Россияда 2035-йилга келиб юк ташишда учувчисиз юк машиналари улуши 19% га етади

Россия ҳукумати 2035-йилгача бўлган даврда учувчисиз юк ташиш бозорини ривожлантириш концепциясини тасдиқлади. Ҳужжатга кўра, юқори автоматлаштирилган транспорт воситаларининг (ЯТВ) автомобил юк ташиш ҳажмидаги улуши 19 фоизга етиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳа Транспорт вазирлиги, «Сифровой транспорт и логистика» ассоциацияси ҳамда йирик юк ташувчи компаниялар ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Транспорт вазири Андрей Никитиннинг таъкидлашича, автоном юк машиналари аллақачон Санкт-Петербургдан Қозонгача бўлган йўналишда синовдан ўтказилмоқда ва уларнинг умумий масофаси 17 миллион километрдан ошган. 2035-йилга бориб, учувчисиз юк машиналари парки 57 минг донага етиши режалаштирилган. Бундай техникалар йилига 300 минг километргача масофани босиб ўтиши мумкин, бу эса оддий юк машиналарига қараганда икки баравар кўпдир.
Концепцияни амалга ошириш босқичма-босқич автоматлаштириш даражасини оширишга хизмат қилади. Икки йилдан сўнг кабинасида ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган техникаларнинг йўлларда пайдо бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда Транспорт вазирлиги ЯТВ тўғрисидаги федерал қонун лойиҳасини тайёрламоқда, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилган.
Технологик етукликни баҳолаш учун «ЭРА-ГЛОНАСС» базасида ягона идентификация тизими қўлланилади. Лойиҳада Yandex, Навио ва КамАЗ каби компаниялар иштирок этмоқда. Учувчисиз юк машиналарининг асосий афзаллиги – самарадорликнинг юқорилиги ҳамда эксплуатация режимининг башорат қилиниши ҳисобига техник хизмат кўрсатиш харажатларининг камайишидир. Бир дона учувчисиз юк машинаси ҳайдовчиси бўлган иккита оддий юк машинасини алмаштириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!