19:43 / 06.09.2024
57

Кўричакдан (аппендицит) дарак берадиган белгилар

Кўричакдан (аппендицит) дарак берадиган белгилар
Кўричакни ўтказиб юбормаслик учун касалликнинг кутилмаган аломатлари, диагностика ва даволаш ҳақида Миллий тиббиёт маркази Endovizual жарроҳи Ҳамидбек Расулов маълумотлари билан қуйида танишишингиз мумкин.

Таомланишдаги ўзига хос хусусиятлар ва иқлим шароити туфайли юртимиз аҳолиси орасида ошқозон-ичак тизими касалликлари тез-тез учрайди. Шулардан бири ўткир кўричак (аппендицит) хасталигидир.

Ўткир аппендицит – чувалчангсимон ўсимтанинг яллиғланиши ҳисобланиб, ошқозон-ичак тизимининг энг хавфли касалликларидан бири. Айниқса, у жиддий асоратларнинг тез ривожланиши ва пайдо бўлиши билан жуда хатарли.

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўткир аппендицитга дуч келиш эҳтимоли юқори. Хасталик асосан 5-40 ёшли одамларда кўп кузатилади. 40 ёшдан кейин унинг юзага келиши эҳтимол паст, лекин бутунлай учрамайди, дегани эмас.

Тез-тез ич қотишлари, ичак перисталтикасининг бузилиши, таомларда ўсимлик толаларининг етишмаслиги, меъёридан ортиқ овқатланиш, меъда¬ичак тизимининг бир қатор юқумли хасталиклари ва паразитлар уни келтириб чиқарувчи асосий омиллар ҳисобланади.

Шунингдек, ирсий мойиллик, ёмон одатлар (тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш), стресслар, витаминлар ва микроэлементларнинг етишмаслиги туфайли иммунитетнинг заифлашиши ҳам ушбу хасталикка сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир аппендицитнинг энг асосий белгиси қорин бўшлиғидаги кучли оғриқлар бўлиб, у асосан кечаси ёки эрталаб пайдо бўлади. Катарал босқичда оғриқ биринчи марта бутун қорин бўшлиғига тарқалади ёки унинг юқори қисмида кузатилади.

Бироқ кейинчалик киндикдан пастга ва белдан бироз юқорига силжийди. Вақт ўтиши билан оғриқ табиати ҳам ўзгариб, кулганда ёки йўталганда ва чуқур нафас олганда кучаяди.

Қолаверса, ич қотиш ёки ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш аппендицитнинг асосий белгилари ҳисобланади.

Ўткир аппендицит катталарга қараганда болаларда кучли ва тез кечади. Яъни, 6-12 соат ўтмасиданоқ, аппендицит девори чириб, ёрилиши ва қорин бўшлиғига йиринг тарқалиб кетиши мумкин.

Шу боис агар юқоридаги белгилар кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш лозим. Аслида ўткир аппендицит жарроҳлик йўли билан даволашни талаб қилади.

Ушбу хасталикнинг долзарблиги шундаки, замонавий жарроҳликдаги ҳолатларнинг сезиларли улушини ташкил қилади, яъни жарроҳлик бўлимларида беморларнинг 40-50 фоизи, қорин бўшлиғи аъзоларида шошилинч операцияларнинг 30 фоизигача бўлган қисми ўткир аппендицит ҳолатларига тўғри келади.

Операция бемор касалхонага келганидан кейин 2 соатдан кечиктирмай амалга оширилади. Ҳозирги вақтда замонавий клиникаларда лапароскопик усул қўлланилади, бунда кўричакни катта кесмасиз олиб ташлаш мумкин. Бундай аралашув тўқималарнинг минимал шикастланиши, асоратларнинг минимал хавфи ва қисқа муддатли тикланиш даври билан бирга келади.

Лапароскопик аппендектомия ўткир кўричакни даволашда олтин меъёр сифатида тан олинган ва жарроҳлар томонидан тобора кўпроқ афзал кўрилмоқда. Операция умумий беҳушлик остида амалга оширилади ва ўртача 30 дақиқа давом этади. Жарроҳлик ишларидан сўнг антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши препаратлар буюрилади. Ой давомида ҳаммом ва саунага ташриф буюриш тавсия этилмайди, шунингдек, қорин бўшлиғи мушакларида ортиқча кучланишдан қочиш керак.

Миллий тиббиёт маркази
Матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кўричакдан (аппендицит) дарак берадиган белгилар