Хотира – инсон умрининг тилла сандиғи. Унда бахтга тўла лаҳзалар, қувончу шодликлар, ҳаёт давомида қилинган ишлар, кундалик режалар, энг муҳими, ортга қарамай кетаётган ВАҚТ ва ундаги гўзал хотиралар мужассам. Ёддан чиқариш, унутиш, эслай олмаслик каби нохуш ҳодисалар киши умри узайгани сайин ёш этагидан маҳкам ушлаб олади. Хотиранинг секин-аста йўқолиши, айниқса, кексалик даврида кўп кузатилади. Инсон бирон хасталикка чалинмаган тақдирда ҳам, унда қандайдир унутишлар содир бўлиб туради. Аммо шундай касалликлар борки, бунда инсон хотираси бутунлай йўқолади.
Альцгеймер, бу – олий руҳий фаолиятнинг кучайиб борувчи бузилиши билан кечувчи ҳамда йиллар ўтиб деменция касаллиги билан тугалланувчи нейродегенератив касаллик. Ушбу хасталик айрим адабиётларда Алсхаймер касаллиги, Пресенил деменция, деб ҳам юритилади. Касаллик илк маротаба 1906-йил немис психиатри Алоис Альцгеймер томонидан аниқланган ва кўпинча ўлим билан якун топиши олимларнинг уни янада чуқур ўрганишига туртки бўлган. Альцгеймер касаллиги юзасидан бутун жаҳон олимлари ҳозирги кунгача изланишлар олиб бормоқда.
Невропатолог, нейропсихолог Зоҳиджон Умаров ушбу касаллик бўйича бизни қизиқтирган саволларга аниқ ва тўлақонли жавоб берди. Албатта, бу мавзу сизнинг ҳам назарингиздан четда қолмайди.
– Альцгеймер касаллиги қанчалик хавфли? Унинг белгилари нимада кўринади?
– Касалликнинг ўзига хос хусусияти шуки, у йиллар ўтиб, жуда секин пайдо бўлади. Яъни бу касаллик қўққисдан юзага келмайди. Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари эса ҳалигача тўла-тўкис ўрганилмаган. Лекин бунга оид бир нечта назария ва гипотезалар мавжуд. Касалликнинг пайдо бўлиши илмий маълумотларда наслий ва генетик омилларга боғлаб тушунтирилади.
Касаллик бош мияда кечадиган органик белгилар, яъни мия тузилишдаги ўзгаришлар билан кечади. Касалликнинг клиник белгилари енгил типдаги хотира, диққат, тафаккур, идрок, нутқ ва бошқа шу каби олий руҳий фаолиятларнинг бузилиши билан бошланади. Унинг бошланишида беморни паришонхотирлик, уйқусизлик, депрессия ва сабабсиз хавотир безовта қилади. Йиллар ўтиб жараён жиддийлаша боради. Бунақа беморлар дарбадарликка мойил бўлади. Бемор уйидан чиқиб, хотираси бузилгани ҳисобига адашиб ҳам қолади. Касаллик ривожланишда давом этаверса, бемор ёш болаларга хос бўлган ишларни қилади, ҳатто сув ичиб, овқат ейиш кераклигини унутиб қўяди. Болалари олдида ўзи тушунмаган ҳолатда кийимларини ечади, иштонини ҳўллаб қўяди. Бемор кейинчалик, ҳатто яқинларининг исмини ҳам эслай олмайди, уларни танимайди. Нутқ бойлиги ҳам камая боради. Фикрини ифодалаб беролмайди. Нутқи ва ёзиш қобилиятини йўқота боради. Альцгеймер касаллигида хотира, диққат, нутқ бузилиши билан бир қаторда, агрессия ва тажовузкорлик ҳам кузатилади. Бундай беморлар касаллиги юзасидан вазиятдан чиқишга қийналиб, баъзан ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кузатилиб туради.
– Касаллик қайси ёшда кўп учрайди?
– Касаллик асосан, 40–45 ҳамда 65 ёшдан ошганлар орасида кўпроқ кузатилади. Сабаби, 65 ёшдан ошгандан сўнг ҳар 5 йилда бу касалликка чалиниш икки баробарга ошади. Яъни кекса ёш Альцгеймер касаллиги учун хатарлидир. Касалликнинг ўртача ривожланиши 10 йилларга тўғри келади. 45 ёшдан сўнг ривожланса, тез кечади. 70 ёшдан сўнг бошланса, секин кечади. Агар инсон 70 ёшда Альцгеймер касалига дучор бўлса, 90 ёшларида ўлим кузатилиши мумкин. Касаллик ўлим билан якун топади. Бу касалликда ўлим сабаблари асосан кахекция, урологик инфекциялар, респираторинфекциялар ҳисобланади. Беморда ўлим кузатилмаган тақдирда унданда, жиддий ҳисобланган деменция касаллиги бошланиши мумкин. Бунда эса, олий руҳий фаолиятларнинг бузилиши чуқурроқ намоён бўлади.
– Хотирани йўқотиш билан Альцгеймер касаллиги орасида қандай фарқ бор?
– Хотирани йўқотиш мустақил касаллик (дисмнезия, амнезия, гипомнезия) сифатида ўрганилади ва даволанади. Альцгеймер касаллигида ҳам хотира бузилиши кузатилиб, бу бошқа белгилар билан бирга келади. Яъни хотира бузилишида Альцгеймер касаллигида учрайдиган бошқа белгилар кузатилмаслиги мумкин. Бундан ташқари, барча касалликларда ҳам хотира бузилиши кузатилади. Хотира бузилиши фақат Альцгеймер касалига хос эмас.
– Бу касалликни давоси йўқ касалликлар қаторига киритсак бўладими?
– Тиббиёт нуқтайи назаридан бу касалликнинг давоси юзасидан кўплаб илмий изланишлар олиб борилмоқда. Даволанишнинг кўпи самарасиз якун топмоқда. Аммо даволаш муолажалари айрим беморларда ижобий натижани ҳам кўрсатган. Бу ҳам бўлса, жараённинг салбийлашишини тўхтатишдан иборат. Айтмоқчиманки, касалликнинг тўла-тўкис давоси йўқ, лекин беморнинг аҳволи янада оғирлашмаслигига ҳаракат қилинади.
– Бу касаллик қандай аниқланади?
– Асосан, анамнестик маълумотлар, бош мия текширувлари ва бошқа лаборатория текширувларидан сўнг аниқланади.
– Ўзбекистонда ҳам Альцгеймер касаллигига чалинган беморлар борми ва улар қандай даволанади?
– Ўзбекистонда бу касалликка чалинганларни иш фаолиятимизда кузатиб турамиз. Альцгеймер касаллиги билан беморлар стационарда, агар беморнинг аҳволи жуда оғир шаклда бўлмаса, кундузги стационар ёки амбулатор шароитларда даволанади. Шуни унутмаслик керакки, Альцгеймер касаллиги шифокор назоратида даволанишни талаб қиладиган касаллик ҳисобланади.
–Альцгеймер касаллиги қайси давлатларда кўп ва қайсиларида кам учрайди?
– Альцгеймер касаллиги билан чалинганлар сони ривожланган давлатларда кўп учрайди. Балки бу статистика ва диагностиканинг ривожланган давлатларда яхши ишлаши билан боғлиқдир. Аксинча, ривожланмаган давлатларда Алцгеймер билан касалланганлар кам рўйхатга олинган. Маълумотларга кўра, айни пайтда жаҳонда 35 млн. киши Альцгеймер касаллигидан азият чекмоқда. Мутахассислар фикрича, 2025-йилга бориб, бу кўрсаткич 3 баробарга кўпайиши мумкин. Дунё бўйича ҳар йили 100 000 киши мана шу касаллик сабаб ҳаётдан кўз юмади. Касаллик эркакларга қараганда аёлларда кўп учрайди. Чунки эстрогенлар дефицити (етишмовчилиги) Альцгеймер касаллиги ривожланиш хавфини оширади. Аммо бунинг сабаби илмий жиҳатдан тўла исботланмаган. Касаллик юзасидан ҳозирги кунгача илмий изланишлар давом этмоқда. Гетеборг университети олимлари ўта кучли рашк ҳам Альцгеймер касаллиги ривожланишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. 800 нафар аёл иштирокида олиб борилган кўп йиллик тадқиқотлар давомида ҳаддан ортиқ рашк уларда Альцгеймер касаллигининг ривожланишига сабаб бўлиши аниқланди. Аксинча, анчайин босиқ бўлган аёлларда бу ҳолат икки баробарга камроқ кузатилган. Айни тадқиқот эркакларда ўтказилганда ҳам худди шу ҳолат кузатилган.
Нилуфар МУРОДОВА суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Олимлар Ойнинг орқа томонидан олинган тупроқ намуналарини ўрганди