Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг таълим соҳасидаги халқаро ташаббуслари янги босқичга чиқмоқда. 15-октябрь куни у Буюк Британия Бош вазири ўринбосари ва Адлия вазири Девид Лемми билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги таълим, маданият ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда асосий эътибор ёшлар учун замонавий билим олиш имкониятларини кенгайтириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилди. Томонлар таълим тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, икки мамлакат ўқув муассасалари ўртасида қўшма дастурлар жорий этиш ҳамда илмий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишиб олди.
Хусусан, суҳбатда Ўзбекистон мактабларида Кембридж таълим дастурининг айрим йўналишларини жорий этиш, инглиз тилида дарс берадиган малакали ўқитувчиларни жалб қилиш ва Оксфорд университетида ўзбек тилини ўрганиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бу ташаббус нафақат икки мамлакат таълим тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради, балки ўзбек тилининг халқаро нуфузини ҳам сезиларли даражада оширади. Тилни ўрганиш бўйича Оксфорд университетида йўлга қўйиладиган дастур келгусида Британия ва Европа илмий марказларида Ўзбекистон маданиятига бўлган қизиқишни кучайтириши кутилмоқда.
Учрашув давомида, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни чуқурлаштириш, ёшлар учун стипендия дастурларини кенгайтириш ва икки томонлама академик алмашинув лойиҳаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, бу ташаббуслар нафақат таълим соҳасида янги имкониятлар яратади, балки Ўзбекистон ва Буюк Британия халқлари ўртасидаги дўстлик ва ишонч ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Мутахассислар фикрича, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон таълим тизимига халқаро тажрибани олиб кириш, замонавий усулларни жорий этиш ва ёш авлоднинг илмий салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!