11:49 / 24.12.2024
10

Тадқиқот: жазирама ҳаво инсон организмининг қариш жараёнини тезлаштиради

Тадқиқот: жазирама ҳаво инсон организмининг қариш жараёнини тезлаштиради
Экстремал иссиқлик нафақат сайёрамизга зарар етказади, балки инсон организмининг қариш жараёнини тезлаштириши ҳам мумкин, деб таъкидлади олимлар. Nature хабар беришича, бу ҳақда Америка Геронтология жамиятининг йиллик илмий анжуманида тақдим этилган Америка тадқиқотида айтилган.

2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши аниқ. Январдан октябргача глобал ҳарорат шу қадар юқори бўлганидан тез орада аввалги рекордлар янгиланиши кутилмоқда.

Иссиқлик юрак ва буйракларга ортиқча босим юклайди, шунингдек, ақлий жараёнларни секинлаштиради. Аммо экстремал ҳарорат кўзга кўринмас оқибатлар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Тадқиқотчилар “эпигенетик соат” деб аталадиган ДНКнинг кимёвий ўзгаришлари тўпламини ўрганди. Бу ўзгаришлар, одатда, ёш улғайиши билан содир бўлади. Улар қарилик белгиси экани ҳақида баҳcлар мавжуд бўлса-да, олдинги тадқиқотлар ушбу ўзгаришларни экологик ва ижтимоий стресс, шунингдек ҳомиладорлик ва соғликка оид ҳолатлар билан боғлаган.

Олимлар 2016–2017 йилларда 56 ёш ва ундан катта бўлган 3,8 минг кишидаги шундай ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилди. Сўнг ушбу маълумотлар АҚШдаги ҳарорат карталари билан солиштирилди. Иштирокчиларнинг ирқий ва этник келиб чиқиши, чекиш-чекмаслиги, яшаш жойи ҳамда даромади каби бошқа омиллар ҳам инобатга олинди.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, иссиқ кунлар кўпроқ бўлган ҳудудларда бир ёки олти йил давомида яшаган одамлар, салқинроқ жойда истиқомат қилганларга нисбатан молекуляр даражада “қарироқ” бўлган. Иссиқ кунлар улуши ҳар 10 фоизга кўпайганда, тадқиқот иштирокчиларининг молекуляр ёши 0,12 йилга ортиб борган.

Молекуляр кўрсаткичларнинг бошқа бир гуруҳи иссиқ иқлимда яшовчи одамларнинг 0,6 фоизи тезроқ қариётганини намойиш қилган. Шу билан бирга иссиқ давр қисқа — бир неча кун ёки ойга чўзилганда, одамларнинг ёшига сезиларли таъсир этмаган.

Тадқиқотда иштирокчиларнинг кондиционери борлиги-йўқлиги, улар ташқарида қанча вақт ўтказгани ҳисобга олинмаган. Олимлар иссиқликка нисбатан индивидуал реакцияларни ҳам кузатмаган. Ушбу масалалар устида кейинги ишларда шуғулланиш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Тадқиқот: жазирама ҳаво инсон организмининг қариш жараёнини тезлаштиради