Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни ўтказилган йиғилишда оилалардаги муаммолар, ёшлар тарбияси ва маҳаллалардаги ижтимоий муҳит бўйича жиддий масалаларни кўтарди. Давлат раҳбари оилавий барқарорлик ва масъулиятни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, бу йилнинг ўзида мамлакат бўйлаб 32 мингга яқин оила ажрашган. Шу билан бирга, 16 мингдан ортиқ ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаётгани, айрим эркаклар оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилаётгани алоҳида қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, бу ҳолатлар жамият учун жиддий сигнал бўлиб, маҳалла еттиликлари, ҳокимлар, нуронийлар ва жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлиши шарт. “Оила қуриш — бу фақат икки ёшнинг бирикиши эмас, балки масъулият, фарзандлар тақдири ва келажак олдидаги катта мажбурият”, — деди у.
Йиғилишда Президент ажримлар вақтида айниқса фарзандлар оғир моддий аҳволга тушиб қолмаслиги учун никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини кенг тарғиб қилиш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, бундай келишувлар нафақат оила аъзолари ҳуқуқини ҳимоя қилади, балки ажрим жараёнида болалар манфаатларини ҳам таъминлайди.
Шу билан бирга, давлат раҳбари ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва яқин қариндошлар ўртасидаги турмуш қуриш ҳолатларининг салбий оқибатларига ҳам тўхталиб ўтди. Бу каби никоҳлар кўп ҳолларда оилавий низолар ва соғлом авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, жамиятда оила маданиятини, масъулият ва ўзаро ҳурматни кучайтириш муҳим вазифага айланган. Бунинг учун маҳаллаларда фаол тарғибот, таълим муассасаларида тушунтирув ишлари олиб бориш, ёшлар билан яқин мулоқотда бўлиш зарур.
Шундай қилиб, Президентнинг бу чиқиши оилавий муносабатлар, иқтисодий масъулият ва фарзандлар тақдири масалаларига янги ёндашувни талаб этаётганини кўрсатди. Давлат даражасидаги бу ташаббус, шубҳасиз, оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.