ХИСЛАТ НИМА ЎЗИ?
Мендан тушунтиришни сўрашса, бундай жавоб бераман:
Яратувчи бандасини яратган ва қувват бериб, жон ато этган. Яшаш учун керакли қувват ичимизда. Ўша қувват ичимизда бор экан, биз севамиз, нафратланамиз, овқат еймиз, ҳаракат қиламиз, кўпайишамиз.
Қўлида одам ўлган инсонлар: “Пуф деб нафас чиқарди-ю, ўлди”, дейди. Ҳамма охирги нафасини чиқариб ўлади. Охирги чиқарилган нафас билан Аллоҳ яшашимиз учун берган қувват чиқиб кетади ва одам жасадга айланади.
Айрим инсонларга Аллоҳ қўшимча қувват берган. У қувват ташқарида, инсоннинг атрофида бўлади.
Бундай инсонларнинг аураси индиго рангида бўлади. Ана ўша қуввати бор инсонлар — хислатли инсонлар. Халқ тилида айтсак, «орқали», қўл олиши лозим бўлган инсонлардир.
Ушбу инсонлар хислатидан фойдаланиб, Аллоҳнинг бандаларига ёрдам бериши керак (шарт).
Инсон ўзининг хислати бор эканлигини қандай билса бўлади?
Ўйлагани тезда амалга ошади. Кўпинча кўрган тушлари ўнгидан келади, қўллари қизиши мумкин, бошқалар кўрмайдиган нарса ва ҳодисаларни кўриши мумкин.
Хислати бор одам хислатини ишлатмаса, жуда қийин аҳволга тушади, яъни тез-тез касал бўлади, омадсиз бўлади, ҳеч ким билан чиқишмайди, зарда қиладиган бўлиб қолади.
Шу ўринда хислатни ишлатиш учун нима килиш керак деган савол туғилади. Хислатни ишлатиш учун авваламбор ўзининг хислатини яхшилаб йўлга солган устоз топиб, шогирд бўлиш керак.
Устоз ўзини ҳам, шогирдини ҳам дастурлаб, поклаб, шогирдининг хислат қувватини кафтига ёки елкасига жамлаб, шогирдни қуввати билан таништиради. Сўнгра шогирдга хислатини қандай усуллар билан ишлатиши мумкинлигини тушунтиради.
Мен хислатли ёшларга бўғин ва елкалардан туз олишни ўргатаман, бино ва иморатларнинг аурасини тозалашни ёки қувват билан даволашни ўргатаман. Чунки ёшлар куф-суф қилиб дам уришни ёки кинна солишни хоҳламайди. Ёши улуғларга дам уришни, кинна солишни ўргатаман.
Менга мурожаат қилган инсонлар, одатда, мен дастурхон, тахта-супра қилиб, чилла ўтириб қўл олганман, лекин ҳаётимизда ҳеч нарса ўзгармади, дейди.
Ҳеч қаерда қўл олиш, яъни хислатни дастурлаш учун дастурхон, тахта-супра ёки қамчи, пичоқ лозим дейилмаган. Жонлиқ сўйилсин дейилмаган. Эрталабдан кечгача рўмол ўраб ёки дўппи кийиб ўтириб одам кўриш керак дейилмаган.
Менинг шогирдларимнинг кўпчилиги эрталаб, масалан соат 6.00 дан 8.00 гача қабул вақти деб эълон қилади. Соат 9.00 дан давлат иши билан ёки шахсий бизнеси, уй ишлари билан шуғулланади.
Хислатни йўлга қўйиб, иш ўрганиш учун қанча вақт керак?
Уч кундан етти кунгача. Кўпинча уч кун кифоя.
Қўл олиш учун жонлиқ сўйиш керакми? Шарт эмас. Маблағингиз бемалол бўлса, ҳиммат қилсангиз, жонлиқ сўйиб эълон қилишингиз мумкин.
Гулнора Шерматова
Ноёб қобилият соҳиби, биоэнерготерапевт Баҳодир Шерматов бу ҳақда нима дейди?
Ишлар қалай, соғлиқ яхшими? Бу саволга: “Ҳаммаси жойида, отдекман!” деб жавоб қилганингизга анча бўлдими? Балки энди бунинг ўрнига “Бошим тарс ёрилай деяпти”, «Уҳ, белим ушлаб қолди», каби жавобларни қилаётгандирсиз?
Саломатлик таърифлаб ўтирилмайди. Аммо уни йўқотишимиз билан минглаб сўзлар оғриқни, чекаётган азобларимизни, туганмас муаммоларни ифодалайди. Кўнглимизга қил ҳам сиғмайди. Кишини қандайдир умидсизлик қамраб олади. Эртанги кун ҳақида ўйлагинг ҳам келмай қолади. Соғлиқ тикланиши билан эса одам дунёга бошқача кўз билан қарай бошлайди. Табиатга, атрофдаги кишиларга эътибор қилади. Ваҳоланки, бу нарсалар, аслида, кеча ҳам, бир ой аввал ҳам бор эди. Касаллик шундай нохуш ҳолатки, у одамни дунёдан узиб қўяди, узлатга маҳкум этади.
Саломатлиги тикланган одамга сўзлар ҳам даркор эмас. У оддийгина қилиб: «Михдекман», — деб қўя қолади.
Биз тиббий технологиялар ўта ривожланган ҳозирги даврда ҳам табибларга мурожаат этишни канда қилмаяпмиз. Қайси бир жиҳатдан табиблар усули анча ибтидоий туюлса-да, лекин табибнинг иқтидори, ҳеч қандай таҳлилларсиз ташхис қўйиши, ҳар бир оғриғингизни ҳис қилиши бизда уларга нисбатан ихлос уйғотиши сир эмас. Балки шунинг учундир, улар беморларни самарали даволашади.
Биз ноёб қобилият соҳиби, биоэнерготерапевт Баҳодир Шерматовни баҳсга чорладик.
— Нима учун айнан табибликни, одамларни даволашни танлагансиз?
— Бу дунёда ҳар бир кишининг ўз илоҳий вазифаси, бурчи бор. Кимдир новвой бўлади, кимдир ошпаз, яна кимдир ўқитувчи. Мен ҳам бежизга табибликни танламаганман. Айтишларича, катта бобом Баҳодир Шерматов дуохон бўлган эканлар. Одамларни силаб, гиёҳдан дамламалар бериб даволаганлар. Худо юқтирган табиб деб шунга айтсалар керак-да!
Кўпчилик бор жойга киролмайман. Чунки улар танасидаги оғриқни ўзимда ҳис қиламан. Бу бир томондан яхши, иккинчи томондан жуда ноқулай. Яна денг, бу оғриқ мен ўша одамни даволамагунимча ўтиб кетмайди. Ахир кўчадаги бутунлай бегона кишига: «Келинг, сизни даволаб қўяман», деёлмайман-ку! Аммо табиб учун бемор дардини ҳис қилиш жуда муҳим. Мен одам организмини аниқ тасаввур қиламан ва аввало ундаги заиф ва кучли томонларни белгилайман. Шу йўсинда унинг сурункали касалликларини ажратиб, алоҳида эътибор билан даволайман. Ҳар бир бемор билан алоҳида ишлашни яхши кўраман. Бир нарсани ўзимга шиор қилиб олганман: ҳар бир киши соғ-саломат бўлиб, ҳаётдан баҳра олиб яшашга ҳақли. Мен одамлар йўқотган қувончни қайтаришни истайман. Негаки, табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб, деб бежизга айтмайдилар. Бир пайтлар ўзим ҳам томдан йиқилиб, анча пайтгача қимир этмай ётишга мажбур бўлганман. Бунинг қанчалар азоб эканини яхши биламан. Ўшанда соғайиб қетсам, беморларни даволаб, оёққа қўяман, деб ўз-ўзимга сўз берганман.
— Баҳодиржон, сиз беморларни биоқувват ёрдамида даволайсиз. Айтинг-чи, уларнинг самарали даво топишига нима сабаб бўляпти, деб ўйлайсиз?
— Руҳ ёки одамнинг латиф танаси мавжудлиги ҳақида жуда кўп мақолалар босилди. Билишимча, сиз ҳам бу ҳақда кўп ёзгансиз. Ниҳоят, буни олимлар ҳам тан олишяпти. Табобат — асосий эътиборни танани эмас, руҳни даволашга қаратади. Мен, масалан, одамнинг ҳар бир аъзосини алоҳида даволашларига қаршиман. Одамни бир бутунликда кўриш керак, чунки у бир тану бир жон! Агар унинг буйрагида муаммо бўлса, бу, албатта, унинг бошқа аъзоларига ҳам зарар етказади. Шунинг учун касаллик белгилари билан унинг оқибатини эмас, балки уни келтириб чиқарган сабабни даволаш керак. Акс ҳолда, ўша сабаб танада яшириниб қолса, барибир бир кун келиб бош қўтаради. Шунинг учун касалликнинг томирини кесиб, унинг қайталанишига ҳеч қандай имконият қолдирмаслик лозим!
— Буни аниқлаш осон эмасдир?
— Албатта, осон эмас. Аввалига танани зиёнлардан тозалаб, унга шифобахш қувват бераман. Шундан кейин зарарланган ёки фаолияти бузилган ички аъзолардаги биологик ҳолатни биоқувват ёрдамида тиклашга ҳаракат қиламан. Муҳими, касалликни келтириб чиқарган биринчи сабабни аниқлаб олиш. Чунки, аслида, касаллик қачон пайдо бўлганини одамнинг ўзи ҳам эслаб қололмайди. Масалан, кимнингдир оёғи оғрийди. У йиллаб бод касаллигидан даволанади, аммо тузалмайди. Чунки бунинг сабаби, аслида, бутунлай бошқа нарса бўлиб чиқади. Бир пайтлар бемор йиқилган ва умуртқа поғонасини шикастлаб олган. Ўша пайтда бунга эътибор қилмаган, оғриқ ҳам секин-аста ўтиб кетган. Йиллар ўтиб, бемор буни эсламайди ҳам. Шунинг учун у боддан даволанади, касал эса тузалмайди. Кўрдингизми, касалликнинг бош сабабини аниқлаш қанчалар муҳим.
— Ҳозирги кунда тиббий технологиялар ривожланди. Аммо баъзида компьютер томографияси ҳам, қатор топширилган таҳлиллар ҳам ташхис қўйишни енгиллаштира олмаяпти!
— Афсуски, шундай. Киши табиб бўладими, шифокорми, беморнинг оғриқларини ҳис қилиши керак, деб ўйлайман. Агар биз беморга юрагимиз билан ички сезгимизга таяниб ёндошсак, касаллик сабабини, албатта, тўғри аниқлаймиз. Масалан, бир жиноятни аниқлашда изқувар далилларга ва мантиқий хулосаларига таянади. Табиб эса беморни даволашда ички сезгисига, ботинига суяниши керак. Ички сезгим мени ҳеч қачон алдамаган.
— Бу ерда ҳамма беморлар бирдек даво топиб кетадими?
— Ҳатто тиббиётда ҳам бари беморлар бир хилда шифо топиб кетмайди. Бу фақат менгагина боғлиқ эмас. Қолаверса, бу беморнинг ўзига, иродасига, авлод-аждодларига, улар қилган гуноҳу савоб ишларга ҳам боғлиқ. Бемор учун асосийси табибга ихлос қилиш ва тушкунликка тушмаслик. Курашчан одам ҳамиша енгади. Биз бунда беморларга яхшигина таянч бўла оламиз!
Суҳбатим сўнгида ҳаммага сиҳат-саломатлик ва бардамлик тилайман.
Миннатдорлик мактублари
Шу касаллик сабаб қаттиқ тушкунликка тушиб қолгандим. Дугоналарим келин кўйлаг-у пардоз анжомларини ҳавас билан томоша қилаётган бир пайтда, келин бўлиш менга ҳам насиб этармикин, деб ўйлардим. Касаллигим туфайли ҳеч кимникида ётиб қолмасдим. Шундай дардим борлигини атрофдагилардан яширардим. Чунки кап-катта, бўйига етган қиз кечаси пешоб тута олмас, ёш боладай тўшакни ҳўллаб қўярдим. Бу ёқда ота-онам мени даволатаман деб роса сарсон бўлиб кетишди. Ҳаммадан ҳам онам қайғурардилар. Энди буни қандай узатаман, деб ўйлардилар, балки буйракда ҳам бирон касаллик бордир, деган хавотирда қолишганди. Улар қанча даволатишга ҳаракат қилишмасин, бўлмади.
Шундай кунларнинг бирида Баҳодир табиб ҳақида эшитиб қолдик. Сўнгги умидимиз шу табибдан эди. У қўлларини танам узра юргизиб, ҳамма касалликларимни тўғри айтиб берди ва буйракда бироз шамоллаш борлигини, бу унча хавфли эмаслигини айтди. Сочим тўкилаётганини, ошқозоним оғришини ҳам тўғри айтиб берди. Муолажа пайтида табибнинг кафтларидан чиқаётган илиқликни яққол ҳис қилдим. У кафтларини қовуғим узра юргизганида, қорнимда бир нималар ғимирлаб кетди. Бу ҳолат мен уйга келганимда кечаси ҳам давом этди. Табиб ёнимда бўлмаса ҳам қовуғим қизийверди. Икки марта муолажадан кейин кечаси пешоб тутолмаслигим тақа-тақ қолди. Бундан ташқари, бош оғриғи тўхтади, сочим тўкилмай қўйди. Ошқозоним ҳам соатдай ишлайдиган бўлди. Илгариги одамовилигимдан асар ҳам қолмади. Мен хотиржам, қувноқ қизга айландим. Ота-онам туну кун Баҳодир акани дуо қилишади. Яқинда холамнинг қизлари уч яшар ўғлини боғчага жойлаштирганини, аммо боласи нуқул тўшакни ҳўллаб қўяётганини айтиб ҳасрат қилди. Биз унга ҳам Баҳодир табибга боришни маслаҳат бердик. Қарангки, унинг боласи ҳам тез орада тузалиб кетибди. У бизга телефон қилиб раҳмат айтди.
Шоҳсанам Қодирова,
Тошкент. Ёши 17 да.
Тошкент. Ёши 17 да.
* * *
Ўзим касалхонада жарроҳлик бўлимида ишлайман. Бачадон миомаси операцияларида жуда кўп қатнашганман. Шунинг учун ўзимга «бачадон миомаси» деб ташхис қўйилганида жарроҳлик қилдиришдан қатъий бош тортдим, чунки операция нима эканлигини жуда яхши биламан.
Охирги уч ой мобайнида бачадондан ҳайз келиши сира тўхтамади. Баҳодир табиб ҳақида эшитиб, «чиқмаган жондан умид» деб шу ерга келдим. Қорним миома туфайли етти ойлик ҳомиласи бор аёлларникидай катталашиб кетганди.
Биринчи куни мени УЗИга туширишди. Бачадоним миома билан лиқ тўла эканини қайд этишди. Шу туфайли ҳатто бачадон девори кўринмай қолганди. Баҳодир табиб қорнимга кафтини қўйиб даволай бошлади. Олдин баданимга иссиқлик югурди, кейин худди наркоз укол қилингандай белимдан пастини сезмай қолдим. Табиб муолажаларидан кейин қорним ўз ҳолига қайтди ва юмшади. Эртаси куни эрталаб қон тўхтаганини кўрдим. Бир неча муолажалардан кейин УЗИга тушдим. Не кўз билан кўрайки, бачадонимдаги миома 5 см га кичрайган эди! Миома туфайли умрим қисқа экан, деб ўйлаб, тайёргарлигимни қилиб қўйган, фикран ҳамма билан видолашиб юргандим. Энди мен учун ҳаёт бошқатдан бошланди. Бу ерга келганим менинг иккинчи туғилишим бўлди, десам муболаға қилмаган бўламан.
Холида Усмонова,
32 ёшда, Тошкент.
32 ёшда, Тошкент.
* * *
Менинг чаққон, яккаю ягона қизим доим рўзғор ишларига қарашиб турарди. Эрталаб мактабга борар, уйга келиб менга қарашар, ундан кейин далага отасига ёрдамлашгани борарди. Ер чопиб, ўт юларди. Хуллас, уй, дала ишлари ҳеч тугамас эди. Бир куни қизим бели оғриётганини, борган сари кучли азоб бераётганини айтди. Шунда қизимни қишлоғимиз дўхтирига олиб бордим. Текширув натижасида доктор унга остеохондроз ва бел чурраси деб ташхис қўйди, қизимни жиддий даволатиш кераклигини айтди. Дўхтирнинг ҳамма айтганларини қилдик. Кунлар ўтиб, қизимнинг бел оғриғи пасайди-ю, лекин оғриғи охиригача кетмади. Қизимнинг қийналаётганини кўриб, сабрим чидамай шаҳарга олиб келдим. Шаҳардаги танишларим қизимни Баҳодир табибга олиб боришимни тавсия қилишди. Бу одам қизимга ўхшаган касалларшшг кўпини даволаган экан. Ниҳоят, излай-излай, уни топдик. Биринчи муолажадан кейин қизим ўзини енгил ҳис қилди. «Белимда чумоли ўрмалаёттанга ўхшаб туюлди», деди у кулиб. Бунинг устига, Баҳодир табиб қизимнинг буйрагида ҳам шамоллаш борлигини айтди ва уни астойдил даволади.
Кундан-кунга унинг чиройи очилиб борди. Қизим ундан бир нечта муолажа олди. Бел оғриғи, буйрак оғриқларидан бутунлай халос бўлди. Шундан кейин ҳам дунёда чинакам қобилият эгалари борлигига ишонмай бўладими?
Гули Содиқова,
Қорақалпоғистон
Қорақалпоғистон
* * *
Киши соғ-саломат юрган пайтда бунинг қадрига етмас экан.; Аста-секин бел оғриғидан бошланган касаллик нохуш ташхис билан тугади. Бундай ташхис билан ҳеч бир бемор оёққа турмаган экан. Мен буни укам доктор билан гаплашаётганида эшитиб қолдим. Эшитдим-у, кўзларимга ёш қуйилди. Наҳотки энди юра олмасам?! Бу мен учун даҳшат эди. Ахир ҳали ёш эдим, бутун ҳаётим олдинда эди. Тушкунликка тушиб қолдим. Айниқса, оғриқларни айтмайсизми… Оғриқ бошланганида жонимни қўйгани жой тополмасдим. Аввалига докторлар ҳақида ҳам, табиблар ҳақида ҳам эшитишни истамадим. Шундай кунларнинг бирида ноёб қобилияти бўлган бир табиб борлигини айтиб қолишди. Бир бориб кўр, дейишди танишларим. Аммо юролмайдиган одамнинг бир жойга бориши осон эмас. Укаларим бор бўлишсин, улар ҳам Баҳодир табибга ихлос қилишганди. Мени унинг ҳузурига кўтариб олиб боришди.
Ҳамма нарсадан умидини узган одамни даволаш қийин. Ҳар не қилганда ҳам, Баҳодир табиб мени ўз кучига ишонтириши керак эди. Аммо шу куни кутилмаган ҳодиса юз берди. Табиб мен билан 20 минут муолажа ўтказди. Ҳеч нимани сезмайдиган оёқларим табибнинг қўллари тафтини сезди. У оёғим устидан қўлларини юргизганида худди оёғим ичидан ип тортилгандай бир нарсалар тортила бошлади, кейин ичидан тўлқин юргандай жимирлади. Бу оёқ увишиб қолиб, кейин қон юришиб кетган ҳолатта ўхшарди. Оёқда қон юриша бошлагач, унга минглаб игналар санчилаётганга ўхшайди, менда ҳам шундай бўлди. Шундан сўнг мен учун мўъжиза юз берди. Оёқларим ҳаракатга келди. Аввалига бир-икки қадам ташлаб юрдим. Буни кўриб укаларим ҳам донг қотиб қолишди. Ахир улар мени бу ерга кўтариб олиб келишганди. Улар ҳам Баҳодир табибга тан беришди. Табиб мени бир кунда оёққа қўйди. Мен учун ана шуниси мўъжиза эди. Бу ерга укаларим кўтариб олиб келишганини бошқалар ҳам кўришганди, ичкаридан ўзим юриб чиққанимни кўриб, анграйиб қолишди. Менинг юриб кирганимни кўриб, онам йиғлаб юбордилар. Кейин яна муолажаларга қатнадим. Кун сайин аҳволим яхшилана борди. Ниҳоят, мен тузалиб кетдим. Соғлиғи тикланган одам қайта туғилган кишига ўхшайди. У энди ҳаётнинг қадрига ета бошлайди. Ўзимни жуда бахтли ҳис қилмоқдаман.
Баҳодир табибда қандайдир сирли куч борлигига ишондим. Авваламбор, Худодан, қолаверса, бу одамдан мен жуда миннатдорман.
Наргиза Умарова,
29 ёш, Тошкент.
29 ёш, Тошкент.
* * *
Яхши умидлар билан ўзим севган йигитга турмушга чиқдим. Тўйлар ўтиб, ҳаётим бундан буён яхши бўлади, деб ўйлабман, аммо чучварани хом санаган эканман.
Эрим билан муносабатларимиз яхши эди. Эрим эрта кетиб, кеч келарди. Бу уйда нималар бўлаётганидан бехабар эди. Уйда эса ит тинарди, қуш тинарди, мен тинмасдим. Қайнонам мени аввал-бошдан сира ёқтирмадилар. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ, дердилар. Эрта саҳардан намозшомгача рўзғор ишларини қилганим етмагандай, бир нарса ёқмай қолса, жанжал кўтарардилар. У киши менга қўл кўтарган пайтлари ҳам бўлди. Бир сафар иситмалаб ётган жойимдан судраб олиб чиқдилар. Бу машмашанинг устига онам келиб қолдилар. Нарсаларимни йиғиб, мени уйга олиб кетдилар, дўхтирга чиқдик. Совуқ кунларда ҳовлига сув сепиб супурганим учун бел, бўйин, буйрак шамоллаган, оёғимдан зах ўтиб, жинсий аъзоларим ҳам шамоллаб кетганди. Хуллас, севганим билан бирга бўламан, онасининг хизматини қиламан, деб бир дунё касал орттириб олибман. Ахир ҳар нарсанинг ҳам меъёри бор-ку! Одам темирдан ясалмаган экан, буни мен жуда яхши тушуниб олдим.
Эртасига мени шифохонага олиб келдилар. Юзимда ранг йўқ, асабим жойида эмас эди. Бошимни рентген қилишганида, «бош мия қон босими ошган» деб ташхис қўйишди. Ҳақиқатан ҳам, охирги пайтларда асабийлашганимда бошим қаттиқ оғрийдиган бўлиб қолганди. Оғриғига чидаб бўлмасди. Аҳволимни кўриб, онам фақат йиғлардилар. Шундай кунларнинг бирида қўшнимиз бизникига чиқиб, кучли табиб борлигини айтиб қолди.
Эртасига онам билан шу табибнинг манзилини топиб келдик. Баҳодир табиб истарали, хушмуомала одам экан, асосийси, у беморларни меҳр ва эътибор билан даволарди.
Биринчи муолажада табиб қўлларини бошимга қўйгач, унинг кафтидан келаётган иссиқликни яққол ҳис қилдим. Ичимни пружинадай тортиб турган таранглик кутилмаганда қўйиб юборди, мен шундай енгил тортдимки, шунда қўл-оёқларим жимирлаб, танамга қувват кираётганини сездим. Бари азобларим чекиниб, мен қандайдир хотиржам бўлиб қолдим.
Кейинчалик муолажаларга мунтазам қатнадим, сўнг асал табиб ёрдамида елкамдан, бўйнимдан асал орқали туз олдирдим. Бошим оғримай қўйди, елка ва бел оғриқлар тузалиб кетди, кечалари уйқум яхшиланди.
Табиб Баҳодир акага минг бор раҳмат!
Сўлмас Умаралиева, Бухоро.
“Сирли табобат. Биологик
қувват билан даволаш” китобидан олинди.
“Сирли табобат. Биологик
қувват билан даволаш” китобидан олинди.
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари