07:30 / 10.06.2022
2 200

Энг тез қариб бораётган давлат – Японияда нега бунча кам чақалоқ туғиляпти?

Энг тез қариб бораётган давлат – Японияда нега бунча кам чақалоқ туғиляпти?
Фото: AP
Японияда ўтган йили туғилиш кўрсаткичи рекорд даражада паст бўлди. Кунчиқар юрт дунёнинг энг тез қариб бораётган мамлакати ҳисобланади. Иқтисодий жиҳатдан барқарор Япониядек давлатда одамларнинг фарзандли бўлишни хоҳламаслигига сабаб нима?

Японияда 2021 йилда туғилишлар сони рекорд даражада кам бўлди. Натижада аҳоли сонининг табиий қисқариши бўйича ҳам антирекорд қайд этилди.

Ўтган йили мамлакатда 812 мингга яқин чақалоқ туғилди. Бу кўрсаткич 1899 йилдан бери энг кам туғилиш бўлди. Бир йиллик ўлим сони эса қарийб 1 млн 440 мингни ташкил қилди. Бу эса мамлакат аҳолиси ўсиш ўрнига камайганини англатади.

Меҳнат бозоридаги танқислик

Япония дунёнинг энг тез қариётган мамлакати ҳисобланади. Аҳолисининг 30 фоизини 65 ёшдан ошганлар ташкил қилади.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони камайиши коронавирус пандемияси сабаб янада тезлашган. Бу эса меҳнат бозори қисқаришига олиб келиши билан ҳам хавотирли.

Фото: Reuters
Карьера устун келяпти

Японияда эркаклар асосий диққат-эътиборини касбий муваффақиятларга қаратишмоқда. Оқибатда эса оила қуриш иккинчи даражали бўлиб қоляпти. Шунинг учун никоҳлар сони ҳам камайиб боряпти.

Ўтган йили кетма-кет иккинчи марта никоҳлар сони камайиб, 501,1 мингга тушиб қолган. Никоҳлар сони қисқариши пандемия йилларига тўғри келмоқда. “Агар ёшлар оила қуришмаса ёки буни хоҳлашмаса, туғилиш сони камайиб бораверади”, дейди Япон тадқиқот институти таҳлилчиси Такуми Фужинами.

Қолаверса, охирги ярим асрда Японияда олий маълумотли аёллар сони ҳам ошган. Чўнтакбоп нархда бола парвариши билан шуғулланадиган хизматчиларни топиш қийин. Япон жамиятида ҳам аёллар эркакларга қараганда уй ишларига кўпроқ масъул экани ҳақидаги қарашлар сақланган, шундай шароитда кўплаб аёллар карьерага кўпроқ эътибор қаратиш учун оналикдан воз кечяпти.

Фото: AP
Япония туғилиш камайиб бораётган ягона шарқ давлати эмас. Жанубий Корея, Хитой, Тайван, Сингапурда ҳам туғилиш кўрсаткичлари юқори эмас. Бу ердаги чақалоқлар туғилиши камлигига ҳам оила қуриш истаги юқори эмаслиги, мактаб таълими қимматлиги кабилар сабаб.

“Болани юқори синфда ўқитиш жуда қиммат”

Японияда узоқ йиллардан бери ўқитувчи сифатида ишлаб келаётган ватандошимиз Соҳибжон Абдуллаевнинг ҳам мавзу бўйича фикрларига қизиқдик.

“Кузатишларимга кўра, Японияда туғилиш камайиб бораётганининг асосий 2 та сабаби бор:

· Японлар турмуш қуришни хоҳлашмайди ёки жуда кеч турмуш қуришади. Оила қургач ҳам жуда кеч фарзандли бўлишади;
· Болалар учун сарфланадиган харажатлар қимматлиги.

Давлат бошланғич мактабларида харажат катта бўлмайди, бироқ болалар юқори синфга ўтгач улар учун ҳам худди университет учун тўланадигандай пул тўлашади. Юқори даражадаги давлат мактаблари ҳам бор, уларга тўлов қилинмайди, лекин кириш қийин”, дейди Соҳибжон Абдуллаев.

5 нафар фарзанди билан Японияда яшаётган Соҳибжон Абдуллаевдан кўп болали оилаларни рағбатлантириш учун ҳукумат қандай имтиёзлар бериши ҳақида сўрадик.

Чет эллик, хоҳ япон оиласи бўлсин, оиланинг даромади оила аъзолари сонига қараб тақсимланади ва шунга қараб имтиёз берилади. Масалан, давлат уйларида яшайдиганлар учун оила аъзолари сони ва даромадига қараб ижара ҳақи чиқарилади. Бундан ташқари, боғча ва мактаб тўловларида ҳам кўп фарзандли оилаларнинг болалари учун имтиёзлар бор.

Бундан ташқари, Японияда 18 ёшгача ота-онасининг даромади, фарзандлари сонидан қатъи назар бола пули берилади. Бола пули 3 ёшгача болалар учун 150, ундан катталарга 100 доллар атрофида бўлади
”, дея маълумот берди ватандошимиз.

Ечим миграциями?

АҚШдаги Tesla компанияси асосчиси Илон Маск яқинда Twitter'да Япониядаги демографик трендлар ўзгармаса, мамлакат “бора-бора йўқ бўлиб кетиши”ни ёзди. Бу эса ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди.

Шарҳловчилар Япония йўқ бўлиб кетмаслигини, бироқ мамлакат келажаги кўпроқ чет элдан келувчи мигрантларга боғлиқ бўлиб қолиши мумкинлигини ёзишган.

Япониянинг миграция сиёсати қаттиқ. Мамлакат камдан кам ҳолларда қочқин мақомини беради. Миграция мавзуси ўнлаб йиллар давомида сиёсий табу бўлиб келган. Чет элликлар оқими этник бир хиллик ва маданиятни сусайтиради, деган фикрлар бор.

Лекин миграция сиёсатини юмшатувчи қарорлар қабул қилиш ҳам бошланган. 2019 йилда хитойлик ишчи алоҳида малакага эга бўлгани учун виза олган биринчи хорижлик сифатида қайд этилган ҳамда унинг рафиқаси ва ўғлига ҳам Японияда яшашга рухсат берилган. Ҳозир ҳукумат қурилиш ва кемасозликдан ташқари кадрлар етишмаётган бошқа соҳалар учун ҳам қоидаларни юмшатишни режалаштирмоқда. Натижада кўпроқ сонли хорижликлар резидентлик ҳуқуқини ола олади.

Япониянинг узоқ муддатли прогнозлари кўрсатилган “юқори ўсиш” сценарийсига кўра, ўртача йиллик иқтисодий ўсишни 1,24 фоиз ушлаб туриш учун 2040 йилга бориб хорижлик ишчилар сонини 6,74 млнга кўпайтириши керак. Бу айни пайтда Японияда мавжуд 1,72 млн чет эллик ишчидан 300 фоизга кўпроқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Энг тез қариб бораётган давлат – Японияда нега бунча кам чақалоқ туғиляпти?