“Реал Мадрид”нинг етакчиси Килиан Мбаппе жамоаси манфаати учун майдонда ҳам, трансфер бозорида ҳам фаол иш олиб боряпти. Европанинг етакчи нашрлари — Transfer News Live ва Defensa Central маълумотларига кўра, франциялик суперҳужумчи миллий жамоадаги яқин дўсти Иброҳим Конатени Мадридга кўчиб ўтишга кўндиришга киришган.
Маълумотларга қараганда, “Ливерпуль” марказий ҳимоячиси билан тузилган шартнома 2025 йил 30 июнда якунланади. Конате ҳозирча янги битим шартларини қабул қилмаган ва бу ҳолат унинг келажаги борасида турли миш-мишларга сабаб бўлди.
Мбаппе эса “Реал” раҳбариятига дўстини клубга таклиф этиш ғоясини билдирган. Унга кўра, Конате жамоага мос футболчи бўлиб, “Ливерпуль” билан шартнома тугагач, эркин агент сифатида Мадридга келиш имконияти юқори.
Бу билан Мбаппе нафақат жамоа ҳужумида етакчи, балки трансфер стратегиясида ҳам муҳим шахсга айланмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, агар “Реал” расмий таклиф йўлласа, Килиан шахсан ўзи музокараларни тезлаштиришга ёрдам беради.
Бугунги кунда Конате билан нафақат “Реал”, балки “Бавария”, “Ювентус” ва “ПСЖ” каби бир неча гранд клублар ҳам қизиқиш билдирмоқда. Аммо “Қироллик клуби”нинг асосий устунлиги — Мбаппедек таъсирли омили борлигида.
Шундай қилиб, Мадридда ёзги трансфер ойнасигача яна бир қизиқ интрига пайдо бўлди — Мбаппе ўз дўстини оқ жамоа сафида кўриш учун шахсан ҳаракат бошлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!