20:00 / 04.01.2025
129

Зарарли овқатлар ва ортиқча истеъмолга бўлган мойиллик мияда қандай шаклланади?

Зарарли овқатлар ва ортиқча истеъмолга бўлган мойиллик мияда қандай шаклланади?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 1975 йилдан 2016 йилгача дунё бўйлаб семизлик уч баробар кўпайди ва бугунги кунда бир миллиарддан ортиқ одам, яъни дунё аҳолисининг тахминан 13 фоизга яқини ортиқча вазндан азият чекмоқда. Вазият йилдан йилга жиддийлашиб боргани сабаб, БМТ 2016-2025 йилларни “Озиқланиш муаммоларига қарши курашиш ўн йиллиги” деб эълон қилган. Шунга қарамай вазият ўнгланмади, катталар ва болалар орасида ортиқча вазн ва семизлик муаммолари кўпайишда давом этмоқда.

Жумладан, 1990 йилдан 2022 йилгача глобал миқёсда 5-19 ёшдаги болалар ва ўсмирлар орасида семизлик билан яшовчилар тўрт баробар, яъни 2 фоиздан 8 фоизгача, 18 ва ундан катта ёшдагилар орасида эса икки баробардан кўпроқ, яъни 7 фоиздан 16 фоизгача ошди. Бир вақтлар фақат юқори даромадли мамлакатларда бундай муаммо юзага келган бўлса, бугунги кунда баъзи ўрта даромадли давлатлар ҳам ортиқча вазн ва семизлик даражаси бўйича рейтинглардаги юқори ўринларни бошқаларга бермаяпти.

Хўш, нима сабабдан одамлар орасида вазн билан боғлиқ ҳолатлар ортиб бормоқда? Масаланинг туб илдизи қайси факторларга бориб тақалади? Таомлар таркиби ва шакли ортиқча вазн тўплашда қай даражада ричаг вазифасини бажаради?

Таомнинг тақдим этилиш шакли иштаҳа даражасини белгилайди

Озиқ-овқат маҳсулотларининг нафақат ранги ва тузилиши, балки унинг қандай идишда, қанча ҳажмда ва қай усулда тақдим этилиши ҳам иштаҳанинг қўзғалиш даражасига таъсир кўрсатади. Бу тўғридан тўғри қанча таом ейишимиз ва қанча калория тўплашимизни белгилайди.

Тадқиқотларда аниқланишича, овқат сузиладиган идишнинг ҳажми истеъмол истагини олдиндан белгилаб беради. Мисол учун, турли ўлчамдаги ликопчаларга бир хил миқдорда солинган овқат бизга ҳажм жиҳатдан бир-биридан фарқли кўринади. Бу тушунча Нидерландиядаги Вагенинген университетининг озиқ-овқат истеъмоли фанлари бўйича доценти Эллен ван Клиф томонидан ўтказилган тадқиқотда ўз тасдиғини топган.

Идиш ташқи кўринишининг таом истеъмолига қандай таъсир қилишини аниқлаш бўйича олиб борилган тажрибада 86 кишига икки ҳажмли идишда (6,9 литрли ва 3,8 литрли) макарон берилган. Иштирокчилар катта идишдаги макаронни кичигига солинганига нисбатан 77 фоиз кўпроқ истеъмол қилганликлари аниқланган. Бу ҳодиса Делбёфнинг оптик иллюзия назарияси билан изоҳланади. Яъни катта идишда таом миқдори визуал равишда камроқ бўлиб кўринади ва одамлар ўзларини тўймагандек ҳис қилиб, кўпроқ овқат истеъмол қилади.

Бошқа олимлар ўтказган тадқиқотда эса ошқозон тўйгани ҳақида сигналнинг мияга юборилиши нафақат идишлар ҳажми, балки қошиқ ўлчамига ҳам боғлиқлиги аниқланган. 85 киши қатнашган синов ишида иштирокчиларга икки хил ҳажмли қошиқ берилган. Улар ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш асосида музқаймоқларни идишларга солиб, истеъмол қилган. Таҳлилларга кўра, катта ҳажмли қошиқдан фойдаланганлар бошқаларга қараганда музқаймоқни 14,5 фоиз кўпроқ еган.

Истеъмолчи хатти-ҳаракатлари ва маркетинг тадқиқотлари билан шуғулланган америкалик собиқ профессор Браян Уансинк ва Гронинген университети профессори Коерт Ван Иттерсум бу борадаги тадқиқотни стаканлар устида давом эттирган. Тажрибада маълум бўлишича, ичимликлар тор ва узун идишларга қуйилса, унинг ҳажми ясси стаканлардагига қараганда 30 фоизга кўпроқ кўринади. Мазкур фарқнинг сабаби сифатида классик вертикал-горизонтал оптик иллюзия, яъни одамлар доимий равишда бир хил ўлчамдаги вертикал чизиқларни горизонталларга қараганда узунроқ деб ҳисоблашлари келтирилган.

Шунингдек, думалоқ ликопчаларга қўйилган озиқ-овқат миқдори тўртбурчак шаклдагиларига қараганда онгсиз равишда камроқ деб қабул қилиниши, иштаҳа очишга ундовчи товушлар ва ҳидлар, визуал эффектлар, овқат ва идиш ранги бир хиллиги ҳам таомни ортиқча истеъмол қилишни юзага келтириши мумкинлиги қайд этилган.

Иштаҳани нима тартибга солади?

Мия томонидан озиқ-овқат хусусиятлари ҳақидаги ташқи дунёдан олинган барча маълумотлар кўриш ва эшитиш, яъни тананинг ташқи рецепторлари — экстерорецепторлар орқали қабул қилинади. Иштаҳани асосан ички сигналлар, яъни интерорецепция бошқаради. Овқатланишни бошлаганимизда таъм рецепторларимиз фаоллашади. Таом тановул қилишни давом эттириш ва иштаҳани рағбатлантириш интерорецепцияга боғлиқ бўлади. Агар бу рецепторлар фаолияти бузилса, иштаҳасизлик юзага келади ёки унинг акси ўлароқ, тўймаганлик ҳисси ва ортиқча овқатланишга хоҳиш уйғонади.

Ички сигналлар қуйидаги гормонлар ёрдамида шаклланади:

• Грелин: очлик гормони сифатида танилган. Ошқозонда ишлаб чиқарилади ва мияда очлик ҳиссини қўзғатади;

• Лептин: тўқлик гормони бўлиб, ёғ ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилади ва мияда тўқлик ҳиссини ҳосил қилади, овқатланишни тўхтатишга ёрдам беради.

• Инсулин: овқатланишдан кейин қондаги шакар даражасини назорат қилиш орқали иштаҳага таъсир кўрсатади;

• Кортизол: стресс гормони бўлиб, баъзан стрессга жавобан ортиқча овқатланишга сабаб бўлиши мумкин.

Ортиқча овқатланиш қандай юзага келади?

XX асрнинг охиригача керагидан ортиқ озиқ-овқат истеъмоли истаги ва шунга мос равишда ортиқча вазнни юзага келтирувчи асосий омил нафсни чеклаш учун ирода кучи ва ўзини ўзи бошқариш хусусиятининг етишмаслиги билан изоҳланар эди. Бироқ интероцептив механизмлар, яъни ички сигналлар тушунчаси кашф этилгандан сўнг бу мавзуга қарашлар тубдан ўзгарди.

Замонавий илмий маълумотлар семиришнинг ривожланишида етакчи омил гормонлар ёки эндокринологик касалликлар эмаслигини тасдиқлайди. Асосий сабабчи бу – ёғлар ва углеводларни юқори концентрацияларда ҳамда табиатда деярли учрамайдиган нисбатларда бирлаштирган озиқ-овқат маҳсулотлари. Улар ички сигналлар ёрдамида миянинг кўп овқат ейишга нисбатан рағбатлантириш тизимини ортиқча фаоллаштиради ва иштаҳани жиловлаш қобилиятини сусайтиради. Натижада қанча кўп овқатлансангиз, яна шунча кўпроқ таомланишни хоҳлаш ҳолати юзага келади.

Ташқи кўринишидан жозибали, ёғли, ширин овқатлар допамин каби нейротрансмиттерлар орқали миядаги рағбатлантириш тизимларини фаоллаштиради. Энг аниқ мисол: тўйимли овқатдан кейин мазали ширинлик истеъмол қилиш. Одатда, қорин қанчалик тўла бўлишидан қатъи назар ширинлик учун доимо жой топилади. Бундай таомланиш тартибига бўлган миядаги рағбат ошқозоннинг тўлганлиги ҳақида сигнал берувчи тизимни бузади.

Калорияга бой таомларни тановул қилишга нисбатан миядаги рағбатлантириш тизими қандай фаоллашади?

Тезпишар таом ва носоғлом овқатлар ўз таркибида кўп миқдорда шакар, ёғ ва туз сақлайди. Мазкур моддаларнинг истеъмоли миямизда допамин деб аталадиган нейротрансмиттер моддалар ажралишига олиб келади. Допамин мия учун рағбат сифатида ишлайди, яъни ёқимли ҳис-туйғуларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, ширинликлар ҳамда тезпишар таомлар мазали, ўзига хос ташқи кўринишга эгалиги билан таъм сезгиларини кучайтиради ва кўпроқ ейишга ундайди.

Александра ДиФелиcан Тонио томонидан ўтказилган изланишда таркибида ҳам ёғ, ҳам углеводлар мавжуд бўлган озиқ-овқатлар фақат битта компонентни ўз ичига олган маҳсулотларга нисбатан миянинг мукофот тизимини кучлироқ фаоллаштириши маълум бўлган.

Бу борада каламушлар устида тадқиқот ўтказилган. Унда жониворларга стандарт ва юқори калорияли маҳсулотлар (колбаса, шоколад, чизкейк ва бошқа деликатеслар) танлаш имконияти берилган. Каламушлар стандарт егуликлардан кўра юқори калорияли маҳсулотларни қайта-қайта истеъмол қилиб, ортиқча вазн ола бошлаган. Кейинги босқичда каламушларга егуликни истеъмол қилиш учун электр токи зарбасини берувчи тўсиқ ўрнатилган. Жараёнда оддий егулик истеъмол қилган каламушлар тезда овқатни ташлаб, бошқа жойга қочган, бироқ ёғли ва ширин озиқ-овқат истеъмол қилган ҳамда ортиқча вазн олган каламушлар электр зарбага қарамасдан овқатланишни давом эттирган. Бу тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ёғли ва ширин озиқ-овқатлар мияда допамин ажралишини кучайтириб, рағбат ҳиссини оширади, мазкур жараён наркотик моддалар истеъмоли каби носоғлом озиқ-овқатга қарамликни юзага келтиради.

Носоғлом озиқ-овқатга қарамлик ва гиёҳвандлик ривожланиш механизмларининг ўхшашлиги 2009 йилда олимларни махсус диагностик сўровнома – YFAS ( Yel озиқ-овқатга қарамлик шкаласи )ни ишлаб чиқишга ундади. Бу сўровнома ёрдамида хавфли озиқ-овқатлар рўйхати шакллантирилган. Маҳсулотлар қайта ишланганлик даражасига қараб тўрт гуруҳга бўлинган:

1. Ҳеч қандай қайта ишланмаган ёки минимал даражада қайта ишланган маҳсулотлар (мева, сабзавотлар, сут).

2. Пишириш учун ишлатиладиган қайта ишланган ингредиентлар (шакар, ўсимлик ва ҳайвон ёғлари).

3. Қайта ишланган маҳсулотлар (пишлоқлар, қовурилган гўшт, консерваланган сабзавотлар).

4. Юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар (газланган ичимликлар, чипслар, колбаса ва сосискалар, тез тайёрланадиган шўрва ҳамда лапшалар, шоколад, конфет, фаст-фуд, пишириқ ва ширинликлар).

Бу маҳсулотлар, одатда, кўп миқдорда сунъий ранг берувчи моддалар, эмулгаторлар (сув ва ёғ каби аралашмайдиган моддаларнинг аралашишига ёрдам берадиган моддалар), тўлдирувчилар (маҳсулот ҳажмини кўпайтириш учун ишлатиладиган моддалар, улар озиқ-овқатнинг таъми, тузилиши ёки кўринишини ўзгартирмасдан, ҳажмини ошириб беради), стабилизаторлар (озиқ-овқатнинг узоқ вақт сақланишини таъминлайдиган моддалар)ни ўз ичига олади ва таркибида юқори миқдорда туз, ёғ ва шакар сақлайди. Бундай маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш эса ортиқча вазн ҳамда семизликни келтириб чиқаради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик