11:43 / 13.12.2018
3 484

Сенат раиси: «Ўзбек тилининг абгор ҳолга тушишига бепарволигимиз сабаб бўлмоқда»

Сенат раиси: «Ўзбек тилининг абгор ҳолга тушишига бепарволигимиз сабаб бўлмоқда»
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Унда Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев нутқ сўзлади.

«Дарё»нинг хабар беришича, Сенат раиси ўз нутқида ўзбек тилининг қадрсизланиб қолаётгани, қонун ҳужжатларининг аксарияти рус тилида эканлигини таассуф билан таъкидлаб ўтди.

«Сизга яхши маълумки, 2019 йилда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлади.

Тарихдаги ушбу шонли санани муносиб нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш ва тил ривожи билан боғлиқ муаммоларни таҳлил этиш мақсадида «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг Тошкент шаҳрида, шунингдек, турли вазирлик ва идораларда ижро этилиш ҳолати ўрганилди.

Ўрганишда мустабид тузум ҳукмронлиги даврида халқнинг ўзига хос жасорати тимсоли сифатида қабул қилинган ушбу Қонун ижроси йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланди.

Энг афсусли жиҳат шундаки, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратмадик.

Аксинча, Қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилди, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса, белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмади.

Кейинчалик қабул қилинган қонунлардаги нормаларнинг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга мувофиқлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолди.

Мисол учун, «Реклама тўғрисида»ги, «Фирма номлари тўғрисида»ги ва бошқа қонунларда «Давлат тили ҳақида»ги Қонун нормаларига зид қоидалар мавжудлиги бунинг яққол далилидир.

Қонунда жавобгарликка тортишга асос бўлувчи нормалар мавжуд бўлса-да, қонун нормаларининг мунтазам бузиб келинаётгани учун бирон-бир айбдор шахс белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмади.

Аччиқ бўлса-да, айтишга тўғри келади – бу ҳолат қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ўрнига, уни маълум маънода рағбатлантирмоқда.

Бу каби яна кўплаб камчиликлар ва ҳанузгача давом этаётган қонунбузарликлар, таъбир жоиз бўлса, Қонуннинг эгасиз ва ожиз бўлиб қолгани оқибатида давлат тили нуфузи пасаймоқда.

Ўнлаб атамалар нафақат кундалик истеъмолда, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ҳеч бир изоҳсиз қўлланилмоқда.

Турли йиллар мобайнида Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган 154 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган.

Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 34 та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас.

Бунинг устига, кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда «Рус тилидаги матнга қаранг», деган ҳаволаларнинг мавжудлигини эса, давлат тилига ўта ҳурматсизлик сифатида баҳолаш мумкин.

Нафақат нодавлат телерадиоканаллари, балки Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида ҳам бошловчилар томонидан адабий тил қоидаларига зид равишда турли шеваларда сўзлаш салбий одат тусига айланмоқда.

Телеканалларда эфирга берилаётган номи инглизча-ю, ўзи гўёки ўзбекча кўрсатувлар тил қоидаларига мутлақо ётлиги масъулларни ҳам, кўрсатувларни тайёрловчи қўштирноқ ичидаги «ижодкор»ларни ҳам ҳеч бўлмаганда уялтирмаяпти», — деди Сенат раиси.

Ниғматилла Йўлдошев шунингдек, аксарият адабиётларнинг кирилл алифбосида чоп этилаётгани ёшларнинг имкониятларини чеклаб қўяётганини ҳам алоҳида таъкидлади:

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида сабоқ олишни бошлаган ёш авлод бугун 23 ёшдан ошди.

Фундаментал илмий, бадиий, сиёсий ва бошқа адабиётларнинг аксарияти эса, кириллчада қолиб кетган. Оқибатда ҳаётнинг айни илм олишга зарурат ва иштиёқ туғилган жўшқин палласида аксарият ёшларнинг имконияти чекланиб қолмоқда.

Бир сўз билан айтганда, тилининг абгор ҳолатга тушиб қолаётганига ўзимиздаги бепарволик ва эътиборсизлик сабаб бўлмоқда.

Шу боис, Сенат Кенгаши Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа масъул тузилмаларга шу каби кўплаб камчиликларни, давлат тили ривожига тўсиқ бўлаётган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни берди.

Хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги Қонун ижросини тўлиқ таъминлашга оид комплекс чора-тадбирлар белгиланган «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш, Қонун талабларининг вазирлик ва идоралар томонидан бажарилиши ҳолатини Вазирлар Маҳкамасининг раёсатида мунтазам муҳокама қилиб бориш зарурлиги белгиланди.

Бизнинг тавсияларга асосан Адлия вазирлиги томонидан норма ижодкорлиги жараёнида «Давлат тили ҳақида»ги Қонун талабларига риоя этиш бўйича талабнинг кучайтирилаётганини эса, қўллаб-қувватлаймиз», деб таъкидлади Сенат раиси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сенат раиси: «Ўзбек тилининг абгор ҳолга тушишига бепарволигимиз сабаб бўлмоқда»