Аввалги ҳосилни сотмаган Надежда Стецюк ва унинг ўғлида бу йилги ҳосилни жойлаштириш учун жой йўқ
Фото: NADIYA STETSIUK
Украинадаги дон омборларида 20 миллион тонна ғалла сотилмай қолиб кетган. Қора денгиздаги портлар Россия томонидан тўсиб қўйилиши ушбу маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқишга тўсиқ бўлмоқда. Вазият шу тарзда давом этадиган бўлса, украин фермерлари хонавайрон бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг феврал ойи бошида украиналик фермер Надежда Стецюк ҳосилдор йилни кутаётган эди. 2021 йилда об-ҳаво қулай келган ва Надежда Черкасска областидаги кичик фермасида маккажўхори, буғдой ва кунгабоқардан катта миқдорда ҳосил олади. Халқаро бозорда ҳам нархлар кундан кунга ошиб борарди, шу сабабдан ҳам у кейинчалик сотиш учун ўтган йилги ҳосилининг бир қисмини сақлаб қўяди. Аммо кутилмаганда уруш бошланди.
Черкасскада фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмади, мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 80 фоизи Украина назорати остида, бироқ урушнинг таъсири дарҳол сезила бошлади.
«Босқиндан сўнг умуман дон сота олмадик. Бу ердаги ҳозирги нарх урушгача бўлган даврдаги нархнинг ярмига тенг. Европада ва дунёда озиқ-овқат инқирози бўлиши мумкин, аммо Украинада ҳамма нарса тўхтади, чунки маҳсулотимизни етказиб бера олмаймиз», дейди Стецюк.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Россиянинг ўзига қарши қўлланаётган санкцияларни бекор қилиш эвазига Украинанинг Қора денгиз портларига чиқишига имкон беришни назарда тутувчи таклифини шантаж деб атади.
Украина энг йирик озиқ-овқат экспортчиларидан биридир. Жаҳон бозорида сотилаётган кунгабоқар ёғининг 42 фоизи, маккажўхорининг 16 фоизи, буғдойнинг 9 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келади.
Баъзи мамлакатлар эса Украина маҳсулотларига қаттиқ боғланган. Хусусан, Ливан буғдойнинг 80 фоизини, Ҳиндистон кунгабоқар ёғининг 76 фоизини айнан Украинадан импорт қилади.
Шунингдек, Эфиопия, Яман ва Афғонистон каби мамлакатлардаги очарчилик ёқасида турган одамларни озиқ-овқат билан таъминлашга ёрдам кўрсатувчи БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳам буғдойнинг 40 фоизини Украинадан харид қилиб келган.
Урушдан олдин ҳам жаҳон озиқ-овқат таъминотининг занжири кафолатли даражада эмас эди. Ўтган йилги қурғоқчилик Канададаги буғдой ва мойли экинларга, Жанубий Америкадаги маккажўхори ва соя ҳосилига жиддий таъсир кўрсатган.
Пандемия сабабли Индонезия ва Малайзияда ишчи кучи танқислиги кузатилган ва пальма ёғини йиғиб олишда муаммолар пайдо бўлган. Натижада бутун дунё бўйлаб ўсимлик мойи нархи ошиб кетди.
Бир қанча омиллар сабаб 2022 йилнинг бошида дунё миқёсида асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи рекорд даражага етди. Украинада етиштирилган ҳосил глобал танқисликнинг олдини олишга ёрдам беришига умид қилинганди. Аммо кутилмаганда бошланган уруш бунга имкон бермади.
Украина Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда 20 миллион тонна ғалла сотилмай қолиб кетган.
Урушдан олдин Украина экспортининг 90 фоизи Қора денгиздаги портлар орқали амалга оширилган. Ҳозирда бу портлардан фойдаланишнинг имконияти йўқ. Россия Украина қирғоқ чизиғининг катта қисмини эгаллаб олди ва қолган қисмини 20 та кема, шу жумладан тўртта сув ости кемасидан иборат флот билан блокировка қилмоқда.
Украинанинг Қора денгиздаги портлари буғдой юклаш учун Руминия ёки Польшадаги портлардан анча яхшироқ жиҳозланган
БМТ озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли халқаро ҳамжамиятни блокадани бузиш учун конвой ташкил этишга чақирди.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг денгиз мудофааси бўйича таҳлилчиси Жонатан Бентамнинг сўзларига кўра, конвой учун салмоқли миқдорда ҳаво, қуруқлик ва денгиз кучлари керак бўлади ва сиёсий нуқтайи назардан қараганда, бундай операцияни амалга ошириш осон бўлмайди.
«Кескинликни пасайтириш учун Қора денгизга чиқиш имконияти бўлган давлатлардан, масалан, Руминия ёки Болгариядан ёрдам сўраш керак. Лекин уларда бунинг учун маблағ йўқ. Қора денгиз ҳудудидан ташқаридаги НАТО аъзолари бу ҳақида ўйлашлари керак бўлади», - дейди у.
Бу эса, Босфор ва Дарданелл бўғозларини ҳамда Қора денгизга киришни назорат қилаётган Туркияни қийин аҳволга солиб қўяди. Расмий Анқара аллақачон ҳарбий кемаларнинг бўғозларга киришига чеклов эълон қилган.
Россияга қарши санкцияларни юмшатиш эвазига Қора денгиз орқали озиқ-овқат етказиб бериш йўлаги очиш таклифи Европа Иттифоқи мамлакатларининг учрашувида муҳокама қилинган бўлса-да, босим юмшатилишига оид ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.
Украина соҳилнинг катта қисмини миналаштирган. Фото: Getty Images
Ҳозирча Украинадан маҳсулотларни фақатгина қуруқлик ёки Дунай дарёси бўйлаб катерларда экспорт қилиш мумкин.
Европа Иттифоқи тегишли инфратузилмага миллиардлаб евро сармоя киритиш режаларини эълон қилди. Надежда Стецюкнинг қўшниси, 15 минг гектар ерда деҳқончилик билан шуғулланаётган Кеес Ҳейзингнинг таъкидлашича, бу етарли эмас. Урушнинг бошиданоқ у ўз маҳсулотларини қуруқлик орқали етказиб беришга ҳаракат қилган, бироқ узунлиги 25 км.гача чўзилган навбатлар ва ортиқча қоғозбозлик уни безовта қилмоқда.
Ҳейзингнинг айтишича, 18 май куни, Европа Иттифоқи инфратузилмага сармоя киритиш ҳақида эълон қилганидан икки кун ўтиб, божхоначилар унинг ҳайдовчиларидан олдин ҳеч қачон сўрамаган иккита кийим-кечакни талаб қилишади. «Чегарани кесиб ўтиш соддалашаётгани йўқ, аксинча, бюрократик тўсиқлар кўпайиб бормоқда», - дейди у.
Ҳейзинг уч ҳафта ичида Европага 150 тонна дон жўната олган. Олдин шунча миқдордаги донни Одесса порти орқали бир неча соат ичида экспорт қилиш имконияти бўлган.
Украинадан чиқишда туриб қолган юк машиналари 25 км масофага чўзилган навбат ҳосил қилган
Украинадан асосий юк коридори ҳозирда темирйўл орқали амалга оширилмоқда. Аммо мамлакат темирйўл тизими ҳали ҳам советлар темирйўл стандартидан фойдаланади, ўлчови Европа Иттифоқиникига қараганда кенгроқ, яъни товарларни чегарада янги вагонларга қайта юклаш керак. Ўртача кутиш вақти 16 кун, лекин маҳсулотлар чегарада бир ойгача қолиб кетиши мумкин.
Дунёда озиқ-овқат танқислиги ҳақидаги гап-сўзларнинг аксарияти буғдой ҳақида бўлса-да, бугунги кунда Украинадан экспорт қилинадиган доннинг асосий қисмини маккажўхори ташкил этади. Бунга маълум сабаблар асос сифатида келтирилган.
Украиналик дон таҳлилчиси Елена Неробанинг фикрича, маҳаллий деҳқонлар буғдой сотишга иккиланяпти, чунки уларни 1932 йилда миллионлаб одамлар ўлимига сабаб бўлган «Голодомор» хотираси таъқиб қилмоқда. Шунингдек, Украинада маккажўхори унчалик кенг истеъмол қилинмайди.
Бундан ташқари, Европа давлатлари етарли даражада ички захираларга эгалиги боис Украина буғдойини кўп миқдорда сотиб олмайди. Буғдойни Европа Иттифоқидан ташқарига экспорт қилиш ҳам қийин, чунки Полша ва Руминия портлари катта ҳажмдаги донни қабул қилиш ва сотиш учун мослаштирилмаган.
Вақт тугаяпти. Омборлар тўла, буғдой, арпа ва колзанинг ёзги ҳосили йиғиб олинишига бир неча ҳафта қолган.
Запорожье областида баҳорги экин вақтида зирҳли нимча кийган фермер. Фото: Getty Images
Надежда Стецюк фермер хўжалиги ўтган йилги ҳосилнинг қарийб 40 фоизини омборхонасида сақлаяпти, янги мавсумдаги ҳосилни жойлаштириш учун эса жой кам.
«Бу дон исроф бўлишини истамаймиз. Ғалламиз Ғарб, Африка ва Осиё мамлакатлари учун қанчалик муҳимлигини биламиз. Бу бизнинг меҳнатимиз самараси ва одамлар уларга муҳтож», - дейди у.
Стецюкнинг сўзларига кўра, агар омборлардаги донни сота олишмаса, келаётган кузда экин экишга маблағлари етмайди. Фермерлар халқаро ҳамжамият томонидан молиялаштирилишларига умид қилмоқда. Агар бу амалга ошмаса, келгуси йилда вазият янада ёмонлашиши мумкин.
Марказий Европа, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон ва Шимолий Африкада об-ҳаво қуруқ келгани олинадиган ҳосил миқдорига салбий таъсир ўтказиши кутилмоқда.
Надежда Стецюкнинг таъкидлашича, урушнинг бир неча ойи фермерларни камида 20 йилга орқага қайтишга мажбур қилган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди