17:20 / 21.02.2018
2 366

Судларда сансалорлик барҳам топиши учун нималар қилинмоқда?

Судларда сансалорлик барҳам топиши учун нималар қилинмоқда?
Сир эмаски, яқин-яқингача фуқаролар судларга мурожаат этишда турли бюрократик ҳолатларга дуч келар, содда қилиб айтганда, мазкур идораларда кузатилиши мумкин бўлган оворагарчилик, сансалорлик ва қоғозбозликлардан безиб қолганди. Бу эса жамиятда одил судловга, қонун ҳамда адолат устуворлигига бўлган ишончга путур етказиши табиий эди.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар орасида судда ишлар кўрилиши ва судьялар фаолиятига дахлдор шикоятлар ҳам оз эмаслиги юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Бундай ҳолатлар давлат раҳбари томонидан бир неча бор танқид қилинди. Судлар фаолиятида очиқликни, шаффофликни таъминлаш, мурожаатларни кўриб чиқишда юзакилик ҳамда бефарқ муносабатларга узил-кесил чек қўйиш, одил судловни қарор топтириш юзасидан муҳим топшириқ ва тавсиялар берилди. Хўш, бунга жавобан республика суд органлари тизимида қандай ўзгариш ҳамда янгиланишлар кўзга ташланмоқда?

“Халқ сўзи” нашри Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров билан шу ҳақда суҳбат уюштирди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан бирга, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими яратилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига татбиқ этиляпти.

— Ҳар қандай янгилик биринчи галда фуқаролар манфаатига хизмат қилиши керак. Шу маънода, “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизимининг қандай қулайликлари бор?

— Биринчидан, ушбу тизим орқали жисмоний ва юридик шахсларга суд идорасига бормасдан, интернет орқали масофадан туриб ўз мурожаатларини, яъни даъво аризалари, аризалар, илтимосномалар ҳамда уларга илова этиладиган ҳужжатларни электрон тарзда жўнатиш, судларда эса ҳужжатларни электрон тарзда қабул қилиб олиш имконияти юзага келди. Бу ҳолат тарафларнинг оворагарчиликларига, ортиқча қоғозбозлик ҳамда сарф-харажатларга ҳам чек қўяди. Шунингдек, мурожаат этган шахс, унинг аризаси бўйича кўрилаётган ишда тараф сифатида қатнашаётган жавобгарлар ва уларнинг вакиллари, прокурорлар, адвокатлар ҳамда бошқа шахслар процессуал жараёнларни, яъни ишнинг кўриш учун тайинланганлиги, қолдирилганлиги, тўхтатилганлиги ёки кўриш натижаси ҳақидаги маълумотлардан интернетдаги шахсий кабинети орқали хабардор бўлиб боради.

Судларга келиб тушаётган мурожаатларни, турли хат-хабарларни, ариза ва шикоятларни рўйхатга олиш, уларни судьялар ҳамда суд ходимларига тақсимлаш, тайёрланган жавоб хатларини, чақирув қоғозларини, суд ҳужжатларини тарафларга, тегишли давлат органларига ва ташкилотларга жўнатиш ишлари автоматлаштирилди. Судга юбориладиган даъво аризалари, аризалар, шикоятлар, илтимосномалар ҳамда бошқа турдаги мурожаатлар, қолаверса, суд томонидан чиқариладиган қарорлар, ажримлар, ҳал қилув қарорлари ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий нусхалари электрон тизимга жойлаштирилди. Бу эса тарафларга, судьялар ҳамда суд ходимларига шундай ҳужжатларни қонун талабларига мос тарзда, кам вақт сарфлаган ҳолда, бир хилда ва сифатли шакллантиришга ёрдам беради. Тизимга киритилган “Давлат божи калькулятори” хизмати эса судга мурожаат этишда олдиндан тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини кўрсатади.

Айни дамда “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими республикамиздаги барча фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва туман (шаҳар) судида амал қилмоқда. Аҳамиятлиси, биргина 2017 йилда 550 мингдан ортиқ аризалар ҳамда даъво аризалари электрон шаклда қабул қилиниб, кўриб чиқилди. Дарвоқе, “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизимида ишлаш бўйича фойдаланувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида методик қўлланма, видеороликлар тайёрланиб, Олий суд веб-сайтига жойлаштирилган.

— Олий суднинг расмий веб-сайтида “E-SUD” электрон судлов ахборот тизимидан фойдаланишдан ташқари, фуқаролар учун яна қандай интерактив хизматлар йўлга қўйилган?
— www.oliysud.uz веб-сайтига электрон кутубхона, судларнинг интерактив харитаси, суд ҳужжатлари намуналарини юклаб олиш каби қатор хизмат турлари киритилган. Ушбу электрон манзил орқали фойдаланувчилар суд фаолиятига оид қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари, Пленум қарорлари, йўриқномалар, кўплаб ўқув материаллари ва адабиётлар билан танишишлари, лозим бўлганида улардан нусха олишлари мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти номига ариза, шикоят ҳамда бошқа турдаги мурожаатларни юбориш ва уларга тегишли жавобларни олиш имконига эга.

Веб-сайтга ҳар ойда ўртача 3,5 мингдан ортиқ фойдаланувчилар киряпти. Улар орасида хорижий давлат фуқаролари ҳам бор.
Шу ўринда судлар фаолиятида очиқликни таъминлаш мақсадида қилинган яна бир амалий ишни келтирсак. Гап шундаки, фуқароларга, тадбиркорлик субъектлари, адвокатлар ҳамда турли ташкилотлар вакилларига судга мурожаат қилиш тартиби, давлат божи ва суд харажатларини қаерга ҳамда қанча миқдорда тўлаши кераклиги, судларнинг манзиллари, алоқа телефонлари, банк реквизитлари, кўриб чиқилаётган фуқаролик ишлари рўйхати, иш кўриладиган зал рақами, ишни кўраётган судьянинг фамилияси ва исм-шарифи каби зарур маълумотлардан хабардор бўлиб туришлари учун инфокиосклар ташкил этилди. Ҳозирги пайтда бундай инфокиосклар Олий суд ҳамда айрим туманлараро судларнинг қабулхоналарига, кутиш залларига ўрнатилган.

— Судлар фаолиятига замонавий АКТ, жумладан, “E-SUD” тизими жорий этилиши билан соҳага доир амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Сиз назарда тутаётган ана шундай ўзгартиш ҳамда қўшимчалар яқинда қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг янги таҳририда ўз ифодасини топди. Унга кўра, фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларни видеоконференцалоқа режимида кўриш тартиби қонуний мустаҳкамланди. Бу тизим жорий этилгач, борди-ю, тарафлардан бири бир ҳудудда, бошқаси эса бошқа ҳудудда яшаётган бўлса, уларнинг ҳар бири суд мажлисида қатнашиш учун ўзи яшаётган тумандаги судга ташриф буюради ва суд муҳокамаси видеоконференцалоқа орқали ўтказилади. Натижада фуқароларнинг судда иштирок этиши учун сарфланадиган транспорт ҳамда бошқа турдаги харажатлари тежалади, оворагарчиликларга чек қўйилади.

Айтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2017 йилнинг иккинчи ярмида назорат тартибида кўрилган фуқаролик ишларининг 70 фоизи фуқароларни пойтахтга чақирмасдан, ўзлари яшаб турган жойдаги судларда видеоконференцалоқа орқали уларнинг иштирокини таъминлаган ҳолда ҳал қилинган.
Суд муҳокамасини аудио шаклида ёзиб олиш ва видеотасвирга олиш тартиби йўлга қўйилиши тарафларга жараёндан тўла бохабар бўлган ҳолда, эътироз билдириш имконини беради.

Умуман, судларда ишларни тўлиқ электрон тарзда шакллантириш тартиби қўл меҳнатини қисқартириш билан бирга, ишларни сақлаш, уларни юқори инстанция судларига юбориш, иш материаллари билан тарафларни таништириш, улардан нусхалар олиш каби процессуал жараённи сезиларли равишда соддалаштиради.
Ҳозирги пайтда Олий суд тизимидаги судларда мавжуд электрон судлов ахборот тизимини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизими билан интеграциялаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Бу юмушлар ниҳоясига етгач, судлар томонидан ижро варақалари ҳамда суд буйруқлари давлат ижрочиларига электрон шаклда тўғридан-тўғри юборилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Судларда сансалорлик барҳам топиши учун нималар қилинмоқда?