15:02 / 02.12.2024
10

Танада яллиғланиш жараёни кетаётганидан дарак берувчи симптомлар

Танада яллиғланиш жараёни кетаётганидан дарак берувчи симптомлар
Фото: Marie Claire
Танадаги ҳеч қандай яллиғланиш жараёнини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас, чунки ҳар бир инсоннинг иммун тизими яллиғланишга турли кўринишда реакция беради ва асосий эътиборни организмнинг касалланган қисмига қаратиб, унга махсус шифобахш моддалар юборишни бошлайди.

Агар танадаги ташқи белгиларга аҳамият берилмаса ва яллиғланиш бошланган аъзонинг ҳолати ўз вақтида яхшиланмаса, организмнинг умумий аҳволи сезиларли даражада ёмонлашиши мумкин. Шунинг учун яллиғланиш жараёни ҳақида огоҳлантирувчи белгиларни эътиборсиз қолдирмаслик зарур.

Оғриқ

Яллиғланиш кўпинча турли оғриқлар билан бирга келади. Оғриқ ўткир яллиғланишда кучли бўлиши ва сурункали ҳолатларда юрак пулсига ўхшаш тарзда такрорий оғриқ сифатида намоён бўлиши мумкин. Ҳар қандай турдаги доимий оғриқ юзага келганда шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Чарчоқ

Организм яллиғланиш жараёни билан фаол курашаётганда, тана икки ёки уч баробар кўп энергия сарфлайди. Шу сабабли инсон тезда ҳолдан тояди. Бундай чарчоқнинг кучайиши турли инфекция, аутоиммун касалликлар ва қатор омилларнинг натижасида содир бўлиши мумкин.

Бош оғриғи

Фото: Marie Claire
Бош оғриғи дунёдаги ҳар еттинчи одамда учрайдиган ҳолатдир, аммо унга ҳаётимизнинг одатий бир қисми сифатида қараш керак эмас. Айниқса, бош оғриғининг доимий такрорланиши ва яллиғланишнинг бошқа белгилари билан биргаликда намоён бўлиши тиббий текширувни талаб этади.

Нафас олиш билан боғлиқ муаммолар

Нафас олиш қийинлашиши, овознинг бўғилиши, нафас йўлларининг қисилиши ва йўтал каби ўпканинг яллиғланиш белгиларига эътиборсиз бўлмаслик лозим. Бундай аломатлар пайдо бўлганда шифокор беморга керакли дори-дармонларни буюради ва яллиғланиш билан мустақил курашаётган иммунитетга келадиган юкни камайтириш учун ингалятордан фойдаланишни тавсия беради.

Ўзгарувчан кайфият

Инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатлари доимо ўзаро боғлиқдир. Яллиғланиш ҳам инсон онги ва психикасига бевосита таъсир қилиши мумкин. Бунда бемор кўп ташвишга тушади, кайфияти тез-тез ўзгариб туради. Баъзи ҳолатларда депрессия ҳам кузатилади.

Лимфа тугунларининг кенгайиши

Лимфа тугунлари иммунитет ҳолати ҳақида маълумот берувчи муҳим қисмдир, шунинг учун уларнинг кенгайиши баъзи инфекциялар ва аутоиммун касалликларга бошланганини англатади.

Теридаги ўзгаришлар

Юз терисининг кўринишига қараб ички органлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш мумкин. Танадаги яллиғланиш натижасида терида қизариш, қичишиш ёки тошмалар акс этади. Аммо бундан аввал юз терисининг бундай кўринишига парвариш маҳсулотлари сабабчи эмаслигини аниқлаш жоиз.

Овқат ҳазм қилишда муаммолар

Фото: Marie Claire
Ошқозон-ичак трактидаги турли муаммолар: қабзият, диарея, қорин дам бўлиши ҳам танада юзага келадиган яллиғланиш жараёни сабабли содир бўлиши мумкин. Чунки иммунитет шу йўл орқали танадаги патоген бактериялардан халос бўлишга ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Танада яллиғланиш жараёни кетаётганидан дарак берувчи симптомлар