Содиқ Сафоевнинг таъкидича, Марказий Осиё республикалари ўртасида аввалги даврга хос «аллақандай адоват» ва «ҳатто хусумат» ҳозир йўқ – минтақада ўзаро ишонч муҳити шаклланган. Масалан, 5 йил олдин сув масаласи ечиб бўлмас муаммо бўлиб кўринган бўлса, ҳозир қўшни давлатлар қўшма лойиҳалар билан бу муаммони ечишга тайёрлигини кўрсатяпти.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев парламентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид масалаларни ҳал қилишдаги ваколатларини кенгайтириш мавзусида журналистларга интервью берди.
– Бундан 15 йил олдин, яъни 2005 йилда чоп этилган «Марказий Осиёдаги геосиёсат» китобингизда Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар, иқтисодий муносабатлар, чел эл инвестицияларини жалб этиш, мамлакатда хорижий бизнес учун қулай шароитларни яратиш борасида фикр юритгансиз ва Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон олдида ана шу мушкул муаммони ҳал этиш вазифаси турганини таъкидлагансиз.
Орадан 15 йил ўтди. Бугун Ўзбекистонда бу борада яратилган имкониятларни ўша давр билан таққослаб, неча фоизга баҳолайсиз? Янги парламент, янги Ўзбекистон бу борада яна қайси соҳаларда иш олиб бориши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Авваламбор, бу китобни эслаганингиз мен учун катта шараф. Саволингизда бир неча савол мужассам. Мен уларга бирма-бир жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Марказий Осиёда турган фундаментал масалалар, муаммолар ўзгаргани йўқ.
Уларнинг энг асосийси шундан иборатки, Марказий Осиё тарихан ягона иқтисодий, кўп нуқтайи назардан маданий ҳудуд бўлиб келган. У тарихан бирга бўлган. Фақатгина тарих тақозоси билан ўз вақтида улар алоҳида мамлакатларга бўлиниб кетди. Лекин уларнинг бир-бири билан узвий боғлиқлигини ҳеч ким инкор қилолмайди.
Тушунамизки, бу минтақа давлатлари олдида турган мақсадларга фақат биргаликда эришиши мумкин, фақат муштарак ҳаракатлар орқали уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиши мумкин.
Масалан, экологик муаммо ёки сув танқислиги муаммоси. Ёки, бизнинг анклав эканимиз, денгизга чиқиш имкониятимиз чеклангани. Буларни ҳеч бир мамлакат алоҳида ҳал этолмайди, уларни фақат биргаликда ҳал этишимиз мумкин.
Ёки афзалликларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бизда энергетик захиралар кўп. Ҳеч бир давлат ўз захираларини дунё бозорига бошқа давлатнинг устидан сакраб олиб кетолмайди. Инфратузилмани биргаликда ривожлантиришимиз керак.
Сафоев сўнгги уч йилда Марказий Осиёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий вазият батамом ўзгарганини таъкидлади.
– Илгариги даврга хос бир-бирига нисбатан қандайдир адоват, ишончсизлик, ҳаттоки бир-бирига бўлган хусумат йўқ бўлиб, бугун ўзаро ишонч, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, компромиссга тайёрликни биз бугун қайд этмоқдамиз.
Тан олайлик, бу фақат бизнинг фикр эмас, бу халқаро ҳамжамият тан олган фикр. Бу биринчи навбатда президентимиз ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг янгиланган Ўзбекистон ташқи сиёсати билан боғлиқ. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Мамлакатимиз очиқликни эълон қилди, кўп ташаббусларни илгари сурди ва улар қўллаб-қувватлагани натижасида бугун кўриб турибмизки, Марказий Осиёнинг олдида турган кўп хавф-хатарлар четлатилди.
Сув масаласи. Илгари, 5 йил олдин бу бизга худди ечими йўқ муаммо бўлиб кўринаётган эди. Бугун кўряпмизки, мамлакатлар ҳаттоки қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, бу муаммони ечишга тайёрлигини кўрсатмоқда.
Сенаторнинг таъкидича, ташқи сиёсат бевосита инсон ҳуқуқлари, манфаатлари билан боғлиқ.
– Эсимизда бор, 3-4 йил олдин кунига бир неча 10, 20, 30 одам яқин қариндошларини кўриш учун Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегарасидан ўтиш имкониятига эга эди. Агар уларда у ерда кимдир вафот этгани ёки оғир аҳволда экани ҳақидаги телеграмма бўлсагина. Бугун кунига юз мингдан ортиқ ватандошларимиз бемалол, тўсиқсиз қўшни давлатлар билан чегарани кечиб ўтиб, у ерга нафақат қариндошлари билан учрашиш, балки бошқа мақсадларда ҳам бориб келишлари мумкин.
Шунинг эвазига қўшни давлатлар билан бўлган савдо хажми сўнгги йиллар мобайнида айримлари билан 70 фоиз, айримлари билан икки баравар ортиб бормоқда. Янги транспорт йўлаклари очилди.
Афғонистонни айтинглар. Кўп йиллар биз уни худди кўрмагандек ишлардик. Бир неча йил олдин Афғонистон билан савдо-сотиғимиз деярли бўлмаган, десак ҳам бўлади. Бугун бу 1 миллиард долларга яқинлашмоқда.
Ўзбекистон Афғонистон билан бир неча масалаларда, шу жумладан, бизга энг яқин, мақбул бўлган трансафғон транспорт йўлагини барпо этиб, у орқали бутун Марказий Осиёга биз учун энг яқин денгиз портларига чиқиш имконини берувчи лойиҳаларни илгари сурмоқда. Бу борада Марказий Осиёдаги бугунги вазият ижобий нуқтайи назардан ўзгарди, лекин шу билан бирга, ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан чегарадош бўлган ягона давлат. Бошқа ундай давлат йўқ. Шунинг учун Ўзбекистоннинг мавқейи ўзгача. Ўзбекистондаги вазият нафақат мамлакатимиз учун, балки бутун минтақа учун катта таъсир кўрсатади. Бу ҳам халқаро даражада тан олинган бир омил.
Бу борада Ўзбекистонда сўнгги йилларда бўлаётган, шу жумладан инвестицион иқлимни яхшилаш бўйича ўзгаришлар фақатгина Ўзбекистон учун эмас, балки Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятга эга.
Нимага? Чунки йирик инвесторлар тор миллий иқтисодиёт ҳудуди билан унча қизиқмайди, уларга кенг минтақавий ҳудуд керак. Улар учун фақатгина 35 миллионлик Ўзбекистон бозори эмас, балки 100 миллионлик Марказий Осиё бозори қизиқроқ. Шунинг учун Марказий Осиё учун Ўзбекистонда бўлаётган ҳозирги ўзгаришлар ниҳоятда муҳим.
Сўнгги йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар, Жаҳон банкининг Doing business кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг рейтинглари қандай ортиб бораётгани ҳақида биласизлар. Сўнгги йил мобайнида ўтган йилга нисбатан деярли уч баравар кўпроқ инвестиция Ўзбекистонга келди.
Бу шуни кўрсатяптики, жараён бор, у тобора мустаҳкамланмоқда. Лекин шу билан бирга ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп. Бу ҳақда биз парламент аъзолари ҳам бош қотиришимиз керак. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди