
Жигар инсон организмидаги энг кам эътибор қаратиладиган, аммо ҳаёт учун ҳал қилувчи аъзолардан бири саналади. Бир қарашда бенуқсон кўринадиган баъзи кундалик одатлар ортида эса уни издан чиқарувчи ва ҳатто саратон хавфини келтириб чиқарувчи омиллар яшириниб ётиши мумкин. Ветнамлик онколог Луу Тао Нгокнинг огоҳлантиришига кўра, жигарга аста-секин зарар етказувчи 4 асосий таомланиш хатоси мавжуд, деб ёзади vnexpress.net.
Шифокор сўзларига кўра, биринчи навбатда моғорланган маҳсулотларга жиддий эътибор қаратиш керак. Хусусан, ёнғоқ, гуруч, маккажўхори ва ёрма каби маҳсулотларда пайдо бўладиган афлатоксин заҳари ҳатто қайнатиш жараёнида ҳам йўқолмайди. У тўғридан-тўғри жигар ҳужайраларини зарарлаб, цирроз ва гепатоцеллюляр карсиномага олиб келиши мумкин.
Иккинчи хавфли одат — спиртли ичимликлар, хусусан, кечқурун истеъмол қилинадиган бир қадаҳ вино. Одамлар кўп ҳолатда буни фойдали, ҳатто дам олиш воситаси деб қабул қилишади. Аммо организмда этанол ацетальдегидга айланиб, ДНК структурасига зарар етказади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, истеъмол қанчалик кўп бўлса, жигардаги мураккаб ўзгаришлар шунчалик тез юз беради.
Учинчи омил — қовурилган овқатларга бўлган муҳаббат. Узоқ вақтда ва юқори ҳароратда қовурилган ёғлар канцероген моддалар: акролеин, полиароматик углеводородлар ва турли альдегидларни шакллантиради. Бу моддалар жигарни зўриқтиради ва унинг ҳужайраларида мутациялар ривожланишига туртки беради.
Тўртинчи, кўпчилик эътибор бермайдиган, аммо жуда кенг тарқалган муаммо — шифокор тавсиясисиз оғриқ қолдирувчи дорилар, антибиотиклар ва турли “табиий” қўшимчаларни мунтазам истеъмол қилиш. Онколог Луу Тао Нгок бу ҳолатни энг катта хавфлардан бири деб атайди. Айнан самараси исботланмаган дори воситалари жигар фаолиятига аниқ зарар етказиши мумкин.
Қисқаси, жигар фақат ташқи шикастдан эмас, балки ҳар куни қилинадиган беэътибор одатлардан ҳам жабр кўради. Агар инсон ўзини рўйхатдаги одатлардан холи тутса, жигар соғлиги узоқ муддат асраб қолиниши мумкин. Саломатлик эса оддий ва кичкина қадамлардан бошланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар