18:37 / 03.10.2024
33

Кўп ўтиришнинг 5 та хавфли оқибати

Кўп ўтиришнинг 5 та хавфли оқибати
Фото: iStock
Замонавий дунёда инсонлар юмшоқ диванда ўтирган ҳолатда чексиз маълумотлар оқимидан фойдаланиш имкониятига эга. Биз шундай ҳаракатсиз тарзда соатлар, кунлар ва ҳатто ҳафталарни ўтказганимизни сезмай қоламиз. Аммо бундай қулайликларнинг бадали бизга қимматга тушиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.

Қуйида узоқ вақт ўтириш қандай касалликларни келтириб чиқариши ва уларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш кераклигини кўриб чиқамиз.

Камҳаракат турмуш тарзининг оқибатлари

1. Мушаклар атрофияси, суяк массаси ва зичлигининг камайиши


Мушаклар атрофияси бу уларнинг ҳажми ва кучининг камайиши бўлиб, узоқ вақт давомида ўтириш туфайли вужудга келади. Айниқса, тана пастки қисмидаги мушаклар, пресс ва бел соҳаси бунга мойил бўлади. Атрофия чарчоққа, оғир юкларни кўтариш, юриш ва ҳатто оёқ-қўлларни ҳаракатлантиришда қийинчиликларга олиб келади. Аввалига бундай оғриқларни турли таблеткалар ёрдамида қолдириш мумкин бўлади, аммо кейинчалик касаллик сурункали шаклга ўтиши ва дорилар таъсир қилмаслиги мумкин.

2. Юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолар

Доимий ўтирган ҳолатда кун ўтказиш тромбоз ва тромбоэмболия ривожланиш хавфини оширади, метаболизм пасаяди, қонда ёғлар тўпланади ва холестерин миқдори ошиб, атеросклерознинг ривожланишига олиб келади. Бундай ҳолатда юрак хуружи ва инсультга чалиниш хавфи ортади.

3. Овқат ҳазм қилишда муаммолар

Камҳаракат турмуш тарзи қорин бўшлиғи мушакларини заифлаштиради, бу эса перисталтика (ошқозон деворининг бир маромда тўлқинсимон қисқариши) ишини қийинлаштиради. Натижада ошқозонда газлар тўпланади, ҳазм қилиш тизими ишдан чиқиб, қабзият ривожланади. Метаболизм секинлашиши эса ортиқча вазн тўпланишига ҳамда организмга тушган озуқа моддаларининг сўрилишида қийинчиликларга олиб келади.

4. Умуртқа поғонаси билан боғлиқ муаммолар

Узоқ вақт давомида нотўғри ҳолатда ўтириш умуртқа поғонасига босимни оширади, бу эса унинг эгри бўлишига, бел оғриқлари пайдо бўлишига олиб келади.

5. Руҳий саломатликка оид муаммолар

Жисмоний фаолликдан кейин яхши кайфият ва хотиржамлик ҳисси учун масъул бўлган гормон — серотонин ишлаб чиқарилади. Узоқ вақт давомида ўтириш эса серотонин даражасининг пасайишига олиб келади. Шу сабабли камҳаракат инсонларда депрессия, ташвиш ва асабийлашиш ҳолатлари кўп кузатилади.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳаракатсиз турмуш тарзи бугунги кунда организмнинг “қотили”га айланган. Жисмоний фаолликнинг етишмаслиги бутун дунё бўйлаб ўлим кўрсаткичининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, ЖССТ ҳаракатсиз турмуш тарзи ва жиддий касалликларнинг ривожланиши ўртасида узвий боғлиқлик борлигини таъкидлайди:

- Йўғон ичак ва кўкрак саратони: 21 дан 25 фоизгача ҳолатлар ҳаракат етишмаслиги билан боғлиқ;
- Юрак ишемик касаллиги: 30 фоиз ҳолларда нофаол турмуш тарзи сабабли;
- Қандли диабет: 27 фоиз ҳолларда камҳаракат турмуш тарзи билан боғлиқ.

Тавсиялар

Ҳаракат — ҳаёт манбаи. Доимий ҳаракатда бўлиш одатини шакллантириш, жисмоний фаолликни кундалик тартибга киритиш муҳим. Албатта, бирданига мураккаб спорт тури билан шуғулланиш ёки организмни толиқтириш шарт эмас. Ишни кунига 30 дақиқа юришдан бошлаб, ҳафтада 2-3 марта бирор севимли спорт машғулоти билан шуғулланишдан бошлаш мумкин. Жисмоний фаолият худди тишларни ювиш каби куннинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиниши лозим.

Юқоридаги касалликларнинг олдини олиш учун доимий ўтирган ҳолатда ишлайдиган ходимлар ҳар соатда 20 марта ўтириб-туриш ва 3-5 дақиқа тез юриш машқларини бажариши, тўғри овқатланиш тартибига риоя этиши, лифт ўрнига зинапоялардан фойдаланиши ва кунига камида 10 минг қадам юриши лозим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кўп ўтиришнинг 5 та хавфли оқибати