БМТ ҳомийлигидаги халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги экспертларига кўра, Ғазо секторида очарчилик бўйича энг ёмон сенарий айни пайтда рўй бермоқда. IPC (Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичини аниқловчи тизим) ҳисоботида айтилишича, Ғазо шаҳрида озиқ-овқат танқислиги ва ўткир носоғлом овқатланиш даражаси очарчилик мезонларига етган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бу ҳолатни “кўз ўнғимизда кечаётган гуманитар фалокат” деб атади. Унинг таъкидлашича, ёрдам “томчилаб” эмас, балки “тўлқин-тўлқин” кириб келиши зарур.
Март ойида Исроил томонидан ёрдам ва савдо юкларига тўлиқ блокада эълон қилинганди. Ҳарбий босқинчилик давом этмоқда. Бироқ босимлар натижасида блокада қисман юмшатилди, аммо озиқ-овқат ва дори воситалари етишмовчилиги кучайган. Исроил ёрдам етказилишига тўсиқ йўқлигини билдирса-да, БМТ аксини таъкидламоқда. Ғазо аҳолисининг айтишича, ёрдам жойларга етиб бормаяпти, айрим аҳоли очликдан нобуд бўлмоқда.
Июл ойининг ўзида 60 дан ортиқ боланинг очликдан ўлгани қайд этилган. IPC маълумотига кўра, апрел–июл ойларида 20 мингдан ортиқ бола ўткир носоғлом овқатланиш билан шифохоналарга ётқизилган.
Ёрдам конвойларига ҳужумлар, гуманитар юкларни талон-торож қилиш ва бозорларда уни қиммат нархда қайта сотиш ҳолатлари ҳам ортомоқда. Исроил ҳукумати эса айбни Ҳамас зиммасига юкламоқда, бироқ ҳозирча ушбу даъволарни тасдиқловчи далиллар топилмади.
БМТ ташкилотлари очарчилик расман эълон қилинмасдан туриб ҳам, зудлик билан кенг кўламли озиқ-овқат ёрдами кўрсатишни талаб қилмоқда. Уларнинг айтишича, бу ҳолатда фақат ўт очишни тўхтатишгина ёрдам етказишни имконини беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!