Рамазон олдидан бозорларда арзон озиқ-овқат ярмаркалари йўлга қўйилади

Кейинги ҳафтадан муборак Рамазон ойи бошланар экан, ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини ушлаб туриш масаласи яна биринчи ўринга чиқди. Шу боис Шавкат Мирзиёев деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини бошлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқ берди.
Йиғилишда келтирилган рақамлар ҳам ҳолат қанчалик сезгир эканини кўрсатди: январ ойида йиллик инфляция 7,2 фоизга етган. Шу ўсишнинг салмоқли қисми озиқ-овқат ҳисобига тўғри келади — 45 фоиз, айниқса, 13 фоизи гўшт нархлари билан боғлиқ экани таъкидланди. Яъни, “сумка оғирлашиши”нинг асосий сабаби айнан дастурхон маҳсулотлари.
Гўштда импортга қарамликни пасайтириш учун эса оддий, лекин ҳал қилувчи нуқта бор: озуқа базаси. Шу маънода Муборак туманида 5 минг гектар ерни фойдаланишга киритиб, маккажўхори экиш бошлангани бошқаларга намуна сифатида келтирилди. Энди бу ишни кенгайтириб, қўшимча 60 минг гектарда ташкил қилиш вазифаси қўйилди — натижада 350 минг бош чорва учун кафолатланган озуқа манбаи пайдо бўлиши кутилмоқда.
Чорвачиликда яна бир йўналиш — майда шохли қорамол наслини яхшилаш. Шу мақсадда ўтган йили Мўғулистондан 100 минг қўй ва эчки олиб келинган, бу йил ҳам иш давом эттирилиши айтилди.
Картошка масаласи ҳам очиқ айтилди: ўтган йил 772 минг тонна картошка импорт қилинган. Энди эса 2026 йилда мутасаддилар ва ҳокимлар 4,5 миллион тонна ҳосил олиш мақсадини бажариши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Қисқаси, картошка “планка”си энди анча баланд — аммо бу импорт босимини тушириш учун зарур қадам.
Нархларни “қўлда” ушлаб туриш эмас, олдиндан ҳисоблаб, режали бошқариш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги марказига янги вазифалар юкланди: ички-ташқи хатарларни олдиндан аниқлаш, ҳар ҳафта туман-шаҳар бозорларини таҳлил қилиш, талабнинг бир ой, уч ой, бир йилдан кейин қандай ўзгаришини прогноз қилиш. Ҳар чоракда омбор ва мавжуд қувватлардан келиб чиқиб, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари баланси шакллантирилади.
Энг муҳими — Рамазонни қаршилаш арафасида Ўзбекистонда бозордаги ҳолат “ҳар ким ўзича” эмас, тизимли назорат ва таклиф билан мувозанатда ушланиши керак. Агар ярмаркалар ҳақиқатан ҳам арзон нархда ишласа, бу оддий одам учун ҳам енгиллик: рўза пайтида нархлар эмас, ниятлар оғирроқ бўлсин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!