date

Заргарларга берилган имтиёзлар муддати 2029-йилгача узайтирилди

Заргарларга берилган имтиёзлар муддати 2029-йилгача узайтирилди

Ўзбекистонда заргарлик соҳаси ривожига қаратилган давлат қўллови яна бир неча йилга узайтирилди. Президентнинг янги қарорига кўра, заргарлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қимматбаҳо металларни сотиб олишдаги чегирмалар ва имтиёзлар муддати 2029 йил 1 февралгача амал қилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги расман маълум қилди.

Қарор билан 2022 йил 23 декабрда қабул қилинган ПҚ–452-сон ҳужжатнинг 2-бандига ўзгартиш киритилди. Энди заргарлар биржа савдолари ёки тўғридан-тўғри шартномалар орқали олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни арзонлаштирилган нархларда сотиб олиш имкониятига яна тўрт йил давомида эга бўлади.

Шунингдек, 2026 йил 1 февралдан бошлаб имтиёзлардан фойдаланадиган заргарларнинг ягона рўйхатини шакллантириш бўйича янги мезонлар жорий этилади. Унга кўра, янги иш ўринлари яратган ва ишчилар билан расмий меҳнат шартномаси тузган, уларга энг кам иш ҳақининг тўрт бараваридан кам бўлмаган маош тўлаган тадбиркорлар рўйхатга киритилади. Бу маълумотлар солиқ органлари томонидан тасдиқланиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, заргарлик марказларида камида бир ой мобайнида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъекти сифатида расман қайд этилган бўлиш ҳам янги мезон сифатида белгиланди.

Қарорга кўра, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари ишлаб чиқарган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар биржа савдолари ёки тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилади. Бу жараёнда заргарлик соҳасида янги иш ўринлари яратган тадбиркорларга Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг эрталабки фиксинг нархидан 4 фоизгача чегирма берилади.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур чоралар мамлакатда заргарлик соҳасини янада ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиришга қаратилган. Шу билан бирга, бу қарор орқали янги иш ўринлари яратиш, расмий меҳнат муносабатларини кучайтириш ҳамда ишчи заргарларнинг даромад даражасини ошириш кутилмоқда.

Заргарлик саноати мутахассислари фикрича, узайтирилган имтиёзлар соҳадаги барқарорликни таъминлаб, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини янада оширади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Заргарларга берилган имтиёзлар муддати 2029-йилгача узайтирилди