date

Трампнинг босими самара бердими? BRICS аъзолари тарқала бошлади...

Трампнинг босими самара бердими? BRICS аъзолари тарқала бошлади...

Дунё сиёсий саҳнасида яна шов-шувли баёнот. АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, BRICS ташкилотига аъзо давлатлар Вашингтоннинг иқтисодий таҳдидларидан сўнг бирлашмадан чиқишни бошлаган. Бу ҳақда у Оқ уйда Аргентина президенти Хавиер Милей билан бўлган учрашувда маълум қилди.

Трампнинг айтишича, у BRICS’га қўшилишни режалаштираётган давлатларга аниқ огоҳлантириш берган:

— Мен уларга шундай дедим: «Хоҳласангиз, BRICS’га қўшилинг, лекин шунда сизларга бож жорий қиламиз». Шундан кейин ҳамма чиқиб кета бошлади. Улар BRICS долларга қарши ташкилот эканини биларди. Мен айтдим: «Агар бу ўйинни ўйнамокчи бўлсангиз, мен барча маҳсулотларингизга бож қўяман». Улар эса жавоб қилди: «Йўқ, биз BRICS’дан чиқамиз». Энди улар бу ҳақда гап ҳам очмаяпти, — деди Трамп.

Президентнинг бу баёноти АҚШ ташқи савдо сиёсатидаги навбатдаги босим усули сифатида баҳоланмоқда. Унинг фикрича, BRICS дунё иқтисодиётида доллар мавқеини заифлаштиришга интилаётган платформага айланган.

Эслатиб ўтамиз, BRICS дастлаб Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан иборат бўлган. Кейинчалик Миср, БАА, Эфиопия ва Эрон ҳам қўшилди. 2025 йилдан бошлаб эса Индонезия аъзо бўлиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Беларус, Боливия, Куба, Қозоғистон, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Уганда, Ўзбекистон ва Ветнам BRICS билан шериклик мақомида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Трамп июль ойида BRICS’ни “Америкага қарши сиёсий блок” деб атаган ва бу ташкилотни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай давлатга нисбатан 10 фоизлик қўшимча бож жорий этилишини билдирган эди.

Шу пайтгача BRICS ёки унинг аъзолари бирлашмани тарк этаётгани ҳақида расман баёнот бермаган. Бироқ сиёсий таҳлилчилар Трампнинг босими жаҳон иқтисодиётида янги геосиёсий қутблар ўртасидаги курашни янада кучайтиради, деган фикрда.

Шундай қилиб, Трампнинг баёноти BRICS атрофидаги сиёсий ҳолатни яна бир бор қиздирди — унинг таҳдиди ҳақиқатга айланадими, йўқми, яқин ойларда аниқ бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг босими самара бердими? BRICS аъзолари тарқала бошлади...