Жаҳон чемпионати-2026 учун билетлар нархи кескин ўсди. The Telegraph’нинг ёзишича, очилиш баҳсига чипталар 370 доллардан бошланиб, энг юксак тоифалари 1 800 долларгача етади. Қиёс учун, Қатар–2022да бу кўрсаткичлар мутаносиб равишда 55 ва 618 доллар эди.
Энг кўп кутилган баҳс — Нью-Йоркдаги финал. Бу ўйинга чипталар 2 000 доллардан бошланади, ўртача нарх эса тахминан 3 900 долларни ташкил қилади. Бу — уч йил аввалги мундиал финали билетига нисбатан қарийб 10 баробар қиммат.
Гуруҳ босқичида ҳам арзон вариантлар қолмаган: энг паст тарифлар 100 доллардан юқори. Мутасаддиларнинг айтишича, юқори талаб, инфляция ва қабул қилувчи мамлакатлардаги ташкилий харажатлар нархларга сезиларли таъсир қилган.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Мексика ва Канадада ўтказилиб, мусобақадаги ўйинлар қитъалар бўйлаб бир нечта мегаполисларда ташкил этилади. Мухлислар учун эса асосий савол битта: қайси баҳоларда стадион атмосферасини ҳис қилиш имконини топиш?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!