Россия президенти Владимир Путин Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда 18 ёшли йигитлар қатнашмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ BBC эълон қилган ҳисоб-китоб натижаларига кўра, сўнгги икки йил ичида камида 245 нафар 18 ёшли мактаб битирувчиси Украинадаги фронтда ҳалок бўлган.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар ва “контракт армияси”
2023 йил апрелидан бошлаб Россияда мактабни битирган ўсмирлар ҳарбий хизматга тўғридан-тўғри шартнома асосида кириш имконига эга бўлди. Илгари камида уч ой ҳарбий хизмат ўташ талаби бор эди, энди бу чеклов бекор қилинган.
Кўплаб йигитлар учун бу қарор – айниқса иқтисодий жиҳатдан ночор ҳудудларда – “яхши иш” сифатида қабул қилинмоқда. Улар молиявий рағбатлар ва ватансеварлик руҳидаги тарғибот таъсирида армия сафига қўшилмоқда.
Шундайлардан бири Александр Петлинский эди. У 18 ёшга тўлганидан икки ҳафта ўтиб шартнома имзолади ва 20 кундан сўнг Украинадаги жанг майдонида ҳалок бўлди.
Петлинскийнинг холаси айтишича, у аслида шифокор бўлишни орзу қилган ва тиббиёт коллежига ҳужжат топширган эди. Аммо “махсус ҳарбий амалият” бошлангач, фронтга боришни ҳам орзу қила бошлаган.
2024 йил сентябридан бошлаб юқори синф ўқувчилари учун “Ватанга мудофаа асослари” номли янги фан жорий қилинди. Унда болалар автомат, граната ва ҳарбий тактика ўрганмоқда. Аскарлар мактабларга келиб ўз “жасоратли” тажрибалари билан бўлишмоқда. Болалар эса хат ва суратлар орқали фронтдагиларга “руҳий мадад” юборишга чақирилмоқда.
Қисқа умрлик орзулар
Сибирда туғилган Виталий Иванов техникумда механикликни ўрганаётган эди. Бироқ кейинчалик ўқишни ташлаб, полиция билан муаммо ортидан армияга қўшилган. У ҳам феврал ойида фронтга юборилган ва ҳалок бўлган.
Онаси Аннанинг айтишича, у урушга юборилаётган куни қўнғироқ қилиб хайрлашган: “Шимолий ҳарбий округга кетаяпман”, деган.
Ўша кун — Виталийнинг биринчи ва охирги жанги бўлган.
BBC ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йил апрелидан 2025 йил июлигача камида 245 нафар 18 ёшли йигит урушда ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда эса 18–20 ёш оралиғида камида 2 812 нафар аскарнинг ўлими аниқланган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!