16:03 / 26.09.2024
31

Елвизак, кондиционер ёки музқаймоқдан шамоллаб қолиш мумкинми?

Елвизак, кондиционер ёки музқаймоқдан шамоллаб қолиш мумкинми?
Кўпчилик айнан совуқ нарса еганидан ёки қарама-қарши эшик ва деразалар очиқ бўлган жойда ўтирганидан шамоллаб қолиш мумкин деб ўйлайди. Ҳақиқатан, кондиционер ишлаётган хонада узоқ қолгандан кейин бурун оқиши, томоқ оғриғи каби белгилар пайдо бўлади. Аммо шамоллаш юқумли касаллик бўлиб, юқоридаги ҳолатлар ЎРВИ ривожланишига олиб келмайди.

Кондиционер туфайли шамоллаб қолиш мумкинми?

Фото: Shutterstock
Хонани тез-тез шамоллатмаслик ва кондиционерни ўз вақтида тозаламаслик “хаста бино” синдромига олиб келиши мумкин. Бундай хонада қолган одам бир оз вақтдан кейин касал бўлиб қолади. Беморда томоқ оғриғи, бурун битиши, йўтал ва аксириш кузатилади. Аломатлар ЎРВИ белгиларига жуда ўхшаб кетгани учун синдром кўпинча шамоллаш деб қабул қилинади.

Кондиционерлар ҳаводан бор намликни тортиб олади ва бу нафас йўлларининг шиллиқ қаватига салбий таъсир қилади. Натижада қуруқлашган нафас йўллари ўзидан суюқлик ишлаб чиқара бошлайди ва бурун оқади. Бундай ҳолат машинада узоқ юрган пайтда ҳам кўп учрайди. Агар сиз кондиционер ёқилган ҳолда машинани узоқ вақт бошқарсангиз, томоғингиз оғрийди. Аммо машинадан ташқарига чиқсангиз, ўзингизни енгил ҳис қиласиз.

Бундан ташқари, одамлар кўпинча саёҳат пайтида касал бўлади ва бунга ҳароратнинг кескин ўзгариши сабаб бўлган дея кондиционерни айблайди. Аслида эса улар одамлар гавжум жойларда жуда кўп вирусга дуч келишини хаёлига ҳам келтирмайди. Аэропортлар, вокзалларда касаллик юқтириш эҳтимоли юқоридир.

Хулоса қилсак, салқин ҳаво зарарли эмас, бироқ қуруқ ҳаво ва ундаги вируслар касалликка чалиниш хавфини оширади. Инфекцион хасталиклар ривожланиш эҳтимолини камайтириш учун қўлларни доимо совун билан яхшилаб ювиш, сочиқ ва идишларни алоҳида қилиш ва кир қўллар билан кўзларга, бурунга тегмаслик лозим.

Елвизакдан шамоллаб қолиш мумкинми?

Фото: Life.ru
Шамоллаш вируслар билан инфекциялар туфайли келиб чиқади. Совқотиш, кондиционер ишлаётган хонада ўтириш ёки сочларни ювиб кўчага чиқиш туфайли ЎРВИ вужудга келмайди. Аммо нега совуқ мавсумда инсонлар тез-тез касал бўлади?

Совуқ ҳаводан нафас олиш бурун ва юқори нафас йўлларидаги томирлар торайишига олиб келади, бу эса қон оқимини ва иммунитетни пасайтиради, деган назария мавжуд. Шу сабабли қишда ўткир респиратор касалликлар сони ортади.

Кўплаб инсонлар елвизакдан қўрқади ва қишда тез-тез ҳаво алмаштирмайди. Аммо елвизак — бу одатий ва нормал ҳаво оқими бўлиб, хоналарни шамоллатиш вирусларга қарши курашишнинг энг яхши усулидир. Агар инфекцияланган одам ёпиқ жойда қолса, вируснинг тарқалиши ва кўпайиши тез суратда амалга ошади ва инфекция юқиш хавфи юқори бўлади.

Хитойлик олимлар уч мингдан ортиқ талаба иштирокида тадқиқот ўтказди ва агар хона шамоллатилмаса, касалланиш кўпайишини аниқлади. Масалан, олти кишилик хонада яшовчи инсонлар уч кишилик хонада яшовчиларга қараганда кўпроқ касал бўлди. Демак, уйга ташқаридан қанчалик кам ҳаво кирса, инфекцияни юқтириш хавфи шунчалик юқори бўлади.

Музқаймоқ ейиш сабабли касал бўлиш мумкинми?

Фото: Shutterstock
Томоқ оғриғининг энг кенг тарқалган сабаблари бактериялар, вируслар ва чекишдир. Яхна ичимликлар ёки ширинликларни истеъмол қилиш касаллик хавфини оширмайди.

Бундан ташқари, шифокорлар томоқдаги ноқулайлик ва оғриқни камайтириш учун салқин таомларни истеъмол қилишни ва ҳатто музқаймоқ ейишни маслаҳат беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Елвизак, кондиционер ёки музқаймоқдан шамоллаб қолиш мумкинми?