Ўзбекистонда жорий иш ҳафтаси беқарор бўлади. Аввалига нам, лекин илиқ, кейин ёмғирнинг қорга айланиши, пайшанба-жума кунларига келиб ҳароратининг кескин пасайиши кутилади (аммо бутун мамлакат бир хилда совиб кетмайди). Дам олиш кунлари эса қуруқ келади ва ҳароратнинг тез кўтарилиши рўй беради.
Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ҳафта бошида минтақага кетма-кет нам ҳаво оқимлари кириб келаётганини сунъий йўлдош тасвиларида ҳам кўриш мумкин — бу вақтда минтақага Атлантика циклони таъсир кўрсатиб, ўзидан унчалик кўп бўлмаган ёғингарчилик улашади.
Манба: NASA
Иш кунларидаги об-ҳавони Атлантика циклони ҳамда Арктик антициклоннинг маркази ва чеккаси белгилайди. Бу Ўзбекистонда ҳафта боши намгарчиликка бой бўлиши, ҳарорат аста-секин пасайиши ва пайшанба-жума кунлари совуқ-қуруқ ўтишидан далолат. Дам олиш кунлари эса кундузги ҳароратнинг сезиларли кўтарилиши яна илиқроқ муҳитни тақдим эта бошлайди.
Ҳафта бошида жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +15 даражагача кўтарилса-да, бошқа кунларда ҳам шундай бўлади, деб бўлмайди. Масалан, 23−24 январь кунлари Арктик антициклон чеккасининг чуқур таъсири оқибатида шимолий ҳудудларда, шунингдек, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳаво ҳарорати минимумлари тунда -10 даража ва баъзи жойларда ундан ҳам пастроқ бўлиши кутиляпти. Хусусан, Тошкент ва Наманган вилоятининг тоғли ҳудудларида янада совуқроқ муҳит кузатилиши мумкин.
Манба: Meteoinfo.ru
Бир сўз билан айтганда, 23−24 январь кунлари Ўзбекистон антициклон жанубий чеккаси чуқур таъсирида бўлиб, ушбу кунлари жойларда кундуз куни ҳам ҳарорати сезиларли пасаяди. Аммо анциклон совуғи республиканинг маркази ва жанубий вилоятларига кўп ҳам кучли таъсир кўрсатмайди. Дам олиш кунлари — антициклон минтақадан тўлиқ чекингач — жанубдан кириб келган илиқроқ оқимлар совуқлик тўлқинини минтақадан «ҳайдаш» кучига эга бўлади.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, шимолий ҳудуд бўладими ё жанубий — фарқи йўқ — тунги вақтда ҳаво ҳарорати ноль даража атрофида, айрим вақтларда ундан ҳам пастроқ бўлиши кутилмоқда.
Ҳафта ўрталаридан совуқлик тўлқинларининг минтақага кириб келиши магистраль газ қувурларида газ босимини сезиларли пасайиб кетишига ва энергетик тизимга юкалама ошишига сабаб бўлиши мумкин. Пайшанба ва жума кунлари айрим вилоятларнинг йўлларида яхмалак ҳодисалари юз бериши кутиляпти. 21−22 январь кунлари тоғли ҳудудларни кесиб ўтган автомобиль йўлларида об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви, кучли шамол бўлиши кутилмалари борлигини қайд этиб ўтмоқ керак.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 20 январь куни жойларда кундузи илиқ, кечаси совуқ ҳарорат кузатилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида ёғингарчилик кутилади. Ёғингарчилик шимол ва тоғли ҳудудлардан ташқари жойларга ёмғир кўринишида ёғади. Ҳаво ҳарорати кундузи республика бўйлаб (ҳатто тоғларда ҳам) +7…+12 даражагача, жанубий вилоятларда +15 даражагача, тунда водий, шимол ва тоғларда −0…−5 даража совуқ, бошқа ҳудудларда +0…+5 даража илиқ атрофида бўлади. Тоғлардан бошқа жойларда туман ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Синоптиклар 21−23 январь кунлари Ўзбекистонда беқарор об-ҳаво кузатилиши, кучли шамоллар, ёмғир-қор, ҳароратнинг кундан кунга пасайиб боришини маълум қилган. 21 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 21−22 январда Бухоро ва Навоий ҳамда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида, 21 дан 23 январга қадар эса водий, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳамда тоғларда ҳар куни вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир-қор) кутилиши келтирилган. Бошқа кунлари ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.
Манба: Windy
Ушбу кунлари жойларда ҳаво ҳароратининг ўзгариши вилоятлар кесими бўйича жуда катта тафовутларга эга. Масалан, шимолда 22−23 январда тунлари ҳарорат -10 даражагача пасайса, бошқа вилоятларда 23 январга келибгина тунги ҳароратнинг -7 даражагача пасайиб кетиши эълон қилинган. Водий вилоятлари учун эса мазкур уч кунликда тунда ҳарорат деярли бир хил қиймат, яъни −0…−5 даражагача пасайиши келтирилган.
Кундузги ҳарорат кутилмалари эса янада бошқача манзара акс эттирган. Жанубда кундузи деярли ҳар куни ҳарорат максимуми +10 даражагача ўзгарса, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах ва водий вилоятларида 21 январда +10 даражагача илиқ, 22 январда ноль даража атрофидаги муҳит, 23 январда +5 даражагача, шимолда 21 январдан ташқари кундузи ноль даража ва ундан анча паст ҳарорат прогноз қилинган.
21 январь куни нам совуқ ҳаво оқимларининг фронтолди қисмлари республиканинг деярли барча вилоятларида сониясига 23 метргача тезликда кучли шамолларни келтириб чиқариши мумкин. 22 январда кучли шамол эсишлари водий ва тоғларда сақланиб қолади. Ушбу кунлари жойларга қиш фасли учун хос туман ҳодисалари ва баъзи ҳудудларда «булдуруқ» ҳодисалари ҳам кузатилиши мумкин.
Жума, шанба ва якшанба кунлари республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Жума куни Қозоғистон марказидан ўтиши кутилаётган ва марказида атмосфера босими 1060 гПа гача пасаювчи антициклон чеккасининг чуқур таъсири Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош вилоятларида тунда ҳароратнинг сезиларли пасайишига сабаб бўлади. Дам олиш кунлари эса республика бўйлаб аҳоли ҳароратнинг аста-секин кўтарилиб боришини танасида ҳис қила бошлайди.
Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (20−26 январь кунлари) давомида Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида шу даврга хос иқлимий меъёр ва айрим ҳудудларида меъёрдан камроқ ёғингарчилик тушиши ва ҳарорат режими бўйича шимолда меъёрдан бироз юқори, бошқа ҳудудларда меъёрий, Тошкент ва водий вилоятларида меъёрдан паст, яъни «совуқ» бўлиши келтирилган.
Шундай қилиб, ҳафта давомида меъёрий ҳарорат кузатилиши, аҳоли зич истиқомат қилувчи водий ва Тошкент вилоятларида совуқ ва ёғингарчилик бўйича меъёрий, фақат Сурхондарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларида қуруқроқ бўлиши ойдинлашмоқда.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Сешанба-жума кунлари кишилар атмосфера босимининг кескин ўзгаришлари таъсирига тушади. Хусусан, 21 январь куни ҳудудларда кучли шамоллар эсишидан олдин жойларда барик тубсизлик ҳодисаси кузатилиши, аҳолининг аксар қисмида бош оғриғи, фотофобия, қон босимининг кўтарилиши ёки пасайиши, ҳаво етишмаслиги, умумий ланжликни келтириб чиқариши мумкин.
Барик тубсизлик ҳодисасининг организмга таъсирини камайтиришдаги тавсиялар. Барик тубсизлик ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан тийилиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сув, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.
23−24 январда эса республиканинг катта қисмида атмосфера босмининг 1045−1050 гПа гача кўтарилиши кишилар айнан антициклон таъсиридан азият чекиши мумкинлигини англатади.
Антициклонал муҳитни организмга таъсирини камайтиришдаги тавсиялар. Антициклон таъсирларга мойил кишилар тонгда тетиклаштирувчи енгил душ қабул қилиши, енгил гимнастика машғулотлари билан шуғулланиши ва овқатланиш рационига калий моддасига бой меваларни қўшиши тавсия этилади. Иммун ва асаб тизимини зўриқтирмаслик мақсадида кундалик иш тартибини ҳам маълум муддат бироз ўзгартириш лозим. Иложи бўлса, кўпроқ дам олган маъқул.
Биоиқлимий шароитлар
Пайшанба ва жума кунлари тунда аҳоли ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ ҳақиқий қиш нафасини ҳис қилади. Бундай кунда қалин кийим, ҳатто айрим вилоятларда қўлқоп кийиб олишли ҳаво муҳити кузатилади.
Душанба куни эса жойларда ҳарорат гўёки баҳорий илиқлилик каби ўтиб, камига ёмғир кузатилади. Пайшанбага қадар кўплаб вилоятлардаги ёғингарчилик кутилмаларидан келиб чиқиб, кишилар ишга ёки кўча юмушларига, сафарга отланганда ўзлари билан соябон олиб юришлари тавсия этилади.
Кундузги илиқлилик (баъзи вилоятларда чоршанба ва пайшанбадан ташқари) муҳити кишиларни у даражада қалин (шарф-қалпоқлар назарда тутиляпти) кийинишга ундамайди, аммо кечки, тунги ва тонги муддатлар учун бундай деб бўлмайди. Ҳафтанинг иккинчи ярмидан кечалари қалин кийимда юриш керак бўлади.
Экстремал совуқликни ўзида ҳис қилувчилар пайшанба-жума тунги муддатларида Тошкент ва Наманган вилояти баланд тоғ курорт дам олиш масканларига саёҳат уюштириши мумкин. Чунки шу кунлари тоғда антициклон таъсирида ҳарорат тунда -15 даража ва ундан пасайиши кутилади.
Космик таъсирлар
Ўзбекистонликлар ҳафта давомида кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида сўнгги икки кунликда чақнашлар билан боғлиқ жуда ҳам сокинликни кўрсатмоқда. Ер магнитосферасида ҳам кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлмаслигини тахмин қилинган.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли иш кунларида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги, яъни хавфсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ҳафта бошларида йирик шаҳарларда ҳавонинг табиий ифлосланиши билан боғлиқ вазият у қадар юқори эмас. 21 январь куни чўл ва баъзи ҳудудларда кутилаётган кучли шамол ҳодисалари ҳавода майда заррачалар ортишига қулай шароит яратиши мумкин.
Пайшанба ва жума кунлари эса антициклон чеккаси таъсирида қуёш ботиши ва чиқишидан кейинги муддатларда республикада ҳаво ифлосланиши бироз ортиши кутилади. Бу кунларда пойтахт ҳавоси ифлосланиши даражасида ҳам ижобий бўлмаган вазият кузатилиши мумкин.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 20 январдан 26 январгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар душанба, шанба ва якшанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутиляпти.
Манба: Gazeta.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар