date

Путин ва Суриянинг муваққат раҳбари Москвада муҳим музокара ўтказди

Путин ва Суриянинг муваққат раҳбари Москвада муҳим музокара ўтказди

Суриядаги сиёсий ўзгаришлар фонида мамлакатнинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа илк бор расман Москвага ташриф буюрди. Кремлда уни Россия президенти Владимир Путин шахсан кутиб олди, деб хабар берди ТАСС.

Учрашув икки давлат ўртасидаги тарихий ҳамкорликка бағишланди. Путин сўзларига кўра, Россия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар кўп йиллик ишонч ва халқлар ўртасидаги чуқур ришталарга асосланган.

— Мамлакатларимиз ўртасида алоҳида, дўстона муносабатлар шаклланган. Россия ҳар доим Сурия билан муносабатларда фақат сизнинг халқиңиз манфаатларидан келиб чиққан, — деди Путин.

Кремль раҳбари таъкидлаганидек, икки халқни нафақат сиёсий, балки инсонпарварлик ришталари боғлаб туради. — Юзлаб, балки минглаб одамлар орасида никоҳ ва дўстлик алоқалари мавжуд. Бу муносабатлар тарихий илдизларга эга, — деди у.

Путин Суриядаги сўнгги парламент сайловларини ҳам муҳокама қилиб, бу жараён мамлакатдаги сиёсий кучларни яқинлаштиришга хизмат қилишини қайд этди:
— Сайлов натижалари жамиятни бирлаштириш ва сиёсий барқарорлик сари муҳим қадам, — деди Россия раҳбари.

Аҳмад аш-Шаръа эса Россияни “янги Сурияни тиклашда асосий ҳамкор” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Москва Сурияни қайта қуриш ва тинчликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Reuters маълумотига кўра, Сурия президенти Москвадаги музокараларда Россияда паноҳ топган собиқ президент Башар Асаднинг тақдири ҳақида ҳам сўз очган. Манбалар таъкидлашича, Шаръа Асадни сурияликларга қарши жиноятлар учун судга топшириш масаласини кўтарган. Шу билан бирга, у Тартусдаги Россия ҳарбий-денгиз базаси ва Хмеймим авиабазаси фаолиятини давом эттириш бўйича ҳам музокаралар ўтказмоқда.

Учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова таъкидлаганидек, музокараларда Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки ва ҳарбий объектларнинг келгуси мақоми юзасидан фикр алмашилган.

Маълумот учун, узоқ йиллар Сурияни бошқарган Башар Асад режими 2024 йил 8 декабр куни қуролланган мухолифатнинг Дамашққа кириши билан қулаган эди. Асад ва унинг оиласи Россияга қочган, Москва эса унга “инсонпарварлик асосида” бошпана берганини эълон қилган.

Аҳмад аш-Шаръа ва Владимир Путиннинг бу учрашуви Россия–Сурия муносабатларининг янги босқичини бошлаб бериши кутилмоқда. Экспертлар фикрича, Москва Суриянинг янги сиёсий тузилишида ҳам ҳал қилувчи ўринни сақлаб қолишни мақсад қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин ва Суриянинг муваққат раҳбари Москвада муҳим музокара ўтказди