Саида Мирзиёева Венеция биенналесида эътибор марказида бўлди

Жаҳон замонавий санъатининг энг нуфузли анжуманларидан бири — Венеция биенналеси бу йил In Minor Keys (“Минор оҳангларда”) мавзуси остида ўтказилмоқда. Ушбу концепция бугунги мураккаб ва кўп қатламли даврни нозик бадиий талқин орқали англашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу ҳақда у ўзининг Телеграм-каналида хабар берди.
Ҳозирги вақтда 61-Халқаро бадиий кўргазма (Biennale Arte 2026) ўтказилмоқда. У 9 майдан 22 ноябргача давом этади.
Мазкур йирик тадбир доирасида Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг The Aural Sea миллий павилёни очилиш маросимида нутқ сўзлади. У ўз чиқишини алоҳида муҳим ва масъулиятли воқеа сифатида баҳолади.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг The Aural Sea номли миллий экспозицияси Орол денгизи мавзусига бағишланган. Бироқ лойиҳа ушбу ҳудудни фақат экологик фожиага айланган макон сифатида эмас, балки бой тарихий хотиралар, афсоналар ва ижодий изланишлар манбаи сифатида талқин қилади.

Мирзиёеванинг қайд этишича, экспозиция орқали Орол нафақат муаммо, балки инсоният хотираси ва маданий меросининг бир қисми сифатида намоён этилган.
Ўзбекистон павилёни яна бир бор биеннале меҳмонлари ва санъат ихлосмандларининг катта қизиқишига сабаб бўлди. Ташриф буюрувчилар мамлакатимиз маданияти, санъати ва тарихий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Мутахассислар фикрича, бундай халқаро майдонларда иштирок этиш Ўзбекистоннинг маданий дипломатиясини мустаҳкамлаш, шунингдек, хорижий меҳмонларда юртимизга нисбатан қизиқиш ва саёҳат истагини оширишда муҳим рол ўйнайди.
