
Ўзбекистонда ҳар куни йўлларда ўртача олти нафар инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Бу нафақат расмий статистика, балки огоҳлантирувчи сигналдир. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 8 июли куни йўл қопламалари сифати, хавфсизлик тизими ва бахтсиз ҳодисаларни бартараф этиш бўйича ўтказилган йиғилишда, бу муаммоларга янгича ёндашув зарурлигини кескин шаклда билдирди.
Президент матбуот котибининг маълум қилишича, йиғилишда сўнгги 7 йилда йўлларга ажратилган маблағлар ва амалга оширилган ислоҳотлар таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, 2017 йилга қадар бўлган бутун мустақиллик даври билан солиштирганда 3,5 баробар кўп — 61 триллион сўм сарфланган. Бироқ ҳозирча натижалар кутилгандек эмас.
Сонлар сўзсиз. 2024 йилнинг ўзида 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, улардан 2030 нафар инсон ҳалок бўлган. Яъни ҳар тўртинчи автоҳалокат ўлим билан тугаётган экан. Бу кунiga камида олтита хонадон мотамга чўмиб турибди, дегани. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кузатилган.
2025 йилнинг дастлабки ярмида ҳам 20 та ҳудудда вазият кескинлигича қолмоқда. Қизилтепа, Чуст, Тайлоқ, Пахтачи, Ургут, Хонқай, Пешқун, Денов, Олмазор, Шовот ва бошқа бир қатор туманларда авариялар сони кўпайган. Бироқ ижобий мисоллар ҳам бор: Мўйноқ, Нукус, Янгиобод, Тахтакўпир ва Оҳангарон каби шаҳарларда ўлим ҳолати умуман қайд этилмаган. Бу муваффақиятларни оммалаштириш ва кенг жорий этиш керак.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда “Хавфсиз йўл” миллий дастурини амалга оширишни эълон қилди. Бу дастур орқали нафақат йўл инфратузилмаси, балки пиёдалар хавфсизлиги ҳам қайта кўриб чиқилади. Унга асосан “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси тузилади.
Жамғарма 2025 йилда давлат ҳисобидан 400 миллиард сўм билан молиялаштирилади. Унинг маблағлари фақат манзилли ва фойдали лойиҳаларга сарфланади — пиёда йўлакларини яратиш, светофорлар, йўл белгилари ва тўсиқлар ўрнатиш, жисмоний ва визуал хавфсизликни таъминлаш учун.
Қувонарлиси, жарималардан тушадиган маблағнинг 25 фоизи айнан ушбу жамғармага йўналтирилади. Бу эса ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ҳаракати орқали жамият хавфсизлигига ҳисса қўшиш имконини беради.
Йўллардаги муаммолардан яна бири — инфратузилма ва назорат тизими ўртасидаги узвийлик етишмаслигидир. 967 км пиёдалар йўлакчаси ва 38 минг дона йўл белгиси етишмаслиги, 1,5 мингдан ортиқ йўлда ҳимоя тўсиқларининг йўқлиги аниқланган. Бу маълумотлар бошқа муаммоларни ҳам кўз-кўз қилмоқда.
Фарғонадаги Д-105 йўлининг 6 км қисмида тўсиқлар ўрнатилганидан сўнг, 2025 йилда ўлим ҳолатлари нолга тушган. Илгарилари бу жойда ҳар йили камида 10 нафар киши ҳалок бўларди. Бу мисол самарали ёндашув бўлганини тасдиқлайди.
Дастур доирасида янги электрон портал ҳам ишга туширилади. Унда аҳоли реал вақтда йўлдаги муаммолар, йўл белгилари, светофорлар, пиёда ўтиш йўлаклари ҳақида маълумот олади, ўз фикрини билдириб, лойиҳаларга овоз бериш имконига эга бўлади. Фото ва видео ҳисоботлар орқали жамоатчилик ҳам назоратчига айланади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири — ресурсларни адолатли тақсимлашдир. Ҳар бир вилоят ва туман бир хил имкониятга эга бўлади. Жамғарма маблағларини тақсимлаш ваколати ҳам айнан шу тамойилга асосланган ҳолда амалга оширилади.
Президент таъкидлаганидек, “ҳар бир инсон ҳаёти бебаҳо”. Йўлда ҳаётдан кўз юмиладиган ҳар бир инсон тақдири — давлатнинг, жамиятнинг, оиланинг юрагига урилган зарба. Шу боис бу тизимда ҳеч қандай сусткашлик, бюрократия ёки бетарфликка йўл қўйиб бўлмайди.
Ҳар бир ҳоким, ҳар бир раҳбар, ҳар бир йўл бошқармаси раҳбари ўз ҳудудида йўлларни хавфсиз қилишни фуқаролик бурчи сифатида қабул қилиши лозим. Бу фақат давлатнинг эмас, бутун жамиятнинг умумий вазифасига айланиши шарт. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар