Яна кимлар кўзга ташланиб турганди?
Троцкийга кўпчилик бегонага қарагандек қарар эди. Унинг ашаддийлиги, ҳокимиятни эгаллашдаги ташкилотчилиги, фуқаролар уруши пайтидаги музаффарлиги тан олинса-да, калондимоғлиги ва ҳукм юргизишга ўчлиги мақбул эмасди.
Зиновьев гарчи Ленинга бир неча бор мухолифатда турган бўлса-да, Ленин билан сургунда ва инқилоблар пайтидаги дўстона муносабатлари туфайли, нотиқлиги ва ташвиқотчилиги учун қадрланарди. Уни кўпчилик мақтанчоқлиги учун ёқтирмасди. Ленин уни хавф ўтгандан кейин жасур бўлади, деб мазахлаганди.
Яҳудий оиласида 1883 йилда туғилган Каменев Сталин билан Сибирда сургунда бўлган, 1917 йилда бирга Петроградга қайтганди. Ленин уни муросасозликда айблар эди. Зиновьев билан дўст эди. Унинг билимдонлиги урушқоқлардан иборат бўлган болшавой кўпчиликка ёқмасди.
Болшавойлар раҳнамолари ичида ишчилардан чиққан бирдан-бир одам Михаил Томский эди. Келиб чиқиши жиҳатидан ўрис бўлган бирдан-бир одам ҳам у эди. Ахир, партиянинг Лениндан кейинги учта асосий лавозими яҳудийлар – Троцкий, Зиновьев, Каменевнинг қўлида эди. Тўртинчи лавозимда гуржи – Сталин ҳукмдор эди. Ленин атрофида яҳудийларнинг тўплангани учун Гитлер Московни «сионистларнинг дунёвий фитнаси» ўчоғи ҳисобларди. Болшавойларнинг отаси Маркс ҳам яҳудий эканини ҳисобга олган ҳолда, Гитлер марксизмни яҳудийларнинг бошқа миллатлар устидан ҳукмронлик қилиш ва уларни йўқотиш учун ўйлаб топган мафкураси ҳисобларди.
Риков иқтисодий раҳбарликни олган эди.
Партия тепасида турган тўда ичида Ленин ва Троцкийдан сўнг Николай Бухариннинг заковати тан олинарди. Болшавой «даҳолар» ичидаги иккинчи ўрис бўлган Бухарин ўқитувчи оиласида ўсган, илмли шахс эди. Ленин уни партиянинг «севимлиси» деб атаса-да, «мумдай мулойимлиги» учун қабул қилолмасди, чунки Лениннинг партияси керак бўлса, отасини ҳам сўйиб ташлайдиган жангари, каллакесарлардан иборат бўлиши керак эди.
Сталиннинг ёнида туриб етилмаган «инқилоб»ни инқиллаб амалга оширган ва Совет Иттифоқининг тепасида турган, Лениннинг ўлимидан сўнг Сталиннинг Лениннинг ўрнини олиш учун курашида унинг асосий рақиблари саналган кишилар шулар эди ва Сталин бу ҳокимият сари йўлидаги ўз душманларини қандайдир ўн йил ичида битта қўймай «халқ душмани»га айлантирди ва оттириб ташлади.
Оқ гвардия сафида ҳам келишмовчиликлар борлиги ва болшавойларга қарши мухолифатнинг аниқ режаси ишлаб чиқилмаганлиги, хорижий империалистик давлатлар келишиб ҳаракат қилолмагани туфайли болшавойлар аста-секин шафқатсиз армияларини шакллантирдилар. Умумий мобилизация эълон қилинди. 1918 йилда Қизил Армияда 800000 киши бўлган бўлса, 1920 йилга келиб 2,5 миллион қиши унинг сафида эди. Ленин Полшани босиб ололмади ва Оврўпода инқилоб қилиш умидини жиловлади. Аммо Қизил Армия оқ гвардиячиларни парчалади ва Россиянинг асосий ҳудудида шўролар ҳокимиятини ўрнатди. Собиқ ҳудудлардан Бессарабия, Полшанинг бир қисми, Болтиқбўйи ва Финландия қолди. Сталин Иккинчи жаҳон уруши натижасида бу ҳудудларни ҳам жабр-зулмга тўла «социалистик лагер»га қайтарди.
Сталин ҳокимият ўйинларида тажриба орттираётган 1918-1921 йилларда Гитлер миллиятчи ҳаракатини ташкил этиш ва уни тан олишлари учун ҳаракат қилаётган эди. Сталиннинг ўз олдига қўйган вазифаси бунинг акси эди – партия барпо этилган, ҳукумат тузилган, ҳокимият аллақачон олинганди ва буларнинг тепасида Ленин турганди. Сталиннинг қалбида Лениндан ҳокимиятни олиш, ҳеч бўлмаса, унинг вориси бўлиш истаги қанчалик эрта пайдо бўлгани номаълум, аммо ўша пайтда ҳали ҳеч ким Сталинни Лениннинг ўрнига келади, деб ўйлаган эмасди. Гитлер партияси билан ҳокимиятни олиши учун ҳаракат қилса, Сталин аллақачон тузилган партиянинг ва олинган ҳокимиятнинг тепасига келиши керак эди.
Шунинг учун Гитлер очиқ ва жангари ҳаракат қилади, Сталин эса зимдан ва маккорона иш олиб боради. Гитлер Ленин каби кўп, тўлиб-тошиб гапиради, Сталин эса яширин ишлайди, деярли гапирмайди. 1920 йилда Ленин 50 ёшга тўлганда, Сталин 41 ёшда эди. Аммо орадан икки йил ўтар-ўтмас Ленин кетма-кет юрак хуружига дучор бўлади, ким уюштиргани номаълум бўлган суиқасдлар юз беради ва 1924 йил январида 54 ёшида оламдан ўтади.
Сталин 1920 йилдан, балким ундан-да олдинроқ Ленининг вориси бўлиш ишқида ёнган бўлса ажаб эмас.
Халқ Комиссарлари Советида Сталин миллатлар ишлари бўйича комиссарликни бошқарарди. Умуман, Ленинга Сталиннинг яқинлашувида миллий масаланинг ўрни бор эди. Ленин инқилобдан олдин асосан Оврўпо корчалонларининг пулига газета чоп этиб, мажлислар уюштириб, тўдасини йиғиб, Оврўпода юрган, Сталинни эса Россия халқлари руҳиятининг билимдони деб биларди.
- Биринчидан, Ленин учун Сталин империянинг мустамалака миллати вакили эди (гарчанд кейинчалик у ўз миллий насабидан воз кечган, Ленин томонидан «великорус шовинисти» номини олган бўлса-да);
- иккинчидан, миллий зулмни айнан қарам миллат вакили қўли билан амалга ошириш жилвали эди;
- учинчидан, Сталин 1913 йилдаёқ «Марксизм ва миллий масала» номли мақола чоп этган ва бу мақола Мартов каби меншавойлар томонидангина эмас, Бухарин ва Дзержинский каби болшавойлар томонидан ҳам қаршиликка учраганди, бироқ бу мақола… Ленинга маъқул келганди.
1917 йилги болшавойларнинг тўнтаришидан сўнг икки ҳафта ўтгач, Сталин Финландиянинг миллий мустақиллигини эълон қилади. Бу ҳақдаги декретни Ленин ва Сталин имзолашганди. Сталин ва Лениннинг бу ҳаракатлари «буржуа миллатчилигига ён бериш», «Россияни ва ўрис инқилобини сотиш» сифатида танқид қилинарди. Инқилобдан сўнг нафақат Полша ва Болтиқбўйи мустақил давлат қуриш истагини билдиришди, шунингдек Кавказда, Марказий Осиёда ва ҳатто Украинада миллий озодлик ҳаракати бошланди.
Ленин ва Сталиннинг мухолифлари уларнинг ўйинини тушунмаётгандилар. Ахир, юзага келган вазиятда миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини буткул рад қилиш мумкин эмасди, бу халқларнинг янада кучли оқим билан Лениннинг империясидан қочишларига сабаб бўларди. Сталин бу вазиятда қовушмайдиган нарсани «қовуштирди» – миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини синфий биродарликнигина тан оладиган, миллатларни буткул инкор қиладиган социализмга тақади, «социализмнинг кураш воситаси»га айлантирди.
1918 йил майида Татаристон-Бошқирдистон совет республикасинининг Таъсис съездида фикрини аниқ баён қилди:
«Совет ҳокимияти мухториятга қарши эмас – у бутун ҳокимият ишчи ва деҳқонлар қўлида бўлган, барча миллатлар буржўйлари нафақат ҳокимиятдан, балким ҳукумат идораларига сайловлардан четлаштириладиган мухторият тарафдоридир».
Маълумки, халқаро ҳуқуқда ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи миллат учун ўзига мақбул сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ҳаётни эркин танлаш ва барпо этишни билдиради. Сталиннинг миллий концепциясида эса миллатлар учун улар яшаши керак бўлган тузум аллақачон танлаб қўйилган ва улар Сталин истаган тузумни ўрнатсаларгина «мустақил»дирлар. Бундай макрнинг муаллифи бўлган Сталин Ленинга ёқиб тушарди, албатта. Совет Иттифоқининг Сталиндан кейинги барча Конституцияларида бундай «ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи», «республикаларнинг СССР таркибидан эркин чиқиш ҳуқуқи» қоғозда сақлаб турилди. Айни пайтда миллий республикаларда ҳарбий-полициявий тизим ҳам изчил ишларди. Хусусан, Марказий Осиёда Туркистон ҳарбий округи уйғоқ эди.
Ленин Московда туриб, тўрт томонга тортилган ҳокимият ришталарини тортиш билан, ҳарбий комиссар бўлган Троцкий сиёсий чўққиларни кўзлаш билан овора эди. Сталин эса «тартиб ўрнатиш бўйича мутахассис» сифатида Лениннинг топшириғи билан қалтис вазиятлар ичида жавлон урар, судсиз ва сўроқсиз отишда тажриба орттирарди.
Троцкий Қизил Армиянинг сафига собиқ чор офицерларини қўшиш ғояси билан чиқади, чунки тажрибасиз ишчи-деҳқонлардан жўяли армия тузиш маҳол эди. Аммо Сталин бунга қаршилик қилади. Ленин ҳам қалтис вазиятда бошқа илож тополмай, Троцкийнинг фикрини қабул қилади. Сталин сиёсий мунозараларни ёқтирмасди, у Волга томонларга «эгасизлик ва чайқовчиликка қарши курашиш», марказ учун озиқ-овқат ундириш ва эсерлар исёнини бостириш учун йўл олади.
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?