
Глобал электр транспорт воситалари бозорида етакчилардан бири бўлган Тесла компанияси бугунги кунда ўз тарихидаги энг мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Сиёсий можаро, пасайиб бораётган савдо кўрсаткичлари ва стратегик хатолар компаниянинг барқарорлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Тесла жорий йилнинг биринчи ва иккинчи чоракларида кетма-кет равишда 13 фоизлик глобал савдо пасайишини қайд этди. Бу компания тарихидаги энг катта икки чораклик пасайиш бўлди. Европа, АҚШ ва Осиёдаги талаб пасайгани ҳолда, рақобатчилар – хусусан, Хитойнинг BYD компанияси – бозордаги улушини тез суръатда кенгайтирмоқда. BYD 2025-йил якунига келиб глобал сотувлар бўйича Теслаъни ортда қолдириши кутилмоқда.
АҚШда янги имзоланган қонунчилик сабабли электр транспорт харидорлари учун $7,500 миқдоридаги солиқ имтиёзи бекор қилинди. Шу билан бирга, бензинли автомобиллар ишлаб чиқарувчи компанияларга қўйиладиган экологик жарималар ҳам олиб ташланди. Бу Тесла учун катта йўқотишдир, чунки компания 2019-йилдан бери бошқа ишлаб чиқарувчиларга сотилган регулятор кредитлари орқали 10,6 миллиард доллар даромад кўрган.
Мазкур манба йўқолгач, Тесла фойдаси кескин камайди. 2025-йилнинг биринчи чорагида соф фойда 71 фоизга қисқарди. Агар кредитлар бўлмаганида, компания яна зарар билан ишлаётган бўларди.
Илон Маск Тесланинг келажагини автоном роботаксилар ва сунъий интеллект асосидаги роботлар билан боғламоқда. Бироқ ҳозиргача бу технологиялар кенг оммага тақдим этилмаган. Аустин (Техас) шаҳрида синов тариқасида ишга туширилган роботакси хизматида ҳали ҳам ҳайдовчи ўрнида назоратчилар ўтиради.
Бошқа томондан, рақобатчи Waymo (Google компаниясига қарашли) аллақачон Сан-Франциско, Лос-Анжелес ва Финикс каби шаҳарларда кенг қамровли роботакси хизматини йўлга қўйган. 2026-йилда эса компания бу хизматни Маями ва Вашингтонда ҳам кенгайтирмоқчи.
Илон Маск яқинда ўзининг янги сиёсий партиясини ташкил этишини эълон қилди. Бу эса инвесторлар орасида хавотир уйғотди. Собиқ иттифоқчиси, АҚШ Президенти Доналд Трамп билан очиқ можарога киришган Маск эндиликда икки томонлама сиёсий босимга дуч келмоқда. Аналитиклар бунга “ўз-ўзини бренд сифатида зарарлаш” деб баҳо бермоқда.
Инвестицион банклар, жумладан William Blair, Тесланинг келажакдаги даромад прогнозларини пасайтириб, компания акцияларини “нейтрал” ҳолатга туширишди. Аналитиклар фикрича, ҳозир айнан компания стратегиясига эътибор қаратилиши лозим бўлган пайтда Маскнинг сиёсий майдонга шўнғиши Тесланинг ривожланишига жиддий тўсиқ бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар