16:06 / 17.05.2022
4 816

Эрдўғон Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига нега қарши чиқди?

Эрдўғон Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига нега қарши чиқди?
Фото: IHA
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 16 май куни Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида Швеция ҳамда Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиб киришига қарши эканини билдирди. Туркия раҳбари бундай позицияда экани сабабларини очиқлади.

Қайд этилишича, расмий Стокҳолм ҳам, Ҳелсинки ҳам курд жангариларига нисбатан аниқ позицияда эмас.

«Бу мамлакатларнинг бирортаси террорчи ташкилотларга нисбатан аниқ-тиниқ позицияга эга эмас. Қолаверса, биз Туркияга нисбатан санкция жорий этаётганларнинг НАТО каби хавфсизлик тузилмасига қўшилишларига розилик билдира олмаймиз», – деди Эрдўғон.

Туркия етакчиси Швециянинг айрим депутатлари халқаро ҳамжамият террорчи ташкилот деб тан олган РПКни қўллаб-қувватлашини қайд этган.

Эрдўғонга кўра, Швеция ва Финляндия 2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган FETÖ гуруҳи аъзоларини экстрадиция қилишдан ҳам бош тортган.

Расмий Анқара кўпдан буён икки Скандинавия давлатини курд жангари гуруҳларини дастаклашда айблаб келади. Қолаверса, мазкур давлатлар 2019 йили турк қуролли кучлари Суриядаги YPG жангариларига қарши ҳарбий амалиёт ўтказганидан кейин Туркия мудофаа саноатига нисбатан санкция жорий этган.

Ҳатто «совуқ уруш» даврида ҳам бетараф мақомни сақлаб келган Швеция ва Финляндия Россиянинг Украинага босқинидан кейин ошиғич равишда НАТОга аъзо бўлишга қарор қилди.

Юзага келган дипломатик тарангликка муносабат билдирган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия муҳим иттифоқчи экани, бу борада расмий Анқаранинг фикрларига қулоқ тутилишини қайд этган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра эса, президент Эрдўғоннинг Скандинавия давлатларига эътирози ортида ЕИга аъзолик масаласи турган бўлиши мумкин.

«Эрдўғон – геосиёсий шахмат доскасидаги мен билган энг моҳир ўйинчи. Путин ҳам қопқонга тушди. Эрдўғон – қилдек дор устида чопиб юрган дорбозга ўхшайди. Менимча, Эрдўғоннинг нияти битта – Европа Иттифоқига Туркияни киришини тезлаштириш. Украина–Россия урушида Туркия Киев томонида турибди. ЕИ Украинани тезроқ ўзига қўшиш ниятида. Лекин, ЕИнинг кўплаб давлатлари Туркияни четлаб ўтиб, қандай қилиб Киевни қўшиб олишни билмайди. Украинани қўшиб олиб, Туркияни четда қолдирса, катта жанжал чиқади. Айни пайтда Франция ва бошқа континентал европацентрист давлатлар Туркияни ЕИга қўшиш ниятида эмас», – деб ёзади К.Раббимов.

Эслатиб ўтамиз, НАТО сафига янги давлат қабул қилиш учун унга аъзо барча давлатлар розилик билдириши керак. Битта давлат норози бўлса ҳам, янги давлат аъзоликка қабул қилинмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўғон Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига нега қарши чиқди?