09:17 / 28.06.2022
1 457

Давлат ва фуқаро ўртасида юзага келадиган низолар инсон фойдасига ҳал қилинади

Давлат ва фуқаро ўртасида юзага келадиган низолар инсон фойдасига ҳал қилинади
Конституциянинг таклиф этилаётган лойиҳаси 13-моддасига кўра, инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

Муҳокамага қўйилган Конституция лойиҳасига кўра, 13-модда кенгайтирилиб, унга қуйидаги қоидалар қўшилиши кутиляпти:
  • Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
  • Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

Конституциявий комиссиянинг билдиришича, 2020 йил 22 июндаги 6012-сонли президент фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари миллий стратегиясида белгиланган «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил ушбу норманинг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатган.

Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устунлиги тамойилини янгиланаётган Конституцияда аниқ ифода этиш зарурлиги таклиф этилди.

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт. Аммо ижтимоий муносабатлар жуда кенг. Ҳаётда шундай вазиятлар ёки ҳолатлар вужудга келиши мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатилмаган ёки ноаниқликларга сабаб бўлиши аниқ. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу тамойил одатда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланилиб келинмоқда. Эндиликда ушбу тамойилнинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланилиш доирасини кенгайтиради ва инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга талқин этиш имконини беради.

Давлат ва инсон ўртасидаги ўзаро муносабатлардаги келиб чиқадиган ноаниқликлар, табиийки, турли тушунмовчилик ва шикоятларнинг ошишига олиб келади. Фуқароларнинг сарсон саргардон бўлиб юришига сабаб бўлади.

Масалан, 2021 йилнинг 12 ойи давомида Президент виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига 1 млн 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офисига 2021 йилда 18,7 мингдан кўпроқ мурожаатлар келиб тушган. Табиийки, ушбу мурожаатлар орасида биз муҳокама қилаётган муаммоли масалалар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатга киришишида қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинишининг Конституция даражасида белгиланиши, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш бўйича улуғвор ғоянинг амалга татбиқ этилишига, ҳужжатларда ноаниқлик ва қарама-қаршилик пайдо бўлганда давлат манфаатлари эмас, инсон манфаатлари устунлигининг таъминланишига олиб келади.

Инсон фойдасига талқин қилиш деганда, давлатнинг ўзаро тушунмовчиликлар ва қарама қаршиликлар вужудга келганда инсон фойдасига “даъводан” воз кечиши тушунилади.

Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши, инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга хизмат қилади.

Мазкур нормага ўхшаш нормалар ҳозирги кунга қадар бир қанча соҳавий қонун ҳужжатларида, жумладан: Жиноят-процессуал кодекси (23-моддаси, 3-қисм), “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни (7-модда), Божхона кодекси (4-моддаси), “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни (11-моддаси), Солиқ кодекси (13-модда) “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни (11-модда) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Давлат ва фуқаро ўртасида юзага келадиган низолар инсон фойдасига ҳал қилинади