
Қатарда старт олган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати нафақат ёшлар ўртасидаги йирик мусобақа, балки келажак юлдузлар учун катта синов майдонига айланди. Бу ерда ҳар бир футболчи ўз иқтидори, характер ва майдондаги ақл-заковати билан дунё футболи синовидан ўтиш имконига эга.
Бу йилги чемпионатда 48 терма жамоа иштирок этмоқда, уларнинг тўққизтаси Осиё қитъасидан. Ушбу қитъа вакиллари сўнгги йилларда ёшлар футболида катта ютуқларга эришиб, жаҳон скаутларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Қатардаги мусобақа улар учун келажакда катта трансферларга йўл очиши мумкин бўлган муҳим синов ҳисобланади.
Кўплаб ёш футболчилар бу сафар жаҳон миқёсида ўз номини танитишни мақсад қилган. Улардан айримлари аллақачон профессионал клубларда дебют қилган бўлиб, тажрибаси ёш бўлса-да, майдонда катталарга хос эҳтирос ва масъулият билан ҳаракат қилмоқда.
Қуйида Жаҳон чемпионатида ўз жамоасининг юрагига айланиши мумкин бўлган Осиёнинг ёрқин вакиллари ҳақида тўхталиб ўтамиз:
Майед Адель (БАА)
Кучли жисмоний тайёргарликка эга, рақиб ҳимоясини қўрқувга соладиган ҳужумчи. U-17 Осиё кубогида Австралияга қарши муҳим гол урди, шу билан жамоасини илгари силжитган. Унинг ўйин услуби Дидье Дрогбага ўхшаш — қаттиқ, ўз вақтида ҳаракат қилувчи ва вазиятдан фойдаланишни яхши билади.
Ким Инсон (Жанубий Корея)
K-League академиясидан ташқарида ўсган, аммо тезкор ҳаракат ва тўпсиз ўйиндаги фаоллиги билан жамоанинг марказий фигурасига айланган. Афғонистон ва Яманга қарши баҳслардаги голлари уни мухлислар севимлисига айлантирди.
Ким Ю-Жин (КХДР)
Терма жамоа сардори бўлган бу ҳужумчи жисмоний тайёргарлиги ва тезлиги билан рақиблар учун жиддий хавф туғдиради. Ҳимоячиларни қийнаш, босим остида ҳам қарор қабул қилиш қобилияти билан ажралиб туради.
Фадли Альберто (Индонезия)
Индонезия футболи умидлари сирасида. U-17 Осиё кубогида Корея ва Яманга қарши ўйинларда ҳал қилувчи роль ўйнади. Техник жиҳатдан пишиқ, ўйинда сабр ва ҳиссиётни уйғунлаштира олади.
Садриддин Ҳасанов (Ўзбекистон)
"Бунёдкор" жамоаси тарбияланувчиси бўлган бу вингер ҳар икки қанотда тез ҳаракат қилади, дриблингда ўзига хос услубга эга. U-17 Осиё кубогида энг яхши футболчи ва иккинчи тўпурар сифатида тан олинган. Унинг ўйин услуби майдондаги фаоллик ва ташаббус билан фарқ қилади.
Абдулазиз Ал-Фаваз (Саудия Арабистони)
Жамоа сардори бўлиб, ўйин темпини назорат қиладиган ярим ҳимоячи. Жисмоний куч, узатмалар аниқлиги ва стратегик фикрлаш қобилияти унинг асосий устунликлари. Саудия термаси Жаҳон чемпионатига чиқишида у ҳал қилувчи роль ўйнади.
Зайд Файсал Ктит (Қатар)
Марказий ҳужумчи сифатида тўпни қабул қилиш ва вазият яратишда юқори техник савияга эга. Жарима майдонида ўзини ишонч билан тутади, рақиб ҳимоячилари учун доимий хавф манбаи.
Минато Ёсида (Япония)
Япония футболида янги юлдуз сифатида танилаётган Ёсида Осиё кубогида 3 та гол урган. Унинг ўйинида ақл, сабр ва ҳиссий барқарорлик уйғунлашган. 16 ёшидаёқ “Kashima Antlers” сафида дебют қилган.
Мехрубон Одилзода (Тожикистон)
Ўйинни назорат қилиш қобилияти билан ажралиб турадиган ярим ҳимоячи. Ҳимоядан ҳужумга тез ўтиш, аниқ паслар билан ўйин ритмини ўзгартириш — унинг энг кучли томонлари.
Қатардаги бу мусобақа нафақат ёшлар ўртасидаги рақобат, балки келажак юлдузлар майдони бўлиши шубҳасиз. Ҳар бир осиёлик футболчи бу ерда ўзининг профессионал фаолияти учун муҳим тажриба орттирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!