23:43 / 02.08.2024
149

Бепул тиббий хизмат тизимининг 3 та салбий оқибатлари

Бепул тиббий хизмат тизимининг 3 та салбий оқибатлари
Фото: “edupedu.ro”
Diplomat university хусусий олийгоҳининг иқтисодиёт йўналиши 3-босқич талабаси Муҳаммад Турниёзовнинг ушбу мақоласида давлат томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатиш тизимининг салбий оқибатлари санаб ўтилган.

Иқтисодиётдан маълумки, бепул нарсанинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир ишлаб чиқарилган товар ёки хизмат учун меҳнат, қобилият ёки инсон капитали каби ресурслар сарфландими, демак бу маҳсулот қийматга эга. Чунки инсонлар ўз меҳнатини қадрлайди ва уни қийматга эга деб ҳисоблайди. Аслида, одамлар ўзаро савдо қилаётганда меҳнати эвазига келган товарларини айирбошлайди.

Бошқача қилиб айтганда, кимнингдир меҳнатини сотиб олиш учун ўз меҳнати билан ҳақ тўлайди. Демак, тиббий хизмат соҳасида ҳам шифокорлар касал беморларни даволар экан, кимдир уларнинг меҳнати эвазига ҳақ тўлаши лозим. Аммо тиббий хизмат бепул бўлган мамлакатларда докторларнинг меҳнати эвазига тўланиши керак бўлган меҳнат манбайи беморларга тегишли бўлмаса, унда кимга тегишли? Албатта, солиқ тўловчиларга. Яъни тиббий хизмат “бепул” деб номланса ҳам, аслида у бепул эмас. Уни молиялаштирувчи манба бўлмиш давлат бюджетига ҳар бир солиқ тўловчи ўз меҳнатининг бир қисми билан солиқ тўлайди. Яъни, одамлар “биз тиббий хизмат, таълим ва почта хизмати учун пул тўламаймиз” деса-да, аслида, солиқлар орқали тўлаётган бўлади!

Исталган товар ёки хизматни харид қилиш, жумладан, тиббий хизматни сотиб олиш учун ҳам билвосита (солиқлар билан) тўлаш, бевосита (тўғридан-тўғри пул билан) тўлашдан кўра қимматга тушади. Бунинг биринчи сабаби ҳар бир инсон ўз меҳнатини (пулини) бирор давлат ташкилотидан кўра самаралироқ сарфлашида бўлса, иккинчиси талон-торож бўладиган ресурсларнинг камайишида дейиш мумкин.

Фото: funnyart.club
Иқтисодиёт тўғри ишлаши учун бозор муваффақиятли ишлайдиган соҳаларни бозорга, бозор муваффақиятсизликка учрайдиган соҳаларни эса давлатга топшириш зарур. Тиббий хизмат кўрсатиш соҳаси бозор механизми орқали давлат аралашувидан кўра самаралироқ ишлайдиган соҳа бўлгани учун уни давлат орқали бепул қилиш салбий оқибатларни юзага келтиради. Давлат бу ишни эзгу ниятда амалга оширса-да, аслида бундай тизим жамият учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Қуйида ана шундай салбий оқибатларнинг 3 хил турини кўриб чиқамиз.

Ортиқча истеъмол

Ривожланган мамлакатлар қаторида турувчи Буюк Британиянинг давлат соғлиқни сақлаш дастури NHS (National Health System) ҳамда Канаданинг Cаnаdа Medicare тизимлари бепул бўлгани туфайли ортиқча истеъмол кўпайиб, узоқ муддатли навбатлар юзага келади. Хизмат нархи нолга тенг бўлгани сабабли одамлар арзимаган нарса учун ҳам шифокор қабулига ёзилади. Натижада, аслида шифокор хизматига кўпроқ муҳтож бўлганлар узун навбатларда туришга мажбур бўлади. Бозор шароитида талаб ва таклиф мувозанати орқали шаклланадиган нарх механизми тўғри ишламагани ортидан шундай муаммо вужудга келади. Юқорида айтиб ўтилган NHS давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилгани сабабли навбат кутиш вақти ойларни ёки йилларни ташкил этади.

Қуйидаги графикда минглаб одамлар ортиқча истеъмол туфайли 12 соатдан кўпроқ вақт мобайнида навбатда турганини кўришингиз мумкин.

Фото: House of cоmmоns library; NHS key statistics: England
2023 йилнинг сентябрь—январь ойларида касалхонада даволаниш учун навбат кутаётганлар сони 7,8 миллион кишини ташкил этган. 2016 йилдан кейин кутиш вақтлари 18 ҳафтадан қисқармаган. Қуйидаги графикда 2023 йил январь учун йўлланма олишни кутиш вақти тасвирланган.

Фото: House of cоmmоns library; NHS key statistics: England
2008—2023 йилларда навбат кутаётган беморлар сонининг ўсиш тенденциясини кўришингиз мумкин.

Ортиқча истеъмол муаммоси нафақат тиббий хизмат текин бўлганда, балки исталган товар ёки хизматнинг нархи бозор нархидан паст қилиб белгиланганда юзага келади. Мутлақ давлат аралашуви бўлган ва нархлар бутунлай давлат томонидан белгиланган собиқ иттифоқ республикалари тизимини эслаш ортиқча истеъмол ва исрофгарчилик каби салбий оқибатлар ҳақида яхшироқ тушунишга ёрдам бера олади. Чунки СССРда барча маҳсулот давлат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилиб, нарх тизими бозор қоидаларига кўра шаклланмас эди. Натижада деярли барча маҳсулотларга турнақатор навбатлар юзага келарди.

Инсон капитали сифатининг пасайиши

Соғлиқни сақлаш тизими бепул мамлакатларда доктор бўлишга интиладиган одамларнинг инсон каптали сифати пастроқ бўлади. Бунинг сабаби докторларнинг хизматини сотиб олувчи харидор бир нечта эмас балки битта — давлатнинг ўзигина бўлганидир. Бундай ҳолатда рақобатсиз муҳит юзага келади ва натижада ойлик маош паст этиб белгиланса ҳам докторлар ўз меҳнатини арзон нархда айирбошлашга мажбур бўлади. Бу ҳолатни иқтисодчилар монопсония деб атайди. Монопсония туфайли ақлли шифокорлар юқори маош тўлайдиган давлатларга кўчиб кетиши мумкин.

Муаммони бартараф этиш сифатида хусусий клиникаларни очишга ва давлат клиникалари билан параллел равишда фаолият олиб боришига рухсат бериш етарлича ечим бўлмаслиги мумкин. Мамлакатда хусусий шифохоналар мавжуд бўлган тақдирда ҳам, инсон капитали даражаси юқори докторлар хусусий клиникаларда, пастроқлари эса давлат клиникаларида фаолият юритишни бошлайди, бу эса яна бошқа муаммони вужудга келтиради. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларининг хусусий клиникалардан хизмат сотиб олишга қурби етмайди. Бу эса, табиийки, бойлар ва камбағаллар ўртасида иқтисодий табақаланишни кучайтириб юборади.

Фото: funnyart.club
Sky News нашрининг 2023 йилги “NHS инқирози: нега кўплаб ходимлар тиббий хизматни тарк этмоқда” номли мақоласида маошларнинг бозор нархидан паст этиб белгиланиши соҳадаги инсон капитали сифатига кўрсатган салбий таъсири ҳақида ёзилган. Унга кўра, маошларнинг паст эканлиги тиббий хизмат соҳасининг жозибадорлигига шикаст етказгани туфайли янги ходимларнинг ишга кириш оқими сустлашган. Шифокор қабулига келаётганлар сони жуда кўп ва 133 000 иш ўрни бўш бўлгани учун айни вақтда фаолият кўрсатаётган ходимларда доимий когнитив чарчоқ, оғир босим ва депрессия кузатилган. Маълумотларга кўра, биргина 2022 йилда 10000 нафар ходим ишдан бўшаш учун ариза берган. Булардан 203 таси шифокорлар, 2800 таси ҳамширалар ва 4100 дан ортиғи ёрдамчи ходимлар бўлган.

Яна бир тадқиқотга кўра, тиббий хизмат бепул бўлганда абсентеизм муаммоси юзага келади. Яъни, ходимлар меҳнат мотивациясининг пастлиги сабабли ишга чиқмайди. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра Ҳиндистоннинг жанубидаги туманларда (сўровнома ўтказилган кунда) шифокорларнинг 30 фоизи ишда йўқлиги аниқланган. Ушбу кўрсаткич Жануби-шарқий Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида (Ҳиндистон, Бангладеш, Индонезия) 40 фоиздан 50 фоизгача ўзгарган.

Коррупция

Исталган товар ёки хизмат бепул бўлган жойларда коррупция даражаси юқори бўлади. Бунинг сабаби асл бозор нархи 0 (нол) дан юқори эканлигида. Давлат аралашуви билан нархлар сунъий равишда 0 (нол) қийматда белгиланса-да, истеъмолчилар томонидан хизматнинг қиймати унинг таннархидан юқори баҳолангани учун нарх мувозанати коррупция орқали тикланади. Монопсоник ҳолат сабабли докторларда ҳам ўз хизматини бозор нархидан паст нархда сотаётгани учун ким қўшимча пул тўласа, яъни кимда-ким хизмат учун тўланмаган қисмни қоплаб берса ўша одамга яхшироқ хизмат кўрсатишга рағбат пайдо бўлади.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг иш ҳақи паст бўлганлиги сабабли бу одат бузилган тизимнинг тушунарли қисми бўлиши мумкин. Бироқ норасмий тўловларнинг катта қисми энг камбағалларга тўғри келиши каттароқ ижтимоий муаммони юзага келтиради. Африканинг 33 мамлакатида норасмий тўловларни ўрганиш бўйича тадқиқот уларнинг жуда регрессив бўлиши мумкинлигини, норасмий тўловлар талаби ва ҳақиқий тўловлар аҳолининг энг камбағал қатламига тўғри келишини кўрсатади.

Фото: “dgmk.dе”
Давлат ишларида хусусий бизнесдан фарқли равишда коррупцияни назорат қилиш деярли имконсиз. Негаки назорат қилувчи шахслар ёки ташкилотлар билан ҳам коррупция орқали келишувга эришиш мумкин. Бунинг сабаби ҳеч бир давлат хизматчиси барчаси яхши бўлишидан одатда етарлича манфаатдор эмас. Худди шунингдек, барчаси ёмон бўлса ҳам давлат хизматчисига тўғридан-тўғри иқтисодий зарар етмайди. Хусусий бизнесда эса ходимлар ва бизнес эгасида стимуллар мутлақо бошқача тузилган. Бюрократия деярли бўлмагани учун хусусий бизнес ходимларининг коррупция қилиши ҳақидаги маълумот бизнес эгасига етиб бориши осонлашади. Бизнес эгаси давлат ташкилотидан фарқли равишда ходимни пул эвазига ишда қолдиришни ваъда қилмайди. Чунки у коррупция бизнесни банкротликка олиб боришини жуда яхши билади. Яъни бизнес эгасининг коррупциядан топадиган зарари унинг фойдасидан бир неча баробар кўпроқ бўлади. Давлат ташкилотларида эса бунинг акси кузатилади.

Маълум бир соҳада, жумладан, тиббий хизмат соҳасида ҳам давлат харажатларининг кўпайиши ўша соҳада пулнинг талон-торож бўлишига ҳамда самарасиз сарфланишига олиб келади. Нима учун талон-торож бўлиши кўпчиликка тушунарли бўлса-да, самарасиз сарфланишининг сабаби кўп ҳолларда тушунарли бўлмаслиги мумкин. Боиси исталган шахс ёки давлат ташкилоти товар ёки хизматнинг ҳақиқий қийматини ҳар бир истеъмолчи каби аниқ баҳолай олмаслигида. Бошқача қилиб айтганда, товар ёки хизмат истеъмолидан олинган фойда қийматини истеъмолчидан бошқа ҳеч ким аниқ баҳолай олмайди. Шу нуқтайи назардан истеъмолчиларнинг ҳар бири ўз истеъмоли учун ўзи (ўз меҳнати билан) ҳақ тўласа талаб ва таклиф мувозанати орқали шаклланган нарх механизми қайси хизмат турини кўпроқ ишлаб чиқариш кераг-у, қайсини камроқ ишлаб чиқариш кераклиги ҳақида маълумот беради.

Бу бизга чекланмаган эҳтиёжларимизни чекланган ресурсларимиз билан энг оптимал вариантда қондиришимизга имконият беради. Давлат аралашуви эса нарх механизми шаклланишига йўл қўймайди ва маълумотни йўққа чиқаради, натижада, қандайдир хизматни қанча ишлаб чиқариш энг оптимал миқдорда амалга ошмайди. Бундай вазиятда аслида ишлаб чиқарилиши керак бўлган товар ёки хизмат қолиб, унчалик керак бўлмаган товар ёки хизматни кўпроқ ишлаб чиқаришимиз ва ресурсларни нооқилона сарфлашимиз мумкин. Ортиқча истеъмолнинг юзага келиши, инсон капитали ва хизмат сифатининг пасайиши, коррупция, непотизм ва фаворитизм каби муаммолар бозор механизми давлат аралашуви туфайли ишдан чиққанининг натижаси ҳисобланади.

Фото: “медприме-cлиниc.ru”
Хулоса

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат харажатларининг камайиши ҳар бир солиқ тўловчига тушаётган солиқ юкини ҳам камайтиради. Ҳар бир солиқ тўловчи ўзида ортиб қолган пулни ўзига керак бўлган товар ва хизматларни сотиб олишга сарфлайди. Истеъмолдан олинган фойда қийматини ҳар бир истеъмолчининг ўзи, алоҳида индивид сифатида тўғри баҳолай олгани учун жамият сифатида бизга қадрли бўлган ресурсларимиз самарали сарфланади.

Тушунганингиздек, давлат аралашуви мутлақ ёки бир оз бўлганда ҳам салбий оқибатлар юзага келаверади. Аммо тиббий хизматнинг нархи қиммат бўлгани туфайли камбағал ва ногиронлиги бўлган инсонларга ижтимоий ҳимоя сифатида тиббий харажатларни жамият тўлаб бериши лозим дейишимиз мумкин. Шундан келиб чиқиб, юқоридаги салбий оқибатларни ҳисобга олган ҳолда, давлат барча тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларини хусусийлаштириши, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига эса тиббий хизмат сотиб олиш воситасини ваучер кўринишида тақдим этгани мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда давлат тиббий хизмат бепул бўлганда сарфлаётган пулларни, фақат камбағал қатлам вакилларига ваучер бериш учун сарфлайди.

Бу йўл билан иқтисодий табақаланиш юзага келишининг олдини олиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларини ҳимоя қилиш мумкин. Қолаверса, тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида давлат аралашувининг минималлашуви билан ортиқча истеъмол, ақлли инсонларнинг кўчиб кетиши (brain drain), соҳадаги инсон капитали сифатсизлиги, самарасиз харажат ҳамда коррупция каби муаммолар ҳам ўз ечимини топади. Хулоса сифатида бозор механизми тиббий хизмат кўрсатиш соҳасининг имкониятлар чегарасини максимал даражада тартибга сола олади дейишимиз мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Бепул тиббий хизмат тизимининг 3 та салбий оқибатлари