
Ўзбекистон энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини оширишни режалаштирмоқда. Жорий йил бошидан буён мамлакатда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 23 фоизи қайта тикланувчи манбалардан олинган.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бу кўрсаткич 2030 йилга келиб 54 фоизга етказилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда жами қуввати 4,7 минг МВт бўлган 13 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда.
Ушбу станциялар 9,7 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу орқали 2,8 миллиард куб метр табиий газ тежашга ва 4,2 миллион тонна зарарли моддалар чиқиндисини олдини олишга муваффақ бўлинди.
Хусусий сектор, корхоналар ва ижтимоий иншоотларда ҳам қуёш панеллари ўрнатилиши давом этмоқда. Уларнинг умумий қуввати 1,9 минг МВтни ташкил этади, шунингдек, 4,85 миллион литр ҳажмда қуёш сув иситиш коллекторларидан фойдаланилмоқда.
Бу орқали қўшимча 761 миллион куб метр газ тежаш ва 905 минг тонна зарарли моддалар чиқиндисини камайтиришга эришилди. Иссиқлик электр станцияларида ҳам замонавий экологик технологиялар жорий этилмоқда.
Тошкент иссиқлик электр марказида янги газ турбинали қурилмалар, автоматик мониторинг тизимлари ва фильтрлаш ускуналари ўрнатилди. Бу йиллик зарарли моддалар чиқиндисини 200 тоннага камайтиришга ёрдам берди.
Шунингдек, 2025 йилгача «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ёқилғи-энергетика комплекси корхоналари томонидан 2,5 миллиондан ортиқ дарахт экилиб, ишлаб чиқариш объектлари атрофида янги экологик зоналар ташкил этилди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.