқислигини билдирувчи 5 та белги

Организмда омега-3 танқислигини билдирувчи 5 та белги
Балиқ ёғи ХХ аср бошларидан буён энг машҳур озуқавий моддалардан бири бўлиб келмоқда. Уни илк бор денгиз атрофида яшовчи шимолий халқлар кашф этган.

1970 йилларда эскимослар узоқ умр кўриши ва юрак-қон томир касалликларига камроқ чалиниши аниқланди. Бунга сабаб — уларнинг таомномасида доимо балиқ ёғи бўлган. Бундай ёғларда организмдаги холестерин миқдорини камайтирадиган омега-3 ёғ кислотаси мавжуд. Кейинроқ олимлар ёғ кислоталари бутун организмга ижобий таъсир қилувчи энг муҳим модда деган хулосага келди. Шу тариқа балиқ ёғи табобат ва кундалик ҳаётда қўлланила бошланди.

Фото: Byplants
Ёғ кислоталари танамиздаги ва истеъмол қилинадиган озиқ-овқат таркибидаги ёғларнинг қурилиш материалидир. Балиқ ёғидан олинган кислоталар тўйинган ва тўйинмаган гуруҳга бўлинади. Тўйинмаган ёғ кислоталари ўз навбатида бир неча турга бўлинади: омега-9, омега-6 ва омега-3.

Қуйида омега-3 тури ҳақида батафсил сўзлашамиз

Ушбу ёғ кислоталари ҳужайраларни қуришдан сақлайди ва юрак-қон томир тизим фаолиятини рағбатлантириш вазифасини бажаради. Олимларнинг таъкидлашича, агар аёл ҳомиладорлик даврида озиқ-овқатдан етарли миқдорда омега-3 ни қабул қилса, у ҳолда бола соғлом ва кучли, яхши шаклланган неврологик ва иммун тизимига эга бўлиб туғилиш эҳтимоли юқори бўлади. Агар таомномага омега-3 қўшилса, у ҳолда бола тенгдошларига қараганда тезроқ ривожланиши мумкин. Вояга етганда қўлланилса, у тери, тирноқ ва сочни мустаҳкамлайди, кексаликда эса кўриш қобилиятини яхшилайди, юрак ва қон томирларини ҳимоя қилади, хотира ва яхши кайфиятни сақлашга ёрдам беради.

Организмда омега-3 етишмаслигини англатувчи 5 белги

1. Омега-3 етишмаслигининг асосий сигналларидан бири терининг қуруқлигидир. Ушбу кислота теридаги намликни ва эпидермиснинг эластиклигини сақлашда муҳим рол ўйнайди. Агар танада етарли миқдорда ёғ кислоталари бўлмаса, терида қуруқлик ва қичишиш каби ҳолатлар кузатилади.

2. Омега-3 бош мия фаолияти учун муҳим модда ҳисобланади. Унинг етишмаслиги хотира ва диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммоларга олиб келади. Омега-3 танқислигидан азият чекадиган инсонларда янги маълумотларни эслаб қолиш ва эътиборни бирор нарсага қаратишда қийинчилик кузатилади.

3. Омега-3 ёғ кислоталари руҳий саломатликни сақлашда ҳам муҳим рол ўйнайди. Депрессия, тушкунлик ва доимий ёмон кайфият омега-3 танқислиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

4. Ушбу ёғ кислотасининг яна бир муҳим хусусияти — яллиғланишга қаршилиги. Омега-3 етишмаслиги ҳар қандай турдаги сурункали яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин.

5. Омега-3 кислоталари кўз пардаси учун фойдалидир. Унинг танқислиги қоронғида ёмон кўриш ёки кўзлар қуришига олиб келиши мумкин. Ёши катталарда кўз нурининг пасайиши ҳам омега-3 танқислиги билан боғлиқ.

Фото: Byplants
Омега-3 танқислигини тўлдириш учун шифокорлар дорихоналарда кенг тарқалган қўшимчалар шаклидаги капсулаларни қабул қилишни тавсия этади. Бироқ унутманг, шифокор кўрсатмаси ва назоратисиз ҳеч қандай витаминларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Организмда омега-3 танқислигини билдирувчи 5 та белги