
Бундеслига ҳар доим иқтидорли футболчиларни етиштириши билан машҳур. Бу гал эътибор марказида — Франкфуртнинг “Айнтрахт” клуби сафида ҳаракат қилаётган 22 ёшли ҳимоячи Натаниэль Браун. Унинг номини ҳозир Европанинг бир нечта йирик клублари кузатиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, “Айнтрахт” 2024 йил бошида Браунни “Нюрнберг”дан бор-йўғи 3 миллион еврога сотиб олганди. Аммо ўтган вақт давомида ёш ҳимоячи Бундеслигадаги кучли ўйинлари билан ўз қийматини 10 баробарга оширишга муваффақ бўлди — бугунги кунда у 30 миллион еврога баҳоланмоқда.
Bild нашрининг ёзишича, “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ёш ҳимоячини ўз жамоасида кўришни хоҳламоқда. Айни пайтда “шаҳарликлар”нинг чап қанот ҳимоячиси Райан Айт-Нури жароҳат олган ва бу позицияда ишончли ўйинчига эҳтиёж сезилмоқда.
Брауннинг асосий устунлиги — унинг универсаллиги. У чап қанотда ҳам ҳимоя, ҳам ҳужум фаолиятини муваффақиятли бажара олади. Шунинг учун ҳам у Гвардиола тизимига мос келади, деб ҳисобланмоқда.
Бироқ “Сити” ёлғиз рақобатчи эмас. Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби ҳам Браунни кузатмоқда, шунингдек, “Арсенал” ҳам ёш немисни ўз сафида кўришни хоҳлаётгани хабар қилинган.
Мутахассислар фикрича, Брауннинг трансфери келаси ёздаги энг қизиқарли битимлардан бирига айланиши мумкин. Агар у мавсумни шундай даражада ўтказишда давом этса, “Айнтрахт” у орқали катта молиявий фойда кўради.
Франкфурт клуби учун бу нафақат иқтисодий ютуқ, балки Германияда ёш иқтидорларни ривожлантириш сиёсати самарасининг яққол исботидир.
Шундай қилиб, Натаниэль Браун номи яқин вақтда Европа трансфер бозорининг марказида бўлиши кутиляпти — унинг келажаги ҳақида қарорлар эса тез орада қабул қилиниши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.