18:06 / 14.09.2017
6 876

Dmitriy Dyujev:"...yana va yana ortga — Toshkentga qaytgim kelaveradi"

Дмитрий Дюжев:"...яна ва яна ортга — Тошкентга қайтгим келаверади"
Кинематографияни ривожлантириш маркази кўмагида суратга олинган Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабаси Мухлиса Азизова режиссёрлигидаги “У” (“Она”) номли қисқа мет­ражли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда бош роль ижрочиси, “Бригада” фильми орқали танилган россиялик машҳур кино ва театр актёри, кинорежиссёр Дмитрий ДЮЖЕВ ҳам иштирок этди ва "Даракчи" газетасига эксклюзив интервью берди...

Тошкентга бўлган бир кунлик ташрифи доирасида актёр Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабаларига маҳорат дарсларини ўтди ва Ўзбекистон академик рус драма театрида Дюжев иштирокидаги “Евгений Онегин” моноспектакли ҳам намойиш этилди.

— Тошкентга хуш келибсиз! Юртимизга таклиф қилишганида нималарни ҳис қилдингиз?

— Раҳмат! Сўз билан таърифлаш қийин. Биласизми, Тошкентда бўлиш жудаям ёқимли, ташрифимдан мамнунман. Шаҳар озода, атроф кўм-кўк, одамларига қараб кўзинг қувнайди. Илк бор Тошкентга "Ватан кутади" (“Родина ждёт”) фильмининг суратга олиш жараёнида қатнашиш учун ўн беш йил аввал келгандим. Шу ўн беш йил ичида шаҳар янада кўркамлашганига гувоҳ бўлиб турибман. Фурсатдан фойдаланиб, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни билан бутун ўзбек халқини чин юракдан табриклайман ва оғир дамларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг оилаларини бағрига олиб, охирги нони билан бўлишган, бошпана бергани учун бениҳоя миннатдорлигимни билдираман.

— Кинематографияни ривожлантириш марказининг фао­лияти билан танишдингиз. Бу борадаги фикрларингиз қизиқ!

— Биласизми, Россия хусусий фильм­лари ҳақида гапирсам, томошабин дидига жавоб бермайди. Бир кинокартинадан маблағ йиғиб, галдаги фильмига сарфлайди, бу занжир уларнинг ҳаёт тарзига айланган. Фалсафий фикрлар, кенг дунёқараш билан фильм ишлаб, профессионализмга ўтиш ҳақида ўйлашга вақтлари йўқ. “Ёмон сериаллар, кадрлар...ни суратга олишни бас қилинглар!” дейдиган бирорта масъул ходим топилмаяпти чоғи. Тўғри, ҳеч ким бирданига ўз ишининг устаси бўлиб қолмайди. Лекин доим яхши натижа учун ҳаракат қилиш ­керак. Тошкентда Кинематографияни ривожлантириш маркази очилганидан хурсанд бўлдим. Ижодкор ўз устида ишлаб-ишлаб, албатта, юқори марраларни забт эта олади. Мазкур марказнинг олдига қўйган мақсадлари катта, олдинда киносеварларни янгиликлар кутаётгани аниқ. Аслида уйқудан кўз очиб, “Кимгадир яхшилик қила олай-да!” дея мақсад билан остона ҳатлашимиз керак. Ва ҳар биримиз кун якунида “Бугунги куним зое кетмадими?” деган саволга муносиб жавоб бера олайлик.

— Ўзбек актёрларини биласизми?

— Режиссёр Максим Панфиловнинг “Ҳисор гилами” (“Гиссарский ковёр”) фильмида ўзбекистонлик профессио­нал актёр Бобур Йўлдошев билан бирга ишлагандик. Суратга олиш жараёнида ўзбек актёрининг саҳнада “яшаши”ни кузатиш қизиқ бўлган. Боиси, сизлар анъаналари бой, ўзига хос менталитетга эга халқсиз. Ўшанда Бобур биз учун ўзбек ўғлони сифатида ўрнак вазифасини ўтаган. Бобур ўзбек актёри сифатида россиялик сценарий муаллифи ёзган сценарийдаги қаҳрамоннинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракатига рашк билан муносабатда бўлган. Кези келса, Бобур “Ўзбеклар бундай йўл тутмайди!” дея ростгўйлик билан ишига нисбатан талабчанлик қилган. Унинг бу хислати таҳсинга сазовор.

— 2011 йил режиссёрлик ишингизни ярим соатлик “БРАТиЯ” фильмидан бошлаганингиз учун ҳам ўз­бе­кистонлик талаба қизнинг қисқа метражли фильмида иштирок этишдан бош торт­мадингизми? Таклифга розилик беришга асосий сабаб нима бўлди?

— Драматургияси учун рози бўлдим. Аслида ўз ишининг устаси бўлмаганлар билан ишламайман, боиси санъат бу — катта масъулият­! “У” (“Она”) фильми режиссёри Мухлиса Азизованинг талаба эканини билмаганимда, уни профессионал режиссёр сифатида қабул қилардим. Ёш режиссёр қиз билан ишлаш қизиқ тажриба бўлди, профессионал даражада ишлар экан. Мухлиса режиссёрлар суратга олишга қўрқадиган мавзу — ўлимни экранлаштиришга қўл урган. Бу кўнгилочар мавзу эмас-да, аксинча томошабинни беихтиёр бош қаҳрамон дардига шерик бўлишга ундайди. “У” (“Она”) фильмини санъат асари сифатида қабул қилдим. Суратга олиш жараё­нида қаршимда камера борлигини унутиб, ўзимни ўз ҳаётимни яшаб ўтаёт­ган­дек ҳис этдим. Агар беш йиллик ўқиш давомида устозлар ўлим саҳнасини машқ қилишни ўргатиш­маган бўлса ва ижодинг мобайнида бундай ролларни ижро этмасанг, актёр учун бу — йўқотиш. Ўлим саҳнасини ижро этишни ҳам машқлар орқали томошабинни ишонтирадиган даражада ҳис этишни ўрганиш керак. “У” (“Она”) каби фильмлар актёрни бу борада чархлаб боради. Турли қирраларини очиш мақсадида бўлган актёр бундай так­лифни бутун умр кутади. “У” (“Она”) фильми қисқа метражли бўлса-да, ижодкор сифатида мен учун бахтли воқеа бўлди.

— Тайёр фильмни кўргач, таассуротлар қандай бўлди, кўнглингиз тўлдими?

— Томошабин сифатида гўзал тасвир, образли тафаккурни кўриб ҳайратга тушдим. Фильмда қил устидаги ўн бир дақиқалик тақдирни кўрасиз. Ва томошабин бош қаҳрамон ҳаёт йўлининг сўнгги онига шерик бўлади. “Унинг бахтли яшашига нима тўсқинлик қилади?” “Уни нима ўлдирди?” деган саволлар ўйлантира бошлайди. “Гоҳида ўзи­миз ҳаёти­миз­ни чигаллаштириб қўямиз”, деган хулоса пайдо бўлади. Атрофга қаранг, ҳаёт гўзал, унинг ҳар лаҳ­за­си­дан баҳра олинг! Била­сиз­ми, филь­мга “Уйғонинг!” дея слоган қўйган бўлар­дим. Ҳаётимизда шу камлик қилади, “уйғониб” мавжуд воқеага реал қарашни истамаймиз. Бу фильм, ундаги воқеалар бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ, бу бизга “мактаб” вазифасини ўтайди. Мазкур фалсафий фикрлар ҳамма нарсага юқоридан қараш имконини беради. Аслида ҳам нимадир янгилик қила олишга кўзи етсагина фильм суратга олиш керак, йўқса томошабинни қоронғу залга йиғиб, вақтини олишдан нима наф?!

— Фильмда ўзбек киносининг профессионал актёрлари Карим Мирҳодиев ва Раъно Шодиева билан бирга ишладингиз. Жараён қандай кечди?

— Жудаям мароқли ўтди. Актёрлар билан ишлаш осон кечди. Раъно очиқкўнгил экан. У гарчи трагик ролни ижро этган бўлса-да, экранда пайдо бўлиши билан томошабинни аёллик назокати, латофати билан сеҳрлаб олади. Карим Мирҳодиев билан “мактаб”имиз бир, актёр сифатида бир “тил”да гаплашамиз. Бу икки ижодкор билан ишлаш жудаям қизиқ тажриба бўлди.

— Фильмдаги қаҳ­ра­мо­нингиз ва сизнинг ўртангизда умумийлик борми?

— Йўқ! Аслида ҳам актёр сифатида менга нотаниш тақдирларни ўйнагим келади. Бошқанинг ҳаётида “яшаш” эса доим қизиқ бўлган. Мухлиса фильмни импрессионизм орқали очиб бера олган. Шу орқали томошабинни фикрлашга, хулосалар чиқаришга ундайди. Режиссёрнинг ютуғи ҳам шунда.

— Режиссёр сифатида ўзбек актёрлари билан фильм ишлармидингиз?

— Албатта! Агар ноодатий мавзу бўлса, ўзбек актёрлари билан ишлаш қизиқ бўларди. Боиси, сизларнинг ички табиа­тингиз бой, гўзал. Аёлларингиздаги сирлилик, нафосат кишини ўзига жалб қилади.

— Ўзингиз билан нима олиб кетишни истардингиз?

— (Самимий кулиб) Тош­кент­га келганимда ёшу қа­ри­нинг барида бир хил жи­ҳат­ни кўраман. Тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада меҳрибон, бағрикенг, сабр­ли, доносизлар. Москва­да айни шу хислатлар, меҳрни со­ғинаман, бизникилар ун­даймас-да... Шу чексиз муҳаббат учун яна ва яна ортга — Тошкентга қайтгим келаверади.

“У” (“Она”) қисқа метражли фильми Францияда кеча 17 майдан бошланган ва 28 майгача давом этадиган 70-Халқаро Канн кинофестивалининг қисқа метражли фильмлар бурчагида (Short Film Corner) профессионал режиссёрларнинг асарлари қаторида намойиш қилинади.

"Рафиқам Татьяна билан бир-биримизни севамиз, қадрлаймиз! Оилавий риштамиз бир умрлик эканига ишонамиз. Шу боис тортишмаймиз, овозимизни баландлатмаймиз. Фарзандларни ота-онаси алоҳида-алоҳида эмас, бир оила бўлиб яхши кўриб, вояга етказиши ва эр-хотин бир-бирини авайлаб, севиши керак. Бу бизнинг оилавий ҳақиқатимиз!"

"Борди-ю, кайфиятим ёмон бўлса, бу аҳволда уйга бормайман. Москвани айланиб, дўстларим билан учрашиб, спорт билан шуғулланаман. Ва уйга яхши кай­фият­­да кириб бораман. Йўқса, авзоим бузуқлигини яширишнинг имкони бўлмайди-да. Фарзандларимиз ота-онасининг бир-бирига бўлган ҳурмат ва меҳрини кўриб улғайишларини ­истайман"


Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

Манба: darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Xato topdIngizmi?
Iborani ajratib Ctrl+Enter tugmasini bosing
Yangiliklar » Madaniyat » Dmitriy Dyujev:"...yana va yana ortga — Toshkentga qaytgim kelaveradi"